Янгиликлар

not found

Европада қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда

Дунёдаги энг юқумли касалликлардан бири қизамиқ Европа Иттифоқи мамлакатларида тарқалмоқда.  Бу ҳақда Euronews хабар берди. 2024 йилда Европа ва Марказий Осиёда қизамиқ билан касалланиш ҳолати 127 350 тага етиб, 1997 йилдан бери энг юқори кўрсаткични қайд этганди. Соғлиқни сақлаш идоралари яқин ойларда касалланиш ҳолатлари кўпайиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича Европа маркази маълумотларига кўра, 2025 йилда Европа Иттифоқи бўйлаб қизамиқ билан касалланишнинг 5,5 мингга яқин ҳолати қайд этилган. Сўнгги бир йил ичида эмланмаган 5 ёшгача бўлган болалар орасида кўплаб ҳолатлар учраган, дейилади агентлик хабарида. Қизамиқ одатда енгил ёки ўртача оғирликдаги касаллик ҳисобланади. Аммо баъзи ҳолларда ўлимга олиб келиши мумкин. Эмлаш орқали касалликдан фориғ бўлиш мумкин.  Европа Иттифоқида қизамиқ билан касалланганларнинг аксарияти Руминияга тўғри келади. Мамлакатда апрель ойи охирида 3605 та касалланиш ҳолати қайд этилган. 3 киши ҳалок бўлган. 2023 йилда аҳолининг атиги 62 фоизи қизамиққа қарши тўлиқ эмланган. Бу касаллик тарқалишининг олдини олиш учун зарур бўлган 95 фоизлик чегарадан анча паст. 2025 йилнинг шу даврига қадар Францияда қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари 526 тани ташкил этди. Бу қисман жорий йилда мамлакатга олиб келинган қизамиқ ҳолатлари сонининг сезиларли даражада кўпайиши билан боғлиқ, дея таъкидланган. Камида 41 та ҳолат Марокашдан олиб кирилган деб қаралмоқда. 2024 йилда эса 26 та ҳолат қайд этилган. 2023 йилда Францияда аҳолининг 93 фоизи тўлиқ эмланган. Аммо халқ орасида эмланмаганлар бўлса, касаллик осонгина тарқалиши мумкин. Нидерландияда 2025 йилнинг дастлабки 4 ойида қизамиқ билан касалланиш бўйича 371 та ҳолат қайд этилган. Марокаш ёки Руминияда қизамиқ билан касалланиб, кейин мамлакатга келган одамлар орасида 20 дан ортиқ ҳолат аниқланган. Нидерландия соғлиқни сақлаш идоралари, масалан, бошланғич мактаблар ёки болалар муассасаларида қизамиқ инфекциялари кластерлари мавжудлигини, аксарият ҳолатлар 10 ёшгача бўлган болалар орасида кузатилишини билдирган. Нидерландия Европа Иттифоқида 81 фоиз билан қизамиққа қарши эмланишнинг энг паст кўрсаткичига эга. Фақат Руминия ва Кипрда (80 фоиз) қамров даражаси пастроқ.

  • 9 Июнь, 17:44
  • Батафсил
not found

Кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг муомалага киритилишининг олди олинди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Оҳангарон тумани бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда қонунга хилоф равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаролар Д.М., М.А. ва Н.Ғ. “Водий-Тошкент” йўналишида ҳаракатланиб келган “Lacetti” русумли автомашинада хорижда ишлаб чиқарилган 19 дона “Тропикамид” ҳамда 14 дона “Регопен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Тошкент шаҳрида сотиш мақсадида олиб келган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шу каби, Департаментнинг Зомин тумани бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда "F.F." хусусий корхонасига қарашли дорихона иш юритувчиси Х.Т. фуқаро Х.А.га хорижда ишлаб чиқарилган 14 қути кучли таъсир қилувчи дори воситаларини шифокор рецептисиз 4,2 млн сўмга сотиб, дори воситалари учун тўловни ўзининг банк пластик картасига ўтказиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Департаментнинг Нукус тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б.С. фуқаро Д.С.га 38 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини 1 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

  • 9 Июнь, 15:30
  • Батафсил
not found

Ким кўпроқ варикозга чалинади?

Варикоз — дунёда кенг тарқалган сурункали касалликлардан бири. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ушбу патология сайёрамиз аҳолисининг ҳар беш нафаридан бирида учрайди. — Ушбу касалликка кўпроқ аёллар мойил бўлади, — дейди Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди Акром Аҳмедов. — Бунинг асосий сабаби ҳомиладорлик билан боғлиқ. Яъни бундай опа-сингилларимизда 25-45 ёш оралиғида варикоз кўп кузатилади. Бундан ташқари, эркаклар ҳам 45-50 ёшларда бу касалликка чалинишга мойил. Хасталикнинг келиб чиқишига ирсият, узоқ муддат тик оёқда туриш, бачадоннинг бошқа органларга кучли босими, қон томирлар сиқиши, семизлик, бириктирувчи тўқиманинг туғма заифлиги, кам ҳаракатлик, гормонал дориларни қабул қилиш, эндокрин муаммолар, юқори веноз босим, сурункали касалликларнинг ривожланиши каби бир қанча омиллар сабаб бўлиши мумкин. Веналарнинг варикоз кенгайишида бир неча босқич фарқланади: - Биринчи босқичда иш кунидан кейин оёқларда оғирлик ва чарчоқ, тушдан кейин тўпиқ, оёқ ва пастки оёқ шиши кузатилади. Бундай ҳолда барча аломатлар тунги дам олишдан ёки фаол юришдан сўнг йўқолади. Шунингдек, ушбу аъзонинг тез толиқиши, болдир соҳасида веноз тугунчалар пайдо бўлиши, тик турганда веналарнинг бўртиб чиқиши, тери қичишиши ва экземасимон дерматит ҳамда бошқа қатор белгилар ривожланади. Баъзилар варикоз фақат эстетик муаммо, деб ҳисоблайди. Бу — янглиш хулоса. Ваҳоланки, мазкур касалликка ўз вақтида эътибор берилмаса, саломатлик учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Хусусан, болдир соҳасида трофик яралар пайдо бўлиши, ўткир тромбофлебит, варикоз тугунининг ёрилиб, қон кетиши, ҳатто, ўлим ҳолати кузатилиши эҳтимоли мавжуд. Шу боис варикознинг илк аломатлари пайдо бўлиши билан дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур. Хасталикка мойиллиги бор инсонлар учун профилактик чоралар муҳим. Вазнни меъёрда сақлаш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, сурункали жисмоний зўриқиш ҳамда узоқ вақт тик оёқда туришдан сақланиш, тор либос ва баланд пошнали пойабзал киймаслик тавсия этилади.

  • 9 Июнь, 12:14
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech