17:39 (24.10.2023)
1978
Ўзбекистонда камида 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган «Док-1 Макс» сиропини ишлаб чиқарган тадбиркорлар беморларга мазкур дорини тавсия қилиш учун шифокор, ҳамшира ва дорихона ходимларини рағбатлантириб келган.
Бу ҳақда суднинг 23 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисида маълум бўлди, деб хабар бермоқда «Дарё».
Суд мажлисида кўрсатма берган Солиқ қўмитаси вакилига кўра, ишлаб чиқарувчилар «Док-1 Макс» сиропини беморларга тавсия қилган ва унинг кўпроқ сотилишига ҳисса қўшган шифокорларга 5 миллиард 57 миллион сўмлик рағбат пули тўлаган.
Шифохоналарда эмлаш билан шуғулланган ҳамшираларга эса 122 миллион сўмлик мукофот пуллари берилган. Ўз навбатида, улар ҳам сиропни беморларга тавсия қилгани айтилди.
«Док-1 Макс“ сиропини бошқаларга нисбатан кўпроқ сотган дорихона сотувчилари ва раҳбарларини муокофотлаш учун эса 2 миллиард 345 миллион сўм маблағ ажратилган. „Quramax Medikal“ МЧЖ масъуллари корхона фаолиятига ҳисса қўшган ходимларига конверт усулида 13 миллиард сўмлик ойлик маош тўлаб берган», — дейилади нашр хабарида.
Солиқчининг қўшимча қилишича, бу маблағлар даромад солиқларига тортилгач, МЧЖнинг қўшимча 9 миллиард 600 миллион сўмлик солиқ қарздорлиги юзага келган.
Ҳиндистонлик судланувчи, «Quramax Medikal» МЧЖ директори С.Р.П. манфаатини ҳимоя қилаётган адвокат Даврон Аҳмадов солиқчининг маълумотларига эътироз билдириб, нега шифокорлар ўз вазифасини бажариб, беморга дори тавсия қилгани, муолажа учун дорилар ёзиб бергани учун улардан ундирилаётган даромад солиқларини айнан «Quramax Medikal» МЧЖ тўлаб бериши кераклигини сўради.
Солиқчи Солиқ кодексига кўра, «Quramax Medikal» МЧЖ солиқ агенти сифатида кўрилганини, шу сабаб шифокорларга тўланган 5 миллиард 57 миллион сўмлик пулдан олинган даромад солиғи айнан МЧЖдан ундирилишини маълум қилди.