14:15 (05.02.2024)
815
Йиғилишда ихтисослашган тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш талабига жавоб берадиган тизим ҳали яратилмагани кўрсатиб ўтилди.
Сўнгги йилларда бепул даволаниш учун ордердан воз кечилди. Маблағни муассасадаги ўринлар сонига эмас, беморлар сонига қараб ажратиш тизими яратилди. Лекин, ҳалигача беморларда танлаш ҳуқуқи йўқ. Бундан ташқари, вилоят шифохоналарига йўлланма олиш ҳалигача рақамлашмаган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг Лойиҳа офисига вилоят шифохоналарини ҳам электрон йўлланма тизимига улаш, бу тизимда хусусий клиникалар иштироки мезонларини ишлаб чиқиш топширилди.
Ихтисослашган тиббиёт марказларида замонавий бошқарувни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Пуллик хизматлар нархи шаффоф эмаслиги танқид қилинди.
Шу муносабат билан 23 та марказ, 12 та тиббиёт олийгоҳи, 2 та шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш марказларининг ҳар бирига замонавий менежерларни ишга олиб, халқаро аккредитациядан ўтказиш топширилди.
Бу ишлар орқали шифокор ва ҳамшираларни янгича ўқитиш, даволаш сифатини ошириш, дори ёзишни камайтириш, энг муҳими – ривожланган клиникалар муҳитини олиб кириш муҳимлиги қайд этилди.
Сўнгги икки йилда тиббиёт соҳасини рақамлаштиришга бюджетдан 90 миллиард сўм йўналтирилди. Лекин натижа кутилганидек эмас. Туман, вилоят ва республика ташкилотлари 10 га яқин ахборот тизимларини ишлатаяпти, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам бир-бирига боғланмаган. Бирламчи бўғин рақамлашмагани боис шифокор вақтининг учдан икки қисми ҳисобот тўлдиришга кетаяпти.
Шу муносабат билан мутасаддиларга “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона” ва “Электрон тиббий карта” тизимларини ишга тушириш, кафолатланган пакетга кирган дориларни электрон рецепт асосида беришни йўлга қўйиш топширилди.
Йиғилишда оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
"Ҳар бир она ва бола ўлими “фавқулодда ҳолат” деб баҳоланади ва сўров шунга яраша бўлади"- дея огоҳлантирди Президент Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлари, вилоят ва туман тиббиёт идоралари раҳбарларини.
Хориждан мутахассисларни олиб келиб, энг аввало, она ва гўдак ўлими юқори 20 та туман ва шаҳардаги тиббиёт ходимларини ўқитиш топширилди.
“Хавф гуруҳи”га кирган ҳомиладор ва туғруқ ёшидаги аёллар билан ишлаш протоколи янгиланади.
Тиббиёт бригадаларидаги 8,5 минг доя илғор тажриба асосида репродуктив саломатлик ва ҳомиладорлар парвариши бўйича ўқитилади.
Перинатал марказлар бошқарувига хорижий мутахассисларни олиб келиш, 229 та туғруқхонани замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш топширилди.