Янгиликлар

not found

Дори воситаларининг ножўя таъсирлари ҳақидаги хабарлар қандай тартибда ўрганилади?

Дори воситаларининг фармакологик назорати ва тиббий жиҳозларнинг хавфсизлиги мониторингини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомга кўра, дори воситасини қўллаш жараёнида ножўя таъсир кузатилса, бу ҳолат ваколатли орган томонидан ўрганиб чиқилади. Инсон ҳаётига хавф туғдирган ёки ўлим билан боғлиқ ҳолатлар 30 кун ичида, бошқа ҳолатлар эса 60 кун ичида таҳлил қилинади. Текширув давомида мутахассислар: - келиб тушган хабарларни рўйхатга олади ва текширади; - ножўя таъсир ҳақидаги маълумотларни махсус базаларга киритади; - ушбу ҳолат аввал ҳам кузатилган ёки йўқлигини аниқлайди; - шифохоналар, дорихоналар ва дори ишлаб чиқарувчилардан қўшимча маълумотлар олади; - зарур ҳолларда дори намуналарини лабораторияда текширади; - халқаро илмий манбалар ва маълумотлар базаларини ўрганади; - ножўя таъсир дори воситаси билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигини баҳолайди. Ўрганиш якунлари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади: - Агар ножўя таъсир енгил бўлиб, дори йўриқномасида кўрсатилган ва инсон соғлиғи учун жиддий хавф туғдирмаса, дори воситаси фармакологик назорат доирасида кузатувда қолдирилади. - Агар ножўя таъсир билан дори воситаси ўртасида боғлиқлик аниқланса, уни қўллаш бўйича йўриқномага ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш тавсия этилади. - Агар хавфни камайтириш имкони бўлса, дори воситасининг хавфсизлигини янада чуқурроқ ўрганиш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказиш тавсия қилинади. - Агар дори воситасининг хавфсизлиги ёки самарадорлиги бўйича жиддий муаммолар аниқланса, унинг муомалада бўлиши чекланиши, вақтинча тўхтатилиши ёки бозордан чиқарилиши мумкин. Бу тартиб аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфсиз дори воситаларидан фойдаланишни таъминлашга қаратилган.

  • 5 Июнь, 09:00
  • Батафсил
not found

Дори воситаларининг самарадорлиги халқаро илмий далиллар асосида баҳоланади

2026 йил 5 июлдан бошлаб янги тартиб амал қилади. Унга кўра, давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳар бир дори воситасининг самарадорлиги халқаро илмий манбалар орқали текширилади.Бунда дори воситаси бўйича жадвалда келтирилган нуфузли халқаро илмий базаларда эълон қилинган мета-таҳлиллар, рандомизацияланган клиник тадқиқотлар ва тизимли шарҳлар ўрганилади.Агар таҳлиллар натижасида дори воситасининг самарадорлиги илмий жиҳатдан исботланган бўлса, у ҳақда Илмий комиссия томонидан тегишли хулоса берилади.Агар дори воситасининг фойдаси халқаро илмий тадқиқотлар билан тасдиқланмаган бўлса ёки бу ҳақда ишончли маълумотлар топилмаса, у самарадорлиги исботланмаган ёки ҳали етарлича ўрганилмаган дори воситаси сифатида баҳоланади.Ушбу тартиб аҳолига хавфсиз, сифатли ва самарадорлиги илмий асосланган дори воситаларини тақдим этишга хизмат қилади.

  • 4 Июнь, 13:30
  • Батафсил
not found

ICH ассамблеяси доирасида Ўзбекистон ва NAFDAC ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Шу кунларда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида «Инсон фойдаланадиган фармацевтика воситаларига қўйиладиган техник талабларни уйғунлаштириш бўйича Халқаро кенгаш»(ICH) ассамблеяси ҳамда «Дори воситаларини тартибга солиш бўйича халқаро платформа» (IPRP)нинг умумий йиғилишлари бўлиб ўтмоқда. Мазкур халқаро тадбирларда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Тадбир доирасида Нигериянинг Дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотларини назорат қилиш миллий агентлиги— NAFDAC (National Agency for Food and Drug Administration and Control) вакиллари билан учрашув ўтказилди. Учрашув якунида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамда NAFDAC ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш, инспекция фаолияти, лаборатория синовлари, фармаконазорат, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш йўналишларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади. Таъкидлаш жоизки, NAFDAC Африка қитъасидаги энг илғор регулятор органлардан бири ҳисобланади. Агентлик Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан бериладиган WHO Maturity Level 3 (ML3) мақомини қўлга киритган ва уни муваффақиятли тасдиқлаган илк Африка регулятори сифатида эътироф этилган. Ушбу мақом регулятор тизимнинг барқарор, етук ва халқаро даражада тан олинган фаолият юритаётганини англатади. Маълумот учун, Ўзбекистон регулятор органи 2024 йилда ICHга кузатувчи сифатида қабул қилинган. Бу эса мамлакатимиз фармацевтика тизимини халқаро талаблар билан уйғунлаштириш ва дори воситаларини тартибга солишнинг замонавий механизмларини жорий этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Рио-де-Жанейрода ўтказилаётган учрашувлар ва эришилаётган келишувлар Ўзбекистоннинг халқаро фармацевтика ҳамжамияти билан ҳамкорлигини янада кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўзлаштириш ҳамда маҳаллий фармацевтика тармоғининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

  • 3 Июнь, 18:00
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech