17:33 (30.07.2024)
962
Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида оналар ва болалар ўртасида касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва соғломлаштириш дастурларининг амалиётга жорий этилгани, шунингдек оналар ва болаларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам такомиллаштирилиши натижасида оналар ўлими даражаси 34 фоизга, беш ёшгача бўлган болалар ўлими даражаси 26 фоизга камайган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Республика миқёсида, ҳудудларда ва туман (шаҳар)ларда “365 кун /24 соат” тамойилига асосан оналар ва болаларга кўрсатиладиган ёрдамни назоратга олиш, таҳлил қилиш, камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида болалар анестезиология-реанимация бўлимлари ва поликлиникаларда болалар бўлимлари ташкил этилган. Шунингдек, барча “тиббиёт бригадалари” таркибига қўшимча 20 минг болалар ҳамишираси ҳамда патронаж-доя лавозими жорий этилган. Туман, (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида “болалар бўлимлари”, “қизлар саломатлиги” бўлимлари фаолияти йўлга қўйилган.
Жорий йилнинг ярим йилида 1 962 та кардиохирургик, 460 эндоскопик, 583 та нейрохирургик юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, 2985 нафар болаларда ногиронликнинг олди олинган. Бундан ташқари, 200,2 минг нафар янги туғилган чақалоқлар аудиоскринингдан ўтказилиб, 267 нафар болага кохлеар имплантат ўрнатилган ва эшитиш қобилияти тикланган.
Мажлисда депутатлар соҳада амалга оширилаётган ишларни эътироф этиб, тиббиёт муассасаларини дори воситалари, тиббий ускуна ва сарфлов ашёлари билан тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш, бунда кафолатланган пакет, базавий нархлар ва имтиёзли контингентни ихтисослашган тиббий ёрдамга йўллаш тартибини қайта кўриб чиқиш лозимлигини қайд этдилар.
Шунингдек, тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва шифохоналарни электрон иш юритишга ўтказиш, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш бўйича бошланган ишларни охирига етказиш чораларини кўриш соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликни ошириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди.