08:55 (26.12.2024)

92

Миллий фармацевтика соҳасида қандай натижаларга эришилмоқда?

Кейинги йилларда мамлакатимизда миллий фармацевтика соҳаси жадал ривожланмоқда.

Бу эса нафақат ички бозорни сифатли ва рақобатбардош дори-дармонлар билан таъминлаш, балки юртимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилмоқда. Буни қуйидаги мисоллар ҳам яққол тасдиқлайди.

Фармацевтика тармоғида жорий йилда эришилган асосий кўрсаткичларга эътибор беринг:

- 5,1 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди;

- 310 млн. долларлик инвестиция ўзлаштирилиб, 28 та лойиҳа амалга оширилди;

- илк бор Франция, Германия, Дания ва Словакия каби давлатларга экспорт амалга оширилиб, ташқи савдо географияси кенгайди ва умумий ҳажми 200 млн. долларга етди;

- Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 765 млрд. сўмлик янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди;

- “Ташкент Фарма Парк” фармацевтика кластерида 1,4 млрд. долларлик 41 та лойиҳа рўёбга чиқарилди.

Умуман, охирги етти йилда ушбу соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 2 марта ошган бўлса, экспорт 11 баробарга ортган. Шуларга мос равишда 750 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилган ва натижада ушбу йўналишдаги корхоналар сони 3 мартага кўпайишига эришилган.

Аммо бу чегара эмас, юртимизнинг фармацевтика салоҳияти ниҳоятда юқори. Агар у тўлиғича ишга солинадиган бўлса, ютуқларимиз янада салмоқ касб этиши турган гап.

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Tashkent Pharma Park” инновацион кластерида фармацевтика соҳасидаги корхоналар раҳбарлари билан бўлиб ўтган мулоқоти давомида айни масала кенг таҳлил қилинди. Муҳими, давлатимиз раҳбари томонидан тармоқ истиқболига йўналтирилган бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.

 Жумладан, унга кўра қуйидаги вазифалар амалга оширилади:

• 2025 йилда кенг истеъмол қилинадиган 200 турдаги дори воситаларини ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришни 2 баробар оширишга доир махсус дастур тайёрланади.

• Фармацевтика тармоғида Илғор лойиҳалар инвестиция жамғармаси тузилади ва у биофармацевтика, ҳужайра технологиялари, онкология каби йўналишлардаги лойиҳаларга улуш билан киради ва уларга катализаторлик қилади.

• Янги ишланмаларни тижоратлаштириш, стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун 10 миллион долларлик венчур компания очилади ва стартап лойиҳа четдан қанча маблағ жалб қилса, мазкур компания шунча пулни қўшимча экспертизасиз беради.

• Инновация жамғармасидан 20 миллиард сўм грант ажратилади ва у янги ишланмалар учун йўналтирилади.

• Келгуси йилда ҳар бири 5 гектардан иборат бўлган доривор ўсимликлар плантациялари барпо этилади ва уларни қайта ишлаш бўйича 5 та намунавий лойиҳа рўёбга чиқарилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech