12:24 (18.07.2025)
74
Дунёда аҳоли сони ошиши баробарида тиббий хизматларга эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Кўплаб хорижий давлатларда аҳоли саломатлигини сақлаш ва тиббий хизматлардан фойдаланишни таъминлаш мақсадида тиббий суғурта тизими жорий этилган.
Мамлакатимизда ҳам тиббий суғурта тизимига ўтиш ишлари давом этмоқда. 2021 йили Сирдарё вилоятида тажриба-синов сифатида бошланган ушбу тизимни босқичма-босқич 2026 йилнинг якунига қадар мамлакатимиз бўйлаб жорий этиш режалаштирилган.
Давлат тиббий суғуртаси тизими доирасида беморларга электрон рецепт асосида дори воситалари кафолатланган пакет доирасида бепул берилади. Бугунги кунда артериал гипертония, юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2-тури, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касалликларини амбулатор шароитда даволаш учун 27 турдаги дори воситалари электрон рецепт асосида берилмоқда.
“Дори-Дармон” акциядорлик компанияси ва унинг тизимидаги жамиятларнинг реимбурсация дастурига уланган дорихона ва дорихона шохобчалари орқали 2025 йилнинг ўтган 6 ойи давомида 5 млрд. сўмлик дори воситалари электрон рецепт орқали беморларга бепул берилди.
Маълумот учун: Компания ва унинг тизимидаги жамиятларга қарашли 399 та дорихона ва дорихона шаҳобчаларида реимбурсация дастури орқали электрон рецепт асосида беморларга дори воситалари берилмоқда (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятлари).