12:00 (14.10.2025)

46

Юртимизда Қозоғистон тиббиёти кунлари бўлиб ўтмоқда

Кеча юртимизнинг 4 та ҳудудида Қозоғистон тиббиёти кунларига старт берилди.

Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги  матбуот хизмати хабар берди. Бунинг учун мамлакатимизга қўшни давлатнинг 100 нафарга яқин етук тиббиёт ходимлари етиб келди.

Тадбир Самарқанд, Бухоро, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг тиббиёт муассасаларида бўлиб ўтади. Тўрт кун давомида қозоғистонлик юқори малакали мутахассислар иштирокида кардиология, нейрохирургия, травматология, урология, онкология, гинекология, болалар жарроҳлиги, эндокринология ва бошқа йўналишларда тиббий маслаҳатлар, жарроҳлик амалиётлари ва маҳорат дарслари ташкил қилиниши режалаштирилган.

Шунингдек, Миллий тиббиёт маркази ва кардиология, онкология, травматология, фтизиатрия йўналишидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида қўшма юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилади.

Бундан ташқари, Қозоғистоннинг 7 та олий таълим муассасалари вакиллари томонидан Тошкент давлат тиббиёт университетида талабалар ўртасида фан олимпиадаси ҳамда спорт мусобақалари ташкил этилади.

Тадбир доирасида Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тўртта мобил тиббиёт мажмуаси юртимизга келтирилади. Улар ёрдамида Сирдарё ва Жиззах вилоятларида аҳоли бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилади.

Акциянинг якуний қисми сифатида 17 октябрь куни пойтахтимизда “Ўзбекистон — Қозоғистон: халқ саломатлиги йўлида ҳамкорлик” мавзусидаги форум бўлиб ўтади ва унда алоқаларимиз истиқболлари кўриб чиқилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech