17:30 (25.09.2025)
534
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аутизм билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан расмий баёнот эълон қилди. Ташкилот маълум қилишича, ҳозирги пайтда ҳомиладорлик даврида парацетамол (ацетаминофен) қабул қилиниши ва аутизм ривожланиши ўртасида боғлиқлик мавжудлигини тасдиқлайдиган ишончли илмий далиллар мавжуд эмас.
Аутизм спектри бузилишлари — бу бош мия ривожланишидаги турли хил неврологик бузилишларни ўз ичига олган ҳолат бўлиб, дунё бўйлаб тахминан 62 миллион нафар инсон ушбу ҳолат билан яшамоқда. Ҳар 127 кишидан 1 нафарига аутизм спектридаги ташхис қўйилган.
ЖССТ маълумотига кўра, аутизмнинг аниқ сабаблари ҳали ҳам тўлиқ аниқланмаган. Ҳомиладорлик давридаги дори воситаларини қабул қилиш билан боғлиқ масалалар сўнгги ўн йилда кўплаб илмий тадқиқотлар мавзусига айланган. Шу билан бирга, ҳозирча парацетамол билан аутизм ўртасида боғлиқликни тасдиқловчи аниқ илмий асослар йўқ.
ЖССТ барча аёлларга ҳомиладорлик пайтида дори воситаларини фақат шифокор тавсияси асосида, эҳтиёткорлик билан қабул қилишни тавсия этади. Айниқса, ҳомиладорликнинг биринчи уч ойида шифокор назорати муҳим ҳисобланади.
Вакциналар ва аутизм ўртасида ҳам боғлиқлик йўқ
Ташкилот, шунингдек, болаларни вакцинация қилиш ва аутизм ривожланиши ўртасидаги боғлиқлик ҳақида тарқалган нотўғри маълумотларни рад этди. 1999 йилдан буён ЖССТ билан ҳамкорлик қилувчи мустақил мутахассислар бир неча марта вакциналар, жумладан, тиомерсал ёки алюминий сақловчи препаратлар аутизм ёки ривожланишдаги бошқа нуқсонларга олиб келмаслигини исботловчи далиллар билан тасдиқлаган.
Болаларни эмлаш бўйича тақвимлар ЖССТ методик раҳбарлигида, халқаро экспертлар ва мамлакатлар иштирокида, илмий далилларга асосланган ҳолда ишлаб чиқилади. Бу тақвимлар сўнгги 50 йил мобайнида 154 миллиондан ортиқ инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берган.
Эмлашнинг белгиланган муддатларини кечиктириш ёки бузиш, далилларга таянмасдан ўзгартириш инфекцион касалликларнинг фақат болалар эмас, балки бутун жамият орасида тарқалиш хавфини кескин оширади. Айниқса, эмлаш ёшига етмаган чақалоқлар ва иммунитети паст шахслар бу ҳолатда катта хавф остида қолади.
Аутизм ва асаб тизимининг ривожланишидаги бузилишлар 2025 йил 25 сентябр куни БМТнинг руҳий саломатлик ва юқумли бўлмаган касалликлар бўйича тўртинчи юқори даражали йиғилишида муҳокама қилинди. ЖССТ аутизм муаммосини чуқурроқ ўрганиш, аутизм билан яшовчи шахслар ва уларнинг оилалари эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.