10:18 (30.09.2026)
90
Япониянинг Осака префектурасида тиббиёт оламида туб бурилиш ясаган ноёб операция ўтказилди. Оғир юрак етишмовчилигидан азият чекаётган беморга индуцияланган илдиз ҳужайраларидан (iPS) тайёрланган «юрак пластири» кўчириб ўтказилди.
Ушбу ишланма Осака университети ҳузуридаги Qualips компанияси томонидан яратилган бўлиб, ReHeart номини олган. У регенератив тиббиёт соҳасида iPS-ҳужайралари асосида амалиётга жорий этилган дунёдаги биринчи маҳсулотдир.
ReHeart қандай ишлайди?
Таркиби: iPS-ҳужайраларидан ўстирилган юрак мушаклари (кардиомиоцитлар) қатламидан иборат.
Таъсири: Юракка ўрнатилгач, қон томирларининг тикланишини рағбатлантирувчи моддалар ажратади.
Натижаси: Юракнинг қон ҳайдаш функциясини яхшилайди ёки барқарорлаштиради.
Кимлар учун: Ишемик кардиомиопатиянинг оғир шаклига чалинган беморлар учун мўлжалланган.
Амалиёт миокард инфарктини бошидан кечирган 50 ёшли аёлда ўтказилди. Бор-йўғи 50 дақиқа давом этган операция муваффақиятли якунланди. Бемор яқин 2-4 ҳафта ичида уйига жавоб берилиши кутилмоқда.
Маълумот учун: 2012 йилда япониялик олим Синъя Яманака илдиз ҳужайралари бўйича тадқиқотлари учун Нобель мукофотига сазовор бўлган эди. Шундан сўнг Японияда регенератив тиббиёт устувор йўналишга айланди. iPS-ҳужайралари кимёвий таъсир остида инсон организмидаги ҳар қандай тўқимага айланиш хусусиятига эга.