11:43 (20.06.2024)
1053
19 июнь куни Health Effects Institute томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, ҳаво ифлосланиши 2021 йилда дунё бўйлаб 8,1 миллион ўлимга сабаб бўлган. Дунё бўйлаб миллионлаб одамлар аллақачон ёмон ҳаво билан боғлиқ сурункали касалликлар билан яшамоқда.
UNICEF билан ҳамкорликда биринчи марта тайёрланган ҳисоботда айтилишича, беш ёшгача бўлган болалар айниқса ҳимоясиз. 2021-йилда ҳаво ифлосланиши натижасида бу ёшдаги болалар ўртасида 700 мингдан ортиқ ўлим содир бўлган (ушбу ёш тоифасидаги барча болалар ўлимининг 15 фоизини ташкил қилади), улардан 500 мингдан ортиғи турар жой бинолари ичидаги ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ. Беш ёшгача бўлган болалар орасида ҳаво ифлосланиши тўйиб овқатланмасликдан кейин иккинчи ўлим хавфи ҳисобланади.
2021 йилда озоннинг узоқ муддатли таъсири бутун дунё бўйлаб 489 518 кишининг ўлимига сабаб бўлган. Сайёра иқлим ўзгариши таъсири туфайли исишда давом этар экан, соғлиқ учун янада салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Таъкидланишича, ҳаво сифатининг ёмонлиги эрта ўлим учун гипертониядан кейин иккинчи асосий хавф омилидир. Рўйхатда кейинги ўринларда тамаки истеъмоли, нотўғри овқатланиш ва қон плазмасидаги глюкозанинг юқори етишмовчилиги туради.
Тадқиқот натижаларига кўра, ҳавонинг ифлосланиши пастки нафас йўллари инфекциялари туфайли ўлим ҳолатларининг 30 фоизига, юрак ишемик касалликлари туфайли ўлим ҳолатларининг 28 фоизига ва ўпканинг сурункали обструктив касалликлари туфайли ўлим ҳолатларининг 48 фоизига сабаб бўлади.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ҳаво ифлосланиши иммунитет тизимининг инфекцияга қарши курашиш қобилиятини пасайтиради, бу нафас олиш йўллари вируслари, шу жумладан, COVID-19 ни келтириб чиқарадиган вирусларнинг организмга осонроқ кириб боришига имкон беради.