18:01 (25.07.2024)
876
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли шифохонасини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус Зангиота 2-сон шифохонасининг бўш турган бино ва иншоотларидан самарали фойдаланиш ҳамда 18 ёшгача бўлган болалар учун замонавий, юқори технологик, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Тошкент” МФЙ Янги айланма йўли манзилида жойлашган “Зангиота-2” шифохонаси ўрнида Давлат бюджетидан молиялаштириладиган давлат муассасаси шаклидаги 500 ўрнига мўлжалланган Тошкент шаҳар болалар кўп тармоқли шифохонаси ташкил этилади.
“Зангиота-2” шифохонасининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан Болалар шифохонасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилади.
Шифохонанинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
♦ 18 ёшгача бўлган болаларда зарур тиббий текширувларни ўтказиш, уларга юқори малакали тиббий-консультатив ҳамда ихтисослаштирилган стационар ёрдамини кўрсатиш;
♦ туман тиббиёт бирлашмаларига амалий-методик ёрдам бериш;
♦ Тошкент шаҳар тиббиёт муассасалари амалиётига замонавий тиббиёт технологиялари ва бошқарув усулларини жорий этишда кўмаклашиш;
♦ тиббиёт ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда иштирок этиш.
2024 йил 1 сентябрга қадар Болалар шифохонасининг бино ва иншоотларида зарур қурилиш ҳамда таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, болаларга тиббий ёрдам кўрсатишга мослаштирилади.