15:05 (30.07.2024)
972
Парранда гриппига қарши вакцина ишлаб чиқарувчи Sinergium Biotech ўз маълумотларини паст ва ўрта даромадли мамлакатлар ишлаб чиқарувчиларига тақдим этади. Бу эса пандемия юзага келган тақдирда вакцина пайдо бўлишини тезлаштиришга имкон беради, деб хабар берди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ).
H5N1 вирусига қарши мРНК-вакцина ишлаб чиқишни бошлаган Аргентина хусусий биофармацевтика компанияси ўз тадқиқотлари натижаларини ҳамкор ишлаб чиқарувчилар тармоғи билан бўлишишга тайёрлигини маълум қилди. Тармоқ ЖССТ ташаббуси билан COVID-19 пандемияси даврида камбағал мамлакатларни ҳаётий муҳим дори-дармонлар ва тиббий буюмлар билан таъминлаш учун ташкил этилган.
Ҳозиргача ҳамкорлар фақат ЖССТдан ёрдам олишган. Бу вакцина ишлаб чиқарувчиси ўз ишланмаларини бошқа компаниялар билан ихтиёрий равишда баҳам кўришга тайёр бўлган биринчи ҳолатдир.
ЖССТнинг мРНК технологиясини узатиш дастури 15 та мамлакат ишлаб чиқарувчиларини бирлаштиради. Улар орасида Жанубий Африкадан Biovac ва Сенегалдан Institut Pasteur бор.