09:00 (18.12.2024)
318
БМТ Тараққиёт дастури Коррупцияга қарши кураш агентлиги, Корея Республикасининг Коррупцияга қарши кураш ва фуқаролик ҳуқуқлари бўйича комиссияси, БМТТДнинг Сеул сиёсат маркази ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда Ўзбекистонда жамиятнинг коррупция ҳақида хабар беришга тайёрлигини баҳолашга қаратилган тадқиқот ўтказди.
Сўровда Ўзбекистоннинг 14 вилоятидан 503 нафар респондент иштирок этди.
Тадқиқот натижаларига кўра, респондентлар асосан коррупцияни порахўрлик ва қариндош-уруғчилик деб тушунади. Респондентларнинг 50 фоиздан ортиғи мансабни суиистеъмол қилиш ва қариндош-уруғчиликни коррупция деб ҳисобласа, 40 фоиздан камроғи буни қимматбаҳо совғалар бериш билан боғлайди. Аксарият одамлар совғаларни коррупция деб эмас, балки миннатдорчилик белгиси деб тушунади.
Пора олиш (88,4%) ва пора бериш (68,4%) кўпчилик томонидан қораланади, аммо сифатли хизмат учун кичик совғалар норма сифатида қабул қилинади. Респондентларнинг 22,4 фоизи мажбурликдан пора бериш ҳолатини қораламайди.
Аёллар пора берувчиларга нисбатан, эркаклар эса пора олувчиларга нисбатан кечиримли.
Сўровнома иштирокчилари соғлиқни сақлаш (56,4 фоиз), таълим (айниқса, олий таълим — 39 фоиз) ва ҳокимликларни (25,6 фоиз) энг коррупциялашган соҳалар деб атаган.
Коррупция жиддий таъсир кўрсатувчи соҳалар: йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (эркаклар — 27,2%, аёллар — 18,4%), ички ишлар органлари (эркаклар — 26,8%, аёллар — 18,8%), автомобиль йўллари (эркаклар — 21,6%, аёллар — 12,8%) ва қурилиш соҳаси (эркаклар — 23,6%, аёллар — 13,2%).
Коррупцияга оид воқеаларга гувоҳ бўлганларнинг фақат бир нечтаси бу ҳақда коррупцияга қарши кураш идораларига хабар берган. Респондентларнинг 74,8 фоизи коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришга тайёр, шу жумладан, 82,2 фоизи бунинг учун порталлар ёки мобиль иловалардан фойдаланишга тайёр. Респондентларнинг 12 фоизи коррупция ҳақида хабар бериш ёмон деб ҳисоблайди.
Аёлларга (70,4%) нисбатан эркакларда (79,2%) коррупция ҳақида хабар беришга тайёрлик бироз юқорироқ. Шу билан бирга, аёллар (85,2%) коррупция ҳақида хабар бериш учун портал ёки мобил иловадан фойдаланишга кўпроқ тайёрлигини кўрсатган.
Одамлар коррупция ҳақида хабар бермаслигининг асосий сабаби ўзлари учун салбий оқибатлардан қўрқишдир — 48,6%. Яна бир сабаб: одамлар буни бефойда деб ҳисоблайди ва ҳеч ким бунга эътибор беришига ишонмайди (24,8%). Яна 20,4 фоизи қаерга мурожаат қилишни билмайди, 19,8 фоизи коррупциядан шахсий фойда олади. 13,8 фоизи миннатдорчилик белгиси сифатида пул ва совғаларни ихтиёрий равишда беришини, 7,4 фоизи эса бу ноқонуний ҳаракат эканини билмаслигини қайд этди.
Респондентларнинг фикрича, «суюнчи», «тўёна», «раҳмат» каби тушунчалар истисно тариқасида ўзида ҳурмат ва қўллаб-қувватлашни намоён қилади. Одамлар улар қийинчиликларни енгиб ўтишни осонлаштиришга ёрдам бериши учун «юракдан берилади», деб ҳисоблайди.
«Масалан, 10 миллион сўм жарима тўлаш керак бўлса, инспектор билан келишиб, 2 миллион тўлайсиз. Энди 10 миллион қаердаю, 2 миллион қаерда эканини ўйлаб кўринг», — деб жавоб берди тошкентлик респондентлардан бири.
Респондентларнинг 64 фоизи коррупцияга қарши курашда иштирок этаётган ҳокимият органларига ишонади, 28 фоизи уларга ишонмайди, 8 фоизи жавоб беришга қийналади.
Коррупцияга қарши кураш бўйича шаҳар аҳолисининг ОАВга (қишлоқ аҳолисининг 13,7 фоизига нисбатан 20,3 фоиз) ва блоггерларга (14,1 фоизга нисбатан 17,3 фоиз) ишончи бироз юқорироқ. Қишлоқ аҳолиси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига кўпроқ ишонади (шаҳар аҳолисининг 15 фоизига нисбатан 21,4 фоиз).
Ногиронлиги бор шахслар коррупцияга қарши курашда энг кўп ишонадиган ташкилотлари қаторига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ОАВ ва блогерларни киритди.
Респондентларнинг 5 фоиздан камроғи ҳеч кимга ишонмаслигини айтди.
Ишончлилиги паст бўлган муассасалар сифатида маҳаллий муассасалар, жумладан, ҳокимликлар ва маҳаллалар аталди.
Тадқиқот муаллифлари коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришдан қўрқувни келтириб чиқарадиган шарт-шароитларни йўқ қилишни тавсия қилди. Хусусан, таклиф этилади:
Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашишда давлат органлари масъулиятини ошириш ва давлат хизматчиларининг иммунитетини мустаҳкамлаш тавсия этилади.
Тадқиқотда қайд этилишича шунингдек, суд жараёнларининг шаффофлигини ошириш, асосий вазирликларда коррупция ҳолатларини мониторинг қилиш ва назорат қилиш тизимини жорий этиш, қарорлар қабул қилиш, молиявий операциялар ва харидлар шаффофлигини таъминлаш зарур.
Бошқа тавсиялар қаторига аҳолининг турли гуруҳлари учун очиқ бўлган коррупция ҳақида хабар бериш каналларини яратиш, коррупция ҳолатларини тергов қилишда фуқаролар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида воситачи сифатида фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш, коррупция тўғрисидаги хабарларни кўриб чиқиш жараёнини такомиллаштириш ва хабар берувчиларни ҳимоя қилиш киради.