Янгиликлар

not found

Како маҳсулотининг ҳайратланарли фойдаси аниқланди

Гарвард тиббиёт мактаби ва Бригам аёллар шифохонаси олимлари олиб борган тадқиқотларга кўра, како экстракти қўшимчаларини узоқ муддат давомида қабул қилиш умумий гипертония ривожланиш хавфини камайтирмайди, бироқ у қон босими меъёрда бўлган инсонларда бу ҳолатнинг олдини олишда самарали бўлиши мумкин. Тадқиқот натижалари Hypertension журналида эълон қилинди. Тадқиқотда 21 442 нафар кексалар — 65 ёшдан катта аёллар ва 60 ёшдан катта эркаклар иштирок этди. Иштирокчилар тасодифий тарзда икки гуруҳга ажратилди: бир гуруҳга како экстракти ва мультивитамин қўшимчаси берилган бўлса, иккинчи гуруҳ плацебо қабул қилди. Како экстрактининг гипертония ривожланиш хавфига таъсирини аниқроқ баҳолаш мақсадида тадқиқот бошланишида қон босими ошмаган 8 905 нафар иштирокчидан иборат алоҳида гуруҳ ҳам таҳлил қилинди. Кузатувнинг ўртача даври 3,4 йилни ташкил этди. Ушбу муддат давомида икки гуруҳ ўртасида сезиларли фарқлар топилмади: бир хил частотада гипертония ҳолатлари ривожланди. Бироқ кичик гуруҳларни таҳлил қилганда,, асосий систолик босим 120 mm Hg дан паст бўлган одамларда какао қўшимчаси гипертония ривожланиш хавфини 24 фоизга камайтирган. Бу ижобий таъсир, асосан, қўшимча қабул қилинганининг иккинчи йили охирига келиб намоён бўлган. Шу тариқа, тадқиқот муаллифлари какао флаваноллари мавжуд қон босимини пасайтиришдан кўра, қон томирлар соғломлигини сақлаш ва қон босимининг эрта босқичда ошишининг олдини олишда самарали эканини қайд этишди. Какао таркибида антиоксидантларга қўшимча равишда магний, цинк, фосфор ва калий каби организм учун муҳим бўлган моддаларга ҳам бой. Шунинг учун у кайфиятни яхшилаш ва умумий аҳволни барқарорлаштиришга ёрдам беради. Ушбу ичимлик айниқса совуқ фаслларда фойдали ҳисобланади, чунки у вирусли касалликлар ва организмдаги яллиғланиш жараёнларига қарши курашиш қобилиятига эга.

  • 3 Сентябрь, 09:00
  • Батафсил
not found

III Ўзбекистон–Беларусь аёллар бизнес-форуми

Жорий йилнинг 2-3 сентябрь кунлари Беларусь Республикасининг Витебск шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Республика Кенгаши ҳамкорлигида III Ўзбекистон–Беларусь аёллар бизнес-форуми ўтказилмоқда. Мазкур форум икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва ижтимоий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Сенат Раиси бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси таркибида "Dori-Darmon" акциядорлик компанияси вакиллари ҳам мазкур йирик халқаро тадбирда иштирок этмоқда. "Dori-Darmon" АК Беларусь фармкомпаниялари билан танишиш ва ҳамкорлик шартномаларини имзолашни режалаштирган. "Ўзбекистон-Беларусь: ҳамкорлик барқарор ривожланиш омили сифатида"  мавзусида ўтказилаётган бизнес-форумда “Ўзбекистон – Беларусь: таълим, фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида бўлиб ўтган секция мажлисида икки мамлакат ҳокимият органлари, университетлари, илмий ва тиббиёт марказлари вакиллари иштирок этди. Йиғилиш давомида университетларнинг ўзаро ҳамкорлиги, технологик ривожланишда илм-фаннинг ўрни, фармацевтика саноатининг истиқболлари, оналар ва болалар саломатлиги, шунингдек, тиббиёт соҳаси учун кадрлар тайёрлаш масалалари диққат марказида бўлди. Секция мажлисида "Dori-Darmon" АК тижорат директори Р. Абдулов "Реимбурсация дастурларини ишлаб чиқиш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро истиқболлар' мавзусида маъруза қилди. Компания мисолида раимбурсация дастурининг аҳамияти, соҳага берилаётган кенг имкониятлар,  аҳолини сифатли дори-воситалари билан таъминлашда мазкур дастурнинг ўрни ҳақида маълумотлар бериб ўтди. Таъкидлаш керакки, форум доирасида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиш, янги ҳамкорлар излаш, истиқболли лойиҳаларни илгари суриш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш имкониятига эга бўлади.

  • 2 Сентябрь, 19:40
  • Батафсил
not found

Гепатит ҳар 30 сонияда бир кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда

Ҳар 30 сонияда сайёрамиз бўйича бир бемор оғир жигар хасталиги ёки вирусли гепатит туфайли келиб чиқадиган саратондан вафот этади.  Вирусли гепатитнинг А, В, С, D ва Е турлари — ўткир жигар инфекцияларининг асосий омиллари ҳисобланади. Улардан фақат В, С ва D турлари жигар етишмовчилиги ва циррози, жигар саратони хавфини сезиларли даражада оширадиган сурункали касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Бироқ вирусни юқтирган инсонларнинг аксарияти ўз хасталигидан бехабар. Таҳлилларга кўра, ҳозир дунёда гепатитнинг В, С ва D турларига чалинган 300 миллион нафардан ортиқ бемор бор. Ҳар йили улардан 1,3 миллион нафардан зиёди хасталик оқибатида вафот этмоқда. Шунга қарамай, гепатит бўйича миллий ҳаракат режасига эга мамлакатлар сони 2025 йилда 59 тадан 123 тага кўпайгани ижобий ҳол. Қолаверса, жорий йилда 129 та давлат ҳомиладор аёлларда гепатит B ни текшириш сиёсатини ишлаб чиқди. Бу 2024 йилга солиштирганда 23 та кўп кўрсаткичдир. Ўз навбатида, 147 давлат (икки йил аввал 138 та эди) янги туғилган чақалоқлар учун гепатит B га қарши эмлашни жорий қилди. Лекин ҳали муаммолар кўп. Масалан, 2024 йилда гепатитнинг B тури билан оғриган ҳар саккиз одамдан фақат бир нафарига, C тури билан касалланганларнинг эса учдан бир қисмидан сал кўпроғига ташхис қўйилган. Муолажалар қамрови борасида аҳвол бундан ҳам ёмонроқ: гепатит B га чалинганларнинг атиги 3 фоизи ва гепатит С ни юқтирганларнинг бор-йўғи 20 фоизи зарур даволаниш курсларини олган, холос. Табиийки, бу рақамлар ЖССТнинг 2025 йилга мўлжалланган глобал мақсадларида кўзда тутилган кўрсаткичлардан анча кам. Яъни диагностика бўйича 60 фоиз, муолажа борасида 50 фоизлик натижа марра сифатида белгиланган. Ваҳоланки, бу глобал мақсадлар рўёби 2030 йилгача 2,8 миллион кишининг ҳаётини сақлаб қолишга, 9,8 миллион касалланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

  • 2 Сентябрь, 09:10
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech