13:00 (13.04.2026)
51
Сўнгги уч йил ичидаги расмий статистикага кўра, дунё миқёсида ҳар олтита бактериал инфекциядан бири стандарт антибиотикларга нисбатан чидамлилик (резистентлик) ҳосил қилган.
Дори воситалари таъсир қилмаётган инфекциялар бугунги кунда ОИВ/ОИТС ва безгакдан кўра кўпроқ одамнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, 2026 йилга келиб йирик фармацевтика компаниялари томонидан янги антибиотикларни ишлаб чиқиш кўрсаткичи икки баробарга камайган. Агар муаммо ҳал этилмаса, 2050 йилга бориб чидамли бактериялар 40 миллионгача одамни ҳаётдан олиб кетиши прогноз қилинмоқда.
Реал ҳаётий фожиалар
2022 йил охирида Шимолий Каролина (АҚШ) штатида яшовчи киши Непалга оиласини кўргани бориб келгач, бетоб бўлиб қолади. Оддий бактериал инфекция бўлиб кўринган хасталикни даволаш учун у АҚШнинг энг яхши шифохоналарига ётқизилиб, энг кучли антибиотиклар берилади. Аммо инфекцияни келтириб чиқарган E. coli бактерияси барча мавжуд дори воситаларига чидамлилик намойиш этади ва бемор вафот этади.
“Антибиотикларга чидамлилик — исталган вақтда ҳар биримизга огоҳлантиришсиз таъсир қилиши мумкин бўлган реал муаммо. Бизда шунчаки дори етарли эмас”, дейди инфекционист-шифокор Венс Фаулер.
Бу ягона ҳолат эмас. 2017 йилда Невадада 70 ёшли аёл АҚШдаги барча 26 турдаги антибиотикка чидамли бўлган Клебсиэлла бактерияси туфайли ҳаётдан кўз юмган. Тиббиёт олимларининг таъкидлашича, ҳозирда шифокорлар беморларга антибиотик таъсир қилмаслиги сабабли кимётерапия, бўғим алмаштириш ёки юрак трансплантацияси каби ҳаётий зарур амалиётларни ўтказа олмаётган ҳолатлар кўпаймоқда.
Ҳар олтинчи инфекция давосиз
ЖССТнинг GLASS (Антимикроб чидамлиликни назорат қилиш глобал тизими) маълумотларига кўра, 2023 йилга келиб дунёдаги ҳар олтинчи инфекция стандарт дори воситаларига бўйсунмай қолган. Мутахассислар 104 давлатдаги 23 миллиондан ортиқ ҳолатни таҳлил қилиб, шундай хулосага келди.
Бу шуни англатадики, агар шифохонада бир кунда 60 та бактериал инфекция аниқланса, улардан камида 10 таси оддий дори билан тузалмайди. Авваллари шифокорлар вазиятни қисман баҳолаган бўлса, 2015 йилда ташкил этилган GLASS тизими ҳозирда глобал манзарани кўрсатиб бермоқда.
Энг хавфли ҳудуд ва бактериялар
Антибиотикларга чидамлилик даражаси минтақаларга қараб фарқ қилади. Масалан, Жануби-Шарқий Осиё ва Шарқий Ўрта Ер денгизида вазият жуда оғир — ҳар учта инфекциядан бири чидамли. Африкада ҳар бешта инфекциядан бири резистент. Жанубий Осиё (Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш)да эса 2025–2050 йиллар оралиғида 11,8 миллион киши айнан шу сабабли вафот этиши мумкин.
Шифокорларни энг кўп хавотирга солаётган бактериялар — Escherichia cоli (E. coli) ва Klebsiella pneumoniae. Улар грам-манфий бактериялар бўлиб, дори ўтказмайдиган махсус ҳимоя қобиғига эга. Ҳозирда ушбу бактерияларнинг 40–55 фоизи учинчи авлод сефалоспорин антибиотикларига (шифокорлар кўп йиллардан бери бундай инфекцияларнинг асосий давоси сифатида қўллайдиган антибиотиклар) умуман бўйсунмаяпти.
Бундан ҳам ёмонроғи, “охирги умид” дори воситалари ҳисобланган карбапенемларга қарши чидамлилик ҳам ошмоқда. АҚШда бундай инфекциялар сони 2019 йилдан 2023 йилгача 69 фоизга, уларнинг энг хавфли тури эса 461 фоизга кўпайган. Шунингдек, 2025 йилги маълумотларга кўра, кенг тарқалган таносил касаллиги — гонорея ҳам яқин орада мутлақо давосиз бўлиб қолиши мумкин.
Антибиотикларсиз замонавий тиббиётни тасаввур қилиб бўлмайди. Кесарча кесиш, саратонни даволаш, орган трансплантацияси ёки оддий систит (сийдик йўллари инфекцияси) ҳам дори таъсир қилмаган тақдирда ўлим билан якунланиши мумкин. Масалан, АҚШда оддий систитни уйда бир дона таблетка билан даволаш ўрнига, беморларни шифохонага ётқизиб, томир орқали кучли препаратлар юбориш ҳолатлари 50 фоизга ошган.
Иқтисодий зарар ҳам улкан: фақатгина Европа Иттифоқида бу муаммо йилига 11,7 миллиард евро йўқотишга сабаб бўлмоқда.
Вазият оғир бўлса-да, ижобий янгиликлар ҳам йўқ эмас. 2025 йил декабрь ойида АҚШда ганореяни даволаш учун сўнгги ўн йилликлардаги илк янги синфга мансуб золифлодацин антибиотики тасдиқланди. Шунингдек, болалар ўртасида санитария ва эмлаш яхшилангани сабабли, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими икки баробарга камайди.
Бироқ янги дори ишлаб чиқиш жараёни бактерияларнинг ўзгариш тезлигидан анча ортда қолмоқда. 2026 йилда йирик компанияларда атиги 60 та янги лойиҳа устида иш олиб борилмоқда (2021 йилда 92 та эди).
Айни пайтда супербактериялар глобал иқтисодиётга йилига 2 триллион долларга яқин зарар етказиши мумкин. Агар глобал чоралар кўрилмаса, антимикроб резистентликнинг (AMR— микробларнинг дориларга чидамли бўлиши) ортиши яқин 25 йил ичида глобал ялпи ички маҳсулотдан ҳар йили 1,7 триллион доллар йўқотишга олиб келади. Бундан АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи энг кўп зарар кўриши мумкин. Ушбу давлатлар хориждаги соғлиқни сақлаш ва ёрдам дастурларига маблағ ажратишни кескин камайтирган.