08:47 (05.03.2024)
1377
Ирландия олимлари коронавирус пандемияси даврида туғилган болаларнинг ичак микробиомаси пандемиядан олдин туғилган чақалоқларнинг микробиомасидан фарқ қилишини аниқлади. "Пандемия болалари" танасида кўпроқ фойдали ва камроқ зарарли бактериялар мавжуд. Бундан ташқари, улар аллергияга камроқ мойил.
Ичак микробиомаси инсон метаболизми ва иммунитетини тартибга солишда муҳим рол ўйнайди. Болаликнинг эрта даврида ичак микробиомасининг шаклланишига атроф-муҳит, ижтимоий алоқалар ва эпидемиологик омиллар таъсир кўрсатади.
Янги туғилган чақалоқлар микробиомани онасидан, кейинроқ, ҳаётнинг биринчи 6 ойида, атроф-муҳит ва улар билан алоқада бўлган бошқа яқин одамлардан олади. Корк университети коллежи (Ирландия) олимлари пандемиядан олдин ва пандемия даврида туғилган болаларнинг ичак микробиомаларидаги фарқларни ўрганишди. Тадқиқот Allergy журналида чоп этилди.
Олимлар 6 ойлик бўлган 351 чақалоқнинг ахлат намуналарини таҳлил қилишди ва бир йилдан сўнг буни 343 болада такрорлашди. Тадқиқотчилар, шунингдек, болаларни атопик дерматит ва озиқ-овқат аллергиялари учун синовдан ўтказдилар.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, пандемия даврида туғилган чақалоқларда бифидобактериялар кўпроқ ва токсин ишлаб чиқарадиган Clostridia токсинлари карантиндан олдин туғилган чақалоқларга қараганда камроқ. Бу карантин шароитлари билан боғлиқ, чунки болалар бегоналар билан камроқ алоқада бўлган ва камроқ касал бўлган ва шунга мос равишда антибиотиклар камроқ буюрилган. Карантин эмизиш давомийлигига ҳам таъсир қилган бўлиши мумкин. Натижада пандемия даврида туғилган чақалоқларда аллергия камроқ бўлган.
Олимлар уларнинг микробиомасидаги ўзгаришларнинг узоқ муддатли таъсири бор-йўқлигини текшириш учун тадқиқотни болалар 5 ёшга тўлганда такрорлашни режалаштирмоқда.