09:04 (03.10.2023)

1610

ССВ: Юртимизда туберкулёз касаллигига бор-йўғи 70 дақиқада аниқ ташхис қўйилмоқда

Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясидан аҳоли саломатлигини таъминлаш билан боғлиқ қатор устувор мақсадлар ўрин олган.

Шулардан бири — туберкулёз хасталигига тааллуқли. Белгиланишича, юртимизда туберкулёздан касалланиш кўрсаткичини ҳар 100 минг аҳолига нисбатан ҳозирги 34 нафардан кескин камайтириш режалаштирилган.

Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наргиза Парпиева шу йўналишдаги амалий ишлар ва улардан кутилаётган натижалар ҳақида маълумот берди:

Бу соҳанинг ислоҳ қилиниши натижасида сўнги 10 йил ичида қарийб 170 минг нафар инсон ҳаёти сақлаб қолинди, — дейди мутахассис. — Давлат дастурларида назарда тутилган чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши натижасида туберкулёз билан касалланиш кўрсаткичини 2010 йилга нисбатан 43 фоизга, ўлим кўрсаткичини эса 84 фоизга камайтиришга эришилди. Даволаш самарадорлиги эса 91,2 фоизга етказилди.

Охирги икки йилда ЖССТ тавсиялари асосида фтизиатрия бўйича барча клиник кўрсатмалар янгиланди, жами 1530 нафар мутахассис қайта тайёргарликдан ўтди. Бундан ташқари, туберкулёз касаллиги тарқалишининг олдини олиш учун ҳар йили янги туғилган чақалоқларнинг 97 фоизи эмланмоқда.

Ҳозир туберкулёзни аниқлаш бўйича туман, шаҳар, туманлараро, вилоят ва марказий лабораториялардан иборат 5 босқичли замонавий тизим ишлаб турибди.

Хасталик профилактикаси, диагностикаси ва муолажаси учун зарур барча дори воситалари давлат томонидан бепул таъминланмоқда ва бунга ажратилаётган маблағлар ҳажми йилдан йил ошириляпти.

Яна бир муҳим янгилик: авваллари юртимизда туберкулёзни аниқлаш учун 3-4 ойлаб вақт талаб этиларди. Ҳозирги кунда эса бу касалликка генно-молекуляр усули орқали бор-йўғи 70 дақиқа ичида аниқ ташхис қўйилмоқда.

Айни пайтда юртимиз бўйича 97 та ПЗР лабораторияси фаолият кўрсатмоқда, улардан 40 таси бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида жойлашган.

Илғор операция усуллари жорий этилиши, самарали дори-дармонлар қўлланилиши натижасида туберкулёзнинг турғун шакли билан касалланган беморларни даволаш муддати ҳам 2 йилдан 6-9 ойга қисқарди.

Президентимизнинг тегишли қарори асосида тасдиқланган алоҳида дастур ҳамда туберкулёз касаллиги ва пульмонология хизматларини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичларига кўра:

2023-2026 йилларда ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан 255 миллион доллар, халқаро донорлар ҳисобидан 17 миллион доллар маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Ўзбекистоннинг 14 та маъмурий ҳудудида “Ўпка саломатлиги” кўчма мобил бригадалари ташкил этилиб, чекка ва олис манзилларда яшовчи аҳолини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилмоқда.

Махсус микроавтобуслар замонавий ПЗР, мобил рентген, спирометрик, электрокардиографик ускуналар билан жиҳозланиб, улар ёрдамида мамлакатимизнинг чекка ҳудудлари аҳолисини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш амалиёти жорий этилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech