16:15 (15.09.2025)
64
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Наманган вилоят божхона бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимларини жалб қилган ҳолда тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда «Хавфсизлик» Telegram-канали.
Унда айтилишича, ўтказилган тезкор тадбир давомида, Уйчи туманида яшовчи, 1985, 1992 ва 1993 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, контрафакт ва сифат сертификатига эга бўлмаган дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланаётгани фош қилинган.
Шундан сўнг, уларга тегишли бўлган Наманган шаҳри ва Уйчи туманидаги 5 та манзилдаги мавжуд яширин омборлар холислар иштирокида кўздан кечирилганда, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Франция, Италия, Туркия, Вьетнам, Исроил, Польша, Украина, Германия ва бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган ҳамда тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган, тахминий қиймати 7,2 миллиард сўмлик 1 минг 267 турдаги жами 102 минг 640 қути контрафакт дори воситалари («Гепарин», «Актовегин», «Хилак форте», «Урсофальк» ва бошқалар) мавжудлиги аниқланган.
Тезкор тадбир давомида ушбу дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган.
Бундан ташқари, расмийлаштирил дори воситалари орасида таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган «Тестостерон» ва «Ретаболил» номли препаратлар мавжудлиги ҳам фош бўлган. Маълум бўлишича, мазкур контрафакт дори воситалари мамлакатимизга Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 186-3 ва 251-1-моддалари билан жиноят иши қўзғатиш режалаштирилиб, ҳозирда терговга қадар суриштирув ҳаракатлари бошлаб юборилган.