Янгиликлар

not found

ДХХ: Наманганда қалбаки дори воситалари ишлаб чиқарувчи яширин цех фаолиятига чек қўйилди

Наманган шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди. Хусусан, биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари томонидан белгиланган тартиб-қоидаларга зид равишда дори воситаларини тайёрлаш мақсадида ташкил этилган цех кўздан кечирилди. Натижада, унда мавжуд бўлган 1,2 млрд сўмдан ортиқ қийматдаги 9 турдаги 138031 қути дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар, 1,8 млрд сўмлик прекурсорлар, 3,4 млрд сўмлик флакон, қопқоқ, қути ва этикеткалар, 18 млрд сўмлик 14 номдаги ишлаб чиқариш ускуналари, 5,6 млрд сўмлик 23 дона катта ва кичик ҳажмдаги махсус идишлар – яъни, умумий қиймати ўртача 30 млрд сўмни ташкил этувчи товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, МЧЖ фақатгина биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш учун сертификат олган бўлишига қарамасдан, санитария талабларига жавоб бермайдиган жойда, номларини ўзгартирган ҳолда 9 турдаги контрафакт дори воситаларини ҳам тайёрлаб келган. Жумладан, “Пиковит” дориси – Пивовит, “Канефрон” – Канасерон, “Эспумизан” – Эспуметик, “Нистатин” – Неститам кўринишида ишлаб чиқарилган. Текширув давомида аниқланишича, қўлбола усулда тайёрланган дори воситалари Фарғона водийси, Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларга етказиб берилган. Ҳозирда қалбаки дори воситалари бўйича экспертиза тайинланиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Таъкидлаш лозимки, дори воситаларини тегишли тартиб ва меъёрларга амал қилмаган ҳолда ишлаб чиқариш ва сотиш – уни истеъмол қилган инсоннинг соғлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ўзгалар ҳаётини хавф остига қўйиш қонун олдида жавобгарликка сабаб бўлади.

  • 31 Октябрь, 12:00
  • Батафсил
not found

«Дори-Дармон» АК дорихона ходимлари учун навбатдаги ўқув семинари ўтказилди

«Дори-Дармон» акциядорлик компанияси томонидан дорихона ходимлари учун навбатдаги малака ошириш ўқув семинари ўтказилди. Тренингда дорихона мудирлари ва ходимлари онлайн ҳамда офлайн форматда иштирок этди. Ўқув жараёнида Ҳиндистоннинг “Rusan Pharma Ltd” компанияси вакиллари иштирок этиб, компаниянинг илғор дори воситалари ҳақида маълумот беришди. Жумладан, "Биоран Рапид» препарати ҳақида махсус тақдимот ўтказилди. Мутахассислар таъкидлашича, «Биоран Рапид» — оғриқ ва яллиғланишга қарши тез таъсир этадиган замонавий дори воситасидир. У турли суяк-буғим тизими касалликларида, жароҳат ёки операциядан кейинги оғриқларда, қулоқ, матоқ ва бурун инфекцияларида, яллиғланиш касалликларида самарали қўлланилади. Препаратнинг асосий афзаллиги — организмда тез сўрилиши ва оғриқни қисқа вақт ичида енгиллатиши ҳисобланади. Тадбирда ходимлар препаратнинг қўлланиш тартиби, таъсир механизми, дозалари ва ножуя таъсирларии ҳақида саволлар бериб, мутахассисларидан батафсил жавоблар олдилар.  Маълумот учун:“Rusan Pharma Ltd” — Ҳиндистоннинг етакчи фармацевтик компанияларидан бири бўлиб, 1994 йилда асос солинган. Компания дори воситаларининг тадқиқоти, ишлаб чиқариш ва дунё бўйлаб экспорт қилиш билан шуғулланади. Асосий йўналишлари — оғриқсизлантирувчи, яллиғланишга қарши, онкологик ва неврологик касалликлар учун мўлжалланган дори воситаларини ишлаб чиқишдир. Компания маҳсулотлари 50 дан ортиқ давлатларда рўйхатдан ўтган ва муваффақиятли қўлланилмоқда. Таъкидлаш керакки, бу каби ўқувлар ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш, аҳолига сифатли ва ишончли фармацевтик хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади.

  • 31 Октябрь, 09:10
  • Батафсил
not found

"Lancet": Ҳар йили иссиқ ҳаво туфайли дунё бўйича қарийб 550 минг киши ҳаётдан кўз юмади

Дунё миқиёсида ҳар дақиқада бир киши иссиқ ҳаво туфайли вафот этмоқда. Глобал исиш билан боғлиқ ўлим даражаси 1990-йиллардан буён 23%га ошган. Бу ҳақда The Lancet Countdown ҳисоботида хабар берилди. The Lancet Countdown – Лондон университети колледжи ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳамкорлигида тайёрланган ҳисоботдир. Унда мутахассислар иқлим ўзгариши аҳоли саломатлигига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида маълумот беришади. Ҳисоботда айтилишича, агар дунё етакчилари сиёсатини ўзгартирмаса ва нефть компаниялари янги конларни ишлаб чиқаришни давом эттирса, иқлим ўзгариши оқибатлари янада ёмонлашади. Сайёрамизнинг қазиб олинадиган ёқилғига қарамлиги ҳавонинг ифлосланишига, ўрмон ёнғинларига ва касалликларнинг тарқалишига олиб келади. 2012 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда дунё бўйлаб ҳар йили ўртача 546 000 киши ҳаво исиши оқибатида вафот этган. "Бу ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли кўрсаткич ва у ўсиб бормоқда", деди Сидней университети профессори Олли Жей. Сўнгги тўрт йилда инсон йилига ўртача 19 кун ҳаётига хавф туғдирадиган иссиқлик таъсири остида қолган. Агар инсон фаолияти сабаб юзага келаётган глобал исиш бўлмаганида, бу фақат 3 кунни ташкил этган бўлар эди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, глобал исиш нафақат инсон саломатлиги, балки меҳнат унумдорлиги ва иқтисодий барқарорликка ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Тадқиқот муаллифлари барча давлатларни тез фурсатда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга ўтиш, шаҳар инфратузилмасини иссиқ иқлимга мослаштириш, ҳамда экологик тоза маҳсулотлардан ташкил топган рационни кенг жорий этишга чақирмоқда.

  • 30 Октябрь, 15:30
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech