11:04 (29.09.2023)
1889
Шу йилнинг 19-26 сентябрь кунлари Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясининг умумий муҳокамаси доирасида силга қарши кураш бўйича юқори даражадаги йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Ушбу формат соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат, ҳукумат раҳбарлари ва вазирлар иштирокидаги йирик халқаро тадбир бўлиб, силга қарши курашда ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган глобал вазифаларнинг стратегик мақсадларини аниқлашга қаратилган. Форум 2018 йилда Бош Ассамблеянинг биринчи шунга ўхшаш йиғилиши ташкил этилганидан 5 йил ўтиб ўтказилмоқда. Кейинги учрашув 2028 йилда бўлиб ўтади.
Унда БМТга аъзо 193 та мамлаатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, соғлиқни сақлаш вазирлари, Бош Ассамблея раиси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ЭКОСОС) раҳбарлари, шунингдек, БМТнинг ихтисослашган идоралари, парламентлар, халқаро донорлар, фуқаролик жамияти, илмий доиралар, тиббиёт бирлашмалари ва хусусий секторнинг юқори даражали вакиллари иштирок этишди.
Юқори даражадаги йиғилишнинг биринчи ялпи сессиясини Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов олиб борди. Вазир ўз нутқида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида силга қарши курашиш миллий тизимини тубдан модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 130 минг кишининг ҳаёти сақлаб қолинди, сил касаллиги билан касалланиш 43 фоизга, ўлим даражаси 84 фоизга камайди.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил январь ойида қабул қилинган «2023-2026 йилларда фтизиатрия ва пульмонология хизматини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳияти алоҳида таъкидланди. Ҳужжатда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш билан бир қаторда латент сил касаллигига қарши скрининг текширувлари сонини йилига 1 миллион нафарга етказиш кўзда тутилган.
Тадбир якунида аъзо давлатлар Ўзбекистон ва Польша мувофиқлаштирувида ишлаб чиқилган Сиёсий декларацияни бир овоздан қабул қилдилар. Мазкур ҳужжат БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош штаб-квартирасида ҳам, халқаро ташкилотларнинг бош идоралари жойлашган дунёнинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтган йил давомида олиб борилган пухта тайёргарлик ишлари ва жадал давлатлараро музокаралар натижасидир.
Ҳужжатда 2030 йилгача силга қарши глобал эпидемияга барҳам беришни жадаллаштириш бўйича аниқ вазифалар ўрин олган. Хусусан, 90 миллион аҳолини сифатли даволаш ва профилактика тадбирлари билан таъминлаш режалаштирилган. Ушбу жараёнда, 2023-2027 йилларда, шу жумладан 4,5 миллион болалар, 1,5 миллион дорига чидамли сил билан касалланган беморлар қамраб олинади. Шунингдек, аъзо давлатлар сил касаллигини глобал молиялаштиришни 2027 йилга бориб йилига 5,4 миллиард доллардан 22 миллиард долларгача ва 2030 йилга бориб эса 35 миллиард долларгача, яъни ҳозирги даражадан тўрт баравардан кўпроққа ошириш мажбуриятини олдилар.
Сиёсий декларация биринчи марта мамлакатларнинг кейинги 5 йил ичида силга қарши янги вакцинани ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва фойдаланишни бошлаш мақсадларини тасдиқлайди. Ҳозирги вақтда сил касаллигини даволаш учун фойдаланилаётган «БЦЖ» ягона вакцинаси 100 йил олдин ишлаб чиқарилган. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур стратегик ҳужжатнинг қайд этилган қоидаси сил касаллигини бартараф этишда жаҳон ҳамжамиятининг асосий ютуғидир.