Янгиликлар

not found

Сўнгги икки йилда тиббиёт соҳасини рақамлаштиришга бюджетдан 90 миллиард сўм ажратилган

Йиғилишда ихтисослашган тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш талабига жавоб берадиган тизим ҳали яратилмагани кўрсатиб ўтилди. Сўнгги йилларда бепул даволаниш учун ордердан воз кечилди. Маблағни муассасадаги ўринлар сонига эмас, беморлар сонига қараб ажратиш тизими яратилди. Лекин, ҳалигача беморларда танлаш ҳуқуқи йўқ. Бундан ташқари, вилоят шифохоналарига йўлланма олиш ҳалигача рақамлашмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг Лойиҳа офисига вилоят шифохоналарини ҳам электрон йўлланма тизимига улаш, бу тизимда хусусий клиникалар иштироки мезонларини ишлаб чиқиш топширилди.  Ихтисослашган тиббиёт марказларида замонавий бошқарувни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Пуллик хизматлар нархи шаффоф эмаслиги танқид қилинди. Шу муносабат билан 23 та марказ, 12 та тиббиёт олийгоҳи, 2 та шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш марказларининг ҳар бирига замонавий менежерларни ишга олиб, халқаро аккредитациядан ўтказиш топширилди. Бу ишлар орқали шифокор ва ҳамшираларни янгича ўқитиш, даволаш сифатини ошириш, дори ёзишни камайтириш, энг муҳими – ривожланган клиникалар муҳитини олиб кириш муҳимлиги қайд этилди. Сўнгги икки йилда тиббиёт соҳасини рақамлаштиришга бюджетдан 90 миллиард сўм йўналтирилди. Лекин натижа кутилганидек эмас. Туман, вилоят ва республика ташкилотлари 10 га яқин ахборот тизимларини ишлатаяпти, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам бир-бирига боғланмаган. Бирламчи бўғин рақамлашмагани боис шифокор вақтининг учдан икки қисми ҳисобот тўлдиришга кетаяпти. Шу муносабат билан мутасаддиларга “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона” ва “Электрон тиббий карта” тизимларини ишга тушириш, кафолатланган пакетга кирган дориларни электрон рецепт асосида беришни йўлга қўйиш топширилди. Йиғилишда оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. "Ҳар бир она ва бола ўлими “фавқулодда ҳолат” деб баҳоланади ва сўров шунга яраша бўлади"- дея огоҳлантирди Президент Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлари, вилоят ва туман тиббиёт идоралари раҳбарларини. Хориждан мутахассисларни олиб келиб, энг аввало, она ва гўдак ўлими юқори 20 та туман ва шаҳардаги тиббиёт ходимларини ўқитиш топширилди. “Хавф гуруҳи”га кирган ҳомиладор ва туғруқ ёшидаги аёллар билан ишлаш протоколи янгиланади. Тиббиёт бригадаларидаги 8,5 минг доя илғор тажриба асосида репродуктив саломатлик ва ҳомиладорлар парвариши бўйича ўқитилади. Перинатал марказлар бошқарувига хорижий мутахассисларни олиб келиш, 229 та туғруқхонани замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш топширилди.

  • 5 Февраль, 14:15
  • Батафсил
not found

Президент: Пул ишлаш учун фармкомпаниялар фойдасига рецепт ёзиляпти

Мамлакатимизда фармацевтика бозори ҳажми 2 миллиард долларга етди.Лекин, бу бозорда маҳаллий маҳсулотлар улуши физик ҳажмда 40-45 фоиз бўлса-да, пул қийматида 20 фоиздан ошмайди. Оддий қилиб айтганда, ўзимизда ишлаб чиқариш бинт, спирт, шприц, анальгин ва цитрамондан нарига ўтмаяпти. Дориларни яширин айланмаси бўйича етарли чоралар кўрилмаяпти. Дори воситаларидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ишлари сустлиги кўрсатиб ўтилди. "Айниқса, антибиотик қабул қилиш устидан назорат умуман йўқ. Протоколларга амал қилмасдан, “пул ишлаш” учун фарм-компаниялар фойдасига рецепт ёзиляпти.Бундан халқимизни соғлиғи ҳам, чўнтаги ҳам зарар кўраяпти”- деди Президент. Йиғилишда касалга аниқ ташхис қўйиш ва даволашда врачларнинг аксариятида технологик карта мавжуд эмаслиги, айрим протоколлар эса эскиргани кўрсатиб ўтилди. Поликлиника ва шифохоналарда халқ табобати хоналари ва фитобарлар ташкил қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг Лойиҳа офисига хорижий экспертларни жалб қилиб, 300 та клиник протокол ва стандартларни халқаро мезонларга мослаштириш топширилди. Оилавий шифокорларга касаллиги енгил бўлган беморларни дори билан эмас, иммунитетни кўтарадиган табиий воситалар, жисмоний машқ ва фитотерапия билан даволашни ўргатиш муҳимлиги таъкидланди. Уч йил аввал онкологик беморларни кимё ва таргет терапияси учун 29 турдаги препарат билан таъминлаш йўлга қўйилган эди. Лекин, бу дорилар айрим ҳолларда жойларга ўз вақтида, тўлиқ етказиб берилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Ваҳоланки, бюджетдан етарли маблағ ажратилмоқда. Оқибатда баъзи беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олишга мажбур. “Мана – фармацевтикадаги ўйинлар! Бу фақат онкологияда. Эндокринология, кардиология, шошилинч хизматда ҳам бундай фактлар етарли”,- деди давлатимиз раҳбари. Бош прокуратурага онкологик препарат ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар, дорихоналар, қўлда сотувчиларни, умуман барча иштирокчиларни тартибга келтириш, жойларга етиб бормаган 17 турдаги препарат бўйича ўрганиш ўтказиб, жазо муқаррарлигини таъминлаш топширилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдига ойлаб омборларда турган, рухсати ҳалигача чиқмаган дориларни хатлов қилиб, бу масалада тартиб ўрнатиш, давлат харидлари орқали олинган дориларни “буюртмачи – харидор – етказиб берувчи – бемор” занжири асосида шаффоф маршрут тизимини яратиш вазифаси қўйилди.

  • 5 Февраль, 14:00
  • Батафсил
not found

Cоғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор йўналишлар белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари  ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор йўналишларни белгилаб берди. Бирламчи тиббиёт тизимини аҳолимиз талабига мослаштириш ишларини давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Тиббиёт бригадаларини шифокорлар билан тўлиқ тўлдириш, тўлиқ ставкада ишлайдиган ҳамшираларни кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Соҳада кадрлар етишмаслигининг сабаби аслида тизим шаффоф бўлмагани оқибатида кўплаб мутахассислар ишга кира олмаётгани экани қайд этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига соҳадаги барча вакансияларни онлайн платформага жойлаштириб, кадрларни ишга олиш бўйича шаффоф тизим яратиш топширилди. Янги ўқув йилидан тиббиёт олийгоҳлари битирувчи курс талабалари учун кўп тармоқли шифохоналарда иш ҳақи тўланадиган интернатура йўлга қўйилади. Йиғилишда касалликларни эрта аниқлаш, жумладан, кардиология, эндокринология ва онкология скринингларини ташкил этишда йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Ўтган йили онкология касаллиги билан рўйхатга олинган берморларнинг қарийб ярмида касаллик кеч аниқланган. Жойларда диспансер назоратида турган, сурункали касаллиги бор аҳолини соғломлаштириш ишлари етарли эмас. Умуман, вилоят ва туман тиббиёт идоралари профилактика ўрнига “одамлар қачон касал бўлса, шунда даволаймиз” деб, ҳалиям эскича фикрлаб юргани танқид қилинди. Эндиликда хавф гуруҳига кирувчи аҳолини юрак қон-томир, онкология ва эндокрин касалликлари скринингидан ўтказиш тизими ўзгартирилади. Хусусан, скрининг учун бевосита республика кардиология, эндокринология, онкология марказлари жавоб беради. Улар бир ҳафтада жойларда скренинг текширувларини ўтказишни бошлайди. Шунингдек, онкология бўйича ҳар бир эрта аниқланган ҳолат учун тиббиёт бригадаларига мукофот бериш жорий қилинади. Бу тажриба 1 майдан Қашқадарёда бошланади ва келгуси йилдан бошқа ҳудудларда йўлга қўйилади.

  • 5 Февраль, 13:25
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech