Янгиликлар

not found

Ҳиндистонда йўталга қарши сироп оқибатида камида 24 нафар бола вафот этди – Reuters

Coldrif сиропини ичган болаларда ўткир буйрак етишмовчилиги кузатилган. Ҳиндистон ҳукумати сироп ишлаб чиқарувчига таркибий қисмлардан бирини етказиб беришда хавфсизлик қоидалари бузилганлик эҳтимолини ўрганяпти. Ҳиндистонда камида 24 нафар бола Sresan Pharmaceuticals компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Coldrif йўтал сиропини истеъмол қилиш оқибатида вафот этган, дея хабар берди Reuters. Айни пайтда ҳукумат сироп ишлаб чиқарувчига таркибий қисмлардан бирини етказиб беришда хавфсизлик қоидалари бузилганлик эҳтимолини ўрганяпти. Қайд этилишича, Sresan Pharmaceuticals маҳаллий кимёвий маҳсулотлар дистрибютори Sunrise Biotech’дан сиропдаги фаол моддаларни эритишда қўлланадиган 50 кг пропиленгликол харид қилган. Ўз навбатида, Sunrise Biotech маҳсулотни Jinkushal Aroma’дан сотиб олганини маълум қилган. Reuters’га кўра, ҳар иккала компаниянинг ҳам фармацевтик таркибий қисмларни қайта ишлаш учун лицензиялари бўлмаган. Компания эгалари сотилган пропиленгликол дори ишлаб чиқаришда ишлатилишини билмаганликларини билдирган. Хусусан, Sunrise Biotech компанияси Reuters’га етказиб беришдан олдин эритувчини етарлича муҳрламасдан қадоқлаганини тасдиқлаган. Аввалроқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ҳиндистонда аниқланган хавфли суюқ дори воситалари ҳақида огоҳлантирганди. Маълум бўлишича, Sresan Pharmaceutical, Rednex Pharmaceuticals ва Shape Pharma томонидан ишлаб чиқарилган Coldrif, Respifresh TR ва ReLife каби препаратларнинг баъзи партиялари хавф туғдиради. Ҳиндистон давлат органлари ушбу дори воситаларини ишлаб чиқаришни зудлик билан тўхтатиш тўғрисида буйруқ берган ва уларга берилган рухсатномаларни қайтариб олган. Октябрь ойи бошида Ҳиндистонда полиция Мадхя-Прадеш штатида 17 нафар беш ёшгача бўлган болалар вафот этганидан сўнг Coldrif йўтал сиропи ишлаб чиқарувчи Sresan Pharmaceuticals фармацевтика компанияси эгасини ҳибсга олганди.

  • 26 Ноябрь, 16:40
  • Батафсил
not found

Инсулин инъекцияларининг ўрнини босувчи самарали восита ишлаб чиқилди

Чжэцзян университети олимлари диабетни даволашни тубдан ўзгартириши мумкин бўлган технологияни тақдим этдилар: улар инсулинни тери орқали крем ёрдамида етказишга муваффақ бўлдилар. Nature журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, махсус OP-I полимери инсулин молекулаларини тери тўсиғидан ўтказа олди — бу аввал молекулаларнинг катта ўлчами ва гидрофил хусусиятлари сабаб деярли имконсиз деб ҳисобланар эди. Тадқиқот гуруҳи кремни инсон тери моделларида синаб кўрди. Натижалар одатий инъекцияларга яқин бўлди: глюкоза даражаси 1-2 соат ичида нормал ҳолатга қайтди ва 12 соатгача барқарор ҳолатда сақланди. Полимер тери pH даражасига қараб зарядини ўзгартиради: тери юза қисмида липидларга «ёпишади», чуқурроқ қатламларда эса зарядини йўқотиб, инсулинни организм ичига олиб ўтади. Танага киргандан сўнг комплекс гормонни жигар, ёғ ва мушак тўқималарига босқичма-босқич ажратиб боради, бу эса яллиғланиш белгиларисиз юмшоқ ва узоқ таъсирни таъминлайди. Муаллифлар таъкидлашича, технология нафақат инсулин, балки бошқа оқсил ва нуклеин препаратларини етказиб бериш учун ҳам мос келиши мумкин. Клиник қўлланишгача ҳали вақт борлигига қарамай, ушбу натижалар диабетни «инъекциясиз» даволашга энг ишончли қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

  • 25 Ноябрь, 17:30
  • Батафсил
not found

 Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори (738-сон, 24.11.2025 й.) билан “Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Низомга кўра, дори воситалари давлат рўйхатидан умумий тартибда ва тан олиш йўли билан ўтказилади.  Қуйидагилар рўйхатдан ўтказилади: - дори воситалари; - Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг янги комбинациялари; - илгари Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган, лекин бошқача дори шаклларида, дозаларда ёки бошқа ишлаб чиқарувчи томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари; - илгари Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган, тури, сифат таркиби ва (ёки) миқдорий таркиби, ҳужайра линиясининг биологик хусусиятлари ва бошқа хусусиятлари ўзгарган ҳужайра технологияси асосида ишлаб чиқарилган биотехнология дори воситалари. Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларига кўра амал қилиш муддати 5 йил бўлган рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси берилади.  “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар давлат реестрини юритади. Давлат реестри Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Марказнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

  • 25 Ноябрь, 14:03
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech