09:00 (12.06.2026)
41
Бўғим оғриқларидан азият чекаётган миллионлаб инсонлар ибупрофенни узоқ муддат қўллаш учун хавфсиз восита деб ҳисоблаб, уни мунтазам қабул қилади. Бироқ ушбу дори воситасини тез-тез ва назоратсиз истеъмол қилиш жиддий асоратларга, жумладан ошқозондан қон кетиши, буйраклар шикастланиши ҳамда юрак-қон томир тизими билан боғлиқ муаммолар хавфининг ортишига олиб келиши мумкин.
Бу ҳақда таянч-ҳаракат тизими касалликлари бўйича мутахассис Энтони Пол Смит маълум қилди.Мутахассиснинг таъкидлашича, ибупрофен касаллик аломатларини қисқа муддатга енгиллаштириши ва ҳаракатчанликни яхшилаши мумкин. Бироқ препарат тоғай тўқимасининг емирилиши, суяклардаги ўзгаришлар ва бўғимлардаги сурункали яллиғланиш жараёнларини тўхтатмайди.
Препаратни узоқ муддат қабул қилиш билан боғлиқ энг катта хавфлардан бири унинг ошқозон-ичак тизимига салбий таъсиридир. Ибупрофен ошқозон шиллиқ қаватини шикастлаб, яралар пайдо бўлиши ва ички қон кетиши хавфини ошириши мумкин. Айниқса, дорини юқори дозаларда — суткасига 2400 миллиграмм ва ундан ортиқ миқдорда мунтазам қабул қилиш хавфли ҳисобланади.
Яна бир жиддий хавф буйраклар билан боғлиқ. Ностероид яллиғланишга қарши препаратлар буйракларда меъёрий қон айланишини таъминлашга ёрдам берувчи моддалар ишлаб чиқарилишини камайтиради. Натижада буйрак фаолияти ёмонлашиши мумкин. Бу хавф айниқса буйракнинг сурункали касалликлари, юрак-қон томир хасталиклари мавжуд бўлган ёки организми сувсизланган инсонларда юқори бўлади.
Бундан ташқари, ибупрофенни узоқ муддат қўллаш қон босимининг кўтарилиши, организмда суюқлик ушланиб қолиши (шишлар) ва айрим юрак-қон томир асоратлари хавфининг ортиши билан ҳам боғлиқ.
Кекса ёшдаги инсонларда хавф янада юқори бўлиши мумкин. Чунки улар кўпинча бир вақтнинг ўзида бир нечта дори воситаларини қабул қилади. Ибупрофен эса қон босимини туширувчи дорилар, антикоагулянтлар (қонни суюлтирувчи воситалар), антидепрессантлар ҳамда диабетни даволашда қўлланиладиган айрим препаратлар билан ўзаро таъсирга киришиши мумкин.
Шу билан бирга, мутахассис ибупрофеннинг ўзи хавфли дори эмаслигини таъкидлайди. Ундан қисқа муддат давомида ва минимал самарали дозада фойдаланиш кўп ҳолатларда фойда келтиради. Асосий муаммо препаратнинг шифокор маслаҳатисиз, ўзбошимчалик билан мунтазам қабул қилиниши билан боғлиқ.
Мутахассис жисмоний фаолликни ошириш, ортиқча вазндан халос бўлиш ва физиотерапия машғулотларини тавсия этади. Шунингдек, иссиқлик муолажалари, қулай пойабзал кийиш, кун давомида жисмоний юкламани тўғри тақсимлаш ҳамда маҳаллий қўлланиладиган яллиғланишга қарши геллардан фойдаланиш ҳам самарали бўлиши мумкин. Бундай геллар таблеткаларга нисбатан бутун организмга камроқ ножўя таъсир кўрсатади.