08:54 (06.02.2025)
997
2025 йил 1 апрелдан даромадидан қатъий назар, фармацевтика маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи ёки тиббий хизмат кўрсатувчи юридик шахслар ҚҚС тўловчиси бўлади.
Бунда солиқ органлари Онлайн-НКТ, ЭҲФ ва бошқа ташқи ва ички маълумотлар асосида ҚҚС ҳисоботларини автоматик тарзда шакллантиради.
Ушбу тартиб Солиқ кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилгандан сўнг амалиётга жорий этилади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, фармацевтика маҳсулотларини сотувчи ёки тиббий хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар учун солиқ тўлаш тартиби қуйидагича:
- даромади 1 млрд сўмдан ошмайдиганлар – айланмадан олинадиган солиқ тўлайди;
- даромади 1 млрд сўмдан кўп бўлганлар – ҚҚС ва фойда солиғи тўлашга ўтади.
ҚҚС 12% ни, фойда солиғи ставкаси 15%ни ташкил этади. Ижтимоий соҳа фаолиятини амалга оширувчи солиқ тўловчилар учун фойда солиғи ставкаси 0% белгиланган.
Айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 4%ни ташкил этади.
Улгуржи ва чакана дори воситаларини сотиш билан шуғулланувчи дорихоналар учун солиқ ставкалари қуйидагича белгиланган:
• Аҳоли сони 100 минг нафар ва ундан кўп бўлган шаҳарларда – 3%;
• бошқа аҳоли пунктларида – 2%;
• бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда – 1%.
Шунингдек, солиқ тўловчилар қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ҳақли.
Маълумот учун. 2024 йил якунига кўра, ушбу соҳада 7 785 та юридик шахс АОС тўловчиси ҳисобланади, шундан, 1 208 та юридик шахс қатъий белгиланган миқдорда солиқ тўлайди.