Янгиликлар

not found

Камқонликка қарши курашишнинг самарали усули аниқланди

Бактериал инфекция фонида анемия билан оғриган беморларни даволашда узоқ вақт давомида хавфли деб ҳисобланиб келинган темирни вена орқали юбориш усули нафақат хавфсиз, балки самарали экани маълум бўлди. Бундай терапия инсоннинг ўлим хавфини сезиларли даражада камайтиради. Бундай хулосага 85 мингдан ортиқ госпитализация қилинган беморлар маълумотларини таҳлил қилган гематологлар келдилар. Тадқиқот натижалари Blood журналида эълон қилинган. Темир бактерияларни «озиқлантириши» мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар туфайли узоқ йиллар давомида уни вена орқали юборишдан қочиш тавсия этилганига қарамай, тадқиқотчилар бунга тескари натижани аниқладилар: пневмония, MRSA, колит ва бошқа кенг тарқалган инфекцияларга чалинган беморларда, агар улар темир қабул қилсалар 14 ва 90 кун ичидаги ўлим даражаси анча паст бўлган. Бундан ташқари, ушбу беморларда 2–3 ойдан сўнг гемоглобин даражаси темир қабул қилмаган беморларга нисбатан сезиларли даражада ошган. Бактериал менингитда яхшиланиш кузатилмаган, аммо ҳолатнинг ёмонлашиши ҳам қайд этилмаган. Муаллифлар таъкидлашича, олинган маълумотлар ретроспектив таҳлилга асосланган ва темирни вена орқали юборишнинг ҳақиқий фойдасини фақат рандомизация қилинган клиник тадқиқот тўлиқ тасдиқлай олади. Бироқ натижалар ўткир инфекциялари бўлган беморларда анемияни даволаш бўйича кўп йиллик қарашларни қайта кўриб чиқишга туртки бермоқда.

  • 10 Декабрь, 09:03
  • Батафсил
not found

Нима учун уйқу дориларни шифокор рецептисиз қабул қилиб бўлмайди?

Одамлар тобора кўпроқ, уйқу билан боғлиқ муаммоларни рецептсиз бериладиган дори воситалари билан ҳал қилишга уринмоқда, бироқ бундай воситалар уйқу тартибини бузилиши, қарамлик ва токсик таъсирларни келтириб чиқариши мумкин. Невролог Юрий Фломин ўзини- ўзи даволаш билан шуғулланмасликка чақиради. Кўплаб оммабоп уйқу дорилари, хусусан доксиламин асосидаги препаратлар, уйқунинг табиийлигини ўзгартиради. Шу сабабли, ҳатто 7–8 соат дам олгандан кейин ҳам инсон ўзини ҳолдан тойган ҳис қилиши мумкин. “Улар уйқу архитектурасига салбий таъсир қилади, шунинг учун организм тўлиқ тиклана олмайди”, — дея тушунтиради шифокор. Айниқса “ўсимликка асосланган” деб тақдим этиладиган, амалда эса фенобарбитал сақловчи дори воситалар хавфлидир. Ушбу модда тезда қарамликни келтириб чиқаради ва токсик бўлиши мумкин. Фенобарбитални узоқ муддат қўллаш нафақат қарамликни шакллантиради, балки жигар фаолиятининг бузилишига, токсинлар йиғилишига ва хотиранинг ёмонлашишига олиб келади. Шу билан бирга, ҳақиқий ўсимлик воситаларининг уйқуни яхшилашдаги самарадорлиги исботланмаган ва кўпинча плацебо эффектига асосланади. Шифокор таъкидлайди: мунтазам уйқу бузилишлари мутахассис маслаҳати­ни талаб қилади. Уйқунинг сурункали бузилишларини эътиборсиз қолдириш мумкин эмас, чунки сифатли дам олишнинг етишмаслиги юрак-қон томир касалликлари ва депрессиядан саратонгача бўлган жиддий касалликлар ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.

  • 9 Декабрь, 11:50
  • Батафсил
not found

Марказ директори Алишер Темиров GHWP нинг раиси ўринбосари лавозимига сайланди

Айни кунларда Таиланд Қироллигининг Бангкок шаҳрида Тиббий буюмларни тартибга солиш талабларини уйғунлаштириш бўйича глобал ишчи гуруҳи (GHWP)нинг 29 йиллик анжумани ва Техник қўмита йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Ушбу йирик халқаро тадбирда Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров ҳам иштирок этаяпти. Маълумот ўрнида, GHWP — тиббий жиҳозларни рўйхатдан ўтказиш, хавфни баҳолаш, сертификатлаш, бозор назорати ва сифат менежменти бўйича ягона глобал ёндашувларни шакллантирувчи нуфузли платформа бўлиб, унинг таркибига Япония, Жанубий Корея, Хитой, Сингапур, Малайзия ва яна 30 дан ортиқ мамлакатлар киради. Ўзбекистон 2024 йилда Куала-Лумпурда ўтказилган анжуманда ташкилотнинг тўлақонли аъзоси этиб қабул қилингани — давлатимизнинг соҳадаги ислоҳотлари халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан далолатдир. Сўнгги йилларда, Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон экспертларининг GHWP ишчи гуруҳлари, техник қўмиталари ва академик ташаббуслардаги фаоллиги мамлакатимизнинг глобал тартибга солиш жараёнларидаги иштирокини кучайтирди. Марказ мутахассисларининг ташаббуслари, техник ҳужжатлар тайёрлашга қўшган ҳиссаси ҳамда халқаро муҳокамалардаги фаол иштироки GHWP экспертлари томонидан эътироф этилди. Ўзбекистон вакилларининг GHWP Академиясида спикер сифатида қатнашиши эса мутахассисларимизнинг бу йўналишдаги малакаси ва амалий тажрибаси ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Анжуманда тиббий жиҳозларни тартибга солишнинг янги глобал стандартлари, рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлаш тартибларини такомиллаштириш, хавфга асосланган ёндашувларни кучайтириш, бозор назоратини самарали ташкил этиш ва техник регламентларни уйғунлаштириш каби стратегик масалалар муҳокама қилинмоқда. Эътиборлиси, GHWPнинг янги раҳбариятини шакллантириш жараёнида Марказ директори Алишер Темиров GHWP нинг Регулятор органлари бўйича раис ўринбосари лавозимига номзод сифатида илгари сурилиб, бир овоздан маъқулланди. Бу — Ўзбекистоннинг тиббий жиҳозлар соҳасида амалга ошираётган ислоҳотлари халқаро экспертлар томонидан тан олинаётгани ва мамлакатимизнинг регулятор ҳамжамиятдаги мавқеи сезиларли даражада кучайганининг муҳим кўрсаткичидир. Шунингдек, анжуман кун тартибида 2026 йилда ўтказиладиган GHWP Техник қўмита раҳбарлари йиғилишига мезбонлик масаласи кўриб чиқилди. Мулоқотлар якунида ушбу нуфузли тадбирни Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

  • 5 Декабрь, 13:00
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech