12:30 (10.02.2025)

714

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази лабораторияси ЖССТ квалификациясидан ўтказилади

Президентнинг 2025 йил 28 январдаги “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази лабораторияси 2025 йил якунига қадар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан дастлабки квалификация (prequalification) тартибидан ўтказилиши кўзда тутилган.

Хўш, бу орқали нималарга эриш мумкин?

Аввало, марказ бу билан ўз лабораторияси ЖССТ томонидан тан олинган халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришини амалда исботлайди. Табиийки, бу унинг халқаро миқёсдаги нуфузини ҳам оширади.

Айни чоғда лабораториянинг сифати юқори, хавфсиз дори воситаларини назорат қилиш борасидаги ўрни мустаҳкамланади.

Унинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш имкони кенгаяди, яъни халқаро лойиҳаларда иштирок этиши учун кенг йўл очилади.

Маҳаллий дори воситалари сифати халқаро талабларга жавоб беришини тасдиқлаш орқали ўзимизнинг фармацевтика маҳсулотлари жаҳон бозорларига олиб чиқилиши осонлаштирилади.

Лабораторияда халқаро талабларга мос келадиган синов усуллари йўлга қўйилади. Бу эса шу ернинг ўзида юқори даражали таҳлиллар ўтказилишига замин яратади.

Муҳими, бу дори воситаларининг сифатини кафолатлаш орқали аҳолини хавфсиз, самарали дори воситалари билан тўла таъминлаш имконини беради.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech