09:00 (24.06.2025)
134
Жорий йил 7 май куни Президентимиз раислигида тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида турган устувор вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида тизимдаги муаммолар батафсил кўрсатиб ўтилганидан хабарингиз бор.
Хусусан, соҳани рақамлаштириш, жумладан, “электрон поликлиника”, “электрон шифохона”, “электрон рецепт” модулларини ишга тушириш ортда қолаётгани танқид қилинди. Ҳозирга пайтда тизимда амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёни шу танқидий фикрлар асосида қайта кўриб чиқилиб, зарурий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Юнусобод туманида тажриба тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш таклиф қилинган бўлиб, бунга Соғлиқни сақлаш, Рақамли технологиялар вазирликлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти масъул сифатида белгиланган эди.
Мазкур вазифалар ижроси юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Рақамли технологияларни жорий этиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси, Ягона интегратор – “UZINFOCOM” ҳамда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази мутахассислари томонидан тумандаги дорихоналарда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Жараён давомида туманда жойлашган 198 та дорихонадан 185 тасида (93.4%) DMED тизими фаолияти тўлиқ йўлга қўйилганлиги 10 та дорихонада тизимга уланиш ишлари якуний босқичдалиги ҳамда 3 та дорихона фаолияти тугатилганлиги аниқланди.
Маълумот учун, “Электрон рецепт” модули соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш доирасида ишлаб чиқилган замонавий электрон дастурий ечим бўлиб, дори воситаларини беморларга электрон кўринишда тайинлаш ва назорат қилиш имконини беради.
Модулнинг асосий мақсадлари:
✅ Рецептлар берилишида шаффофлик ва аниқликни таъминлаш;
✅ Беморлар томонидан рецептларни мобил иловалар орқали кўриш имконини яратиш;
✅ Дори воситалари белгиланган доза ва шаклларини ҳисобга олган ҳолда рецептлар тузиш;
✅ Дорихоналарда дори воситалари реал вақтда маркировкасини текшириб сотишни таъминлаш;
✅ Ҳисобот ва таҳлил жараёнларини тўлиқ автоматлаштириш
Модулнинг афзалликлари:
- Рецептлар сохталаштирилишининг олди олинади;
- Нотўғри дозалар ва дори шаклларини тайинлаш хатолари камаяди;
- Беморлар учун қулайлик ва ахборотга тезкор кириш имкони яратилади.
Бу натижалар соҳада очиқлик, шаффофлик ва дори воситалари муомаласи устидан самарали назоратни таъминлаш йўлида муҳим аҳамият касб этади.