15:32 (06.11.2023)
1702
Биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) – инсон организмидаги физиологик бузилишларнинг олдини олиш ҳамда соғлом балансни тиклаш мақсадида рационини мақбул даражага етказиш ёки организмни зарур бўлган фойдали моддалар билан тўлдириш учун мўлжалланган, таркибида келиб чиқиши табиий ёки табиийга ўхшаш сунъий биологик фаол моддалар (уларнинг концентратлари) ва (ёки) пробиотик компонентлар ҳамда пробиотик микроорганизмлар мавжуд озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобланади.
Биологик фаол қўшимчалар даволовчи таъсирга эга эмас. Даволовчи таъсирга эга бўлган маҳсулотлар дори воситалари ҳисобланади.
Республикамизда фаолият олиб бораётган "FARM FORMAT" МЧЖ томонидан бир қатор БФҚлар ва гигиеник воситалар ишлаб чиқарилган, рухсатнома БФҚ сифатида берилган бўлсада, бир пайтнинг ўзида ушбу БФҚ ва гигиеник воситалар таркиби нуқтаи назаридан дори воситалари хусусиятига эга эканлиги аниқланди.
Бундан ташқари, баъзи дори воситалари қалбаки тарзда ишлаб чиқарилаётгани тўғрисида келиб тушган мурожаатларга биноан олиб борилган ўрганишлар давомида:
“NUTRI MAKON FACTORY” МЧЖ томонидан “NUMA Igneus”, “NUMA Omega-3-6-9”, “NUMA Vitamin D3”, “NUMA Kollagen” ва “NUMA Tribulus” маҳсулотлари рухсатномага эгалиги, лекин “NUMA Сollagen PRO+” маҳсулоти ҳеч қандай рухсатномага эга эмаслиги аниқланган.
“BEK BREND PHARM” МЧЖ томонидан баъзи – «Расторопша» номли маҳсулот қўмита томонидан таркиби текширилмаган маҳсулот савдоси билан шуғулланаётганлиги аниқланди.
Шу ўринда бу каби ҳолатлар юзага келганда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг телеграм ижтимоий тармоғидаги @Sanepidmurojaatbot га йўллашингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси аҳолидан таркиби номаълум бўлган, хавфсизлиги кафолатланмаган маҳсулотларни номаълум кимсалар ва сохта тадбиркорлардан сотиб олиб, ўзбошимчалик билан истеъмол қилмасликни сўраб қолади.