14:32 (14.10.2026)
215
Мажбурий лицензиялаш қандай ҳолатларда қўлланилади ва у фармацевтика бозори учун нима англатади?
1995–2025 йилларда дори воситаларига мажбурий лицензия бериш механизми дунёнинг 12 та мамлакатида қўлланилган. Асосан, эпидемиялар, фавқулодда вазиятлар ва муҳим препаратлар тақчиллиги юзага келганда фойдаланиладиган ушбу механизм халқаро амалиётда истисно чораси ҳисобланади.
Бу ҳақда «Инфарма» фармацевтика компаниялари ассоциацияси ҳамда Санкт-Петербург давлат кимё-фармацевтика университети томонидан ўтказилган тадқиқотда маълум қилинди.
Мажбурий лицензиялаш нима?
Мажбурий лицензиялаш — патент эгасининг розилигисиз, қонунчиликда белгиланган шартлар асосида патентланган дори воситасидан фойдаланиш ёки уни ишлаб чиқаришга рухсат бериш механизми. У айрим ҳолатларда муҳим препаратлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ва жамоат саломатлигини ҳимоя қилишга хизмат қилиши мумкин.
Тадқиқотда Бразилия, Германия, Зимбабве, Ҳиндистон, Индонезия, Колумбия, Малайзия, Таиланд, Россия, Эквадор, Миср ва Руандадаги тажриба ўрганилган. Сўнгги ҳолат Канадада ишлаб чиқарилган дори воситасини Руандага экспорт қилиш учун берилган рухсат билан боғлиқ.
Қайси турдаги дориларга нисбатан кўпроқ қўлланилган?
Тадқиқот натижаларига кўра, 30 йил давомида мажбурий лицензиялаш 32 та халқаро патентланмаган дори номи (ХПН)ни қамраб олган.
Энг кўп ҳолатлар вирусга қарши препаратларга тўғри келган — 11 та мамлакатда ушбу гуруҳдаги дориларга нисбатан мажбурий лицензиялар берилган.
Кейинги ўринда ўсма касалликларини даволашда қўлланиладиган препаратлар туради. Жумладан, Ҳиндистон, Россия, Таиланд ва Эквадорда патент эгаларининг розилигисиз бундай дори воситаларини ишлаб чиқаришга рухсат берилган.
Россияда 2018–2025 йилларда мажбурий лицензиялаш бешта дори воситасига нисбатан қўлланилган. Улар қаторига ремдесивир, семаглутид, леналидомид, сунитиниб ҳамда ивакафтор, тезакафтор ва элексафтор комбинацияси киради. Шу тариқа, механизм вирусга қарши ва ўсма касалликларига қарши препаратлардан ташқари, қандли диабет ҳамда муковисцидозни даволашда қўлланиладиган воситаларни ҳам қамраб олган.
Бундан ташқари, 2025 йил охирида Россия ҳукумати «ПСК Фарма» компаниясига тедизолид антибиотигини ҳимоя қилувчи патентлардан фойдаланишга рухсат берган.
Патент эгаларига қанча ҳақ тўланади?
Мажбурий лицензиялашда патент эгасига тўланадиган ҳақ миқдори мамлакатларга қараб фарқ қилади. Тадқиқотда келтирилишича, бу кўрсаткич Индонезия, Россия ва Таиландда 0,5 фоизни, Ҳиндистонда эса 6 фоизни ташкил этган.
Мутахассислар таъкидлашича, давлатлар мазкур механизмни миллий фармацевтика саноатини ривожлантириш воситаси сифатида эмас, балки аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғилганда қўлланиладиган энг сўнгги чора сифатида кўради.