12:00 (09.01.2026)

117

ЖССТ жаҳон тиббиётидаги 5 та энг муҳим ютуқни эълон қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2025 йил учун ҳисоботни эълон қилди: айрим мамлакатлар ўн йиллар давомида даволаб бўлмайди, деб ҳисобланган касалликлардан тўлиқ халос бўлди, шунингдек, сайёрада сил ва безгакдан ўлим ҳолатлари камайди.

Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 2025 йилги ҳисоботида маълум қилди. Жамоат саломатлиги соҳасидаги 5 та асосий ютуқ.

1. Туберкулёз: Ўлим даражаси камаймоқда.

Сўнгги ўн йил ичида сил касаллигидан вафот этганлар сони сезиларли даражада камайди. Айниқса, бу борада Африка ва Европа минтақаларида ижобий тенденциялар қайд этилиб, ўлим кўрсаткичлари мос равишда 46 ва 49 фоизга пасайди.

 ЖССТ бундай ютуқлар бадавом бўлиши учун ОИТС, қандли диабет, чекиш ва тўйиб овқатланмаслик каби хавф омилларига қарши чора-тадбирларни кучайтириш зарур, деган хулосада.

2. Қизамиқ: Вакциналар миллионлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қоляпти.

Оммавий эмлаш тадбирлари натижасида 2000-йиллар бошига нисбатан қизамиқдан ўлим ҳолатлари қарийб 90% га камайди. Бироқ ташкилот айрим мамлакатларда эмлаш қамрови етарли эмаслиги сабаб касаллик ҳолатлари ортиб бораётганидан огоҳлантирди.

Ўлим ҳолатлари камайганига қарамай, дунё бўйлаб қизамиқ билан касалланиш сони ўсмоқда: 2024 йилда тахминан 11 миллион нафар касалланиш ҳолати қайд этилди, бу эса 2019 йилга нисбатан қарийб 800 мингтага кўп.

3. Айрим мамлакатларда хавфли инфекциялар тўлиқ бартараф этилди

Мальдив ороллари дунёда илк бор ОИТС, сифилис ва гепатит В нинг онадан болага юқишини тўлиқ тўхтатган давлат сифатида эътироф этилди.

Бурунди, Миср ва Фижи трахома хасталигига, Гвинея ҳамда Кения уйқу касаллигига (африка трипаносомози), Нигерия эса онхоцеркозга бутунлай барҳам беришга эришди.

4. Безгакка қарши курашда янги босқич

2025 йилда Грузия, Суринам ва Тимор-Лешти “безгакдан холи давлатлар” сифатида тан олинди. Африканинг яна 7 та мамлакатида бу касалликка қарши эмлаш жорий этилди.

Ҳозир безгакка қарши вакциналар дунёнинг 24 давлатида қўлланилмоқда. Бундай чора-тадбирлар туфайли сайёрамиз бўйича тахминан 170 миллионта касалланиш ва 1 миллионга яқин ўлим ҳолатларининг олди олинди.

5. Эмлаш дастурлари кенгаймоқда

Дунё бўйлаб менингит, полиомиелит, пневмококк ва ротавирус инфекциялари, шунингдек, бачадон бўйни саратонининг асосий сабаби бўлган инсон папиллома вируси (ОПВ)га қарши эмлаш қамрови кенгаймоқда. 

2025 йил ноябрь ҳолатига кўра, 86 миллион нафар қиз ОПВ га қарши вакцина олган. 

2025 йилда Бразилия, Хитой, Индонезия, Нигерия, Покистон ва Руанда эмлаш ва скрининг дастурларини кенгайтирди, бу эса бачадон бўйни саратонини тўлиқ тўлиқ бартараф этиш арафасида турибди. 

Шунингдек, дунёдаги чақалоқларнинг камида 89% дифтерия, қоқшол ва полиомиелитга қарши камида битта дозада вакцина олган.

Бироқ ЖССТнинг қўшимча қилишича, 2024 йилда урушлар, вакцина етказиб беришдаги узилишлар ва эмлашга оид ёлғон ахборотларнинг кўпайиши сабабли 20 миллион бола зарур эмлашларни ололмаган. 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech