Янгиликлар

not found

Янги дори препарати организмни ёшартиришга ёрдам беради

Хитой қариш жараёнини секинлаштириши мумкин бўлган дори воситасини муваффақиятли синовдан ўтказди. Cell журналига кўра, у иммунитет тизимини рағбатлантирувчи ва тананинг янгиланишига халақит берадиган қариш ҳужайраларини тозалашга ёрдам берадиган инъекцияни ўз ичига олади. Янги препарат илмий жиҳатдан модификация қилинган, ёшга боғлиқ ўзгаришларга чидамлилиги оширилган илдиз ҳужайралар асосида яратилган. Инъекциядан сўнг, организм янгиланиш жараёнини бошлайди, бу ҳам ташқи кўринишга, ҳам тери, соч ва тирноқларнинг ҳолатига, ҳам ички органлар ва мия фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Мутахассислар 12 ҳафталик синовлар натижасига қараб, организмнинг тахминан етти йилга ёшаришига тенг бўлган яхшиланиш ҳолатини қайд этдилар. Шунингдек, препаратнинг репродуктив тизимга ҳам ижобий таъсири кузатилган. Nature Aging маълумотларига кўра, қариган ҳужайраларни йўқ қилувчи сенолитик дориларни қўллаш турли мамлакатларда фаол ўрганилмоқда. Бироқ, ушбу ишланмаларнинг аксарияти ҳали ҳам клиникадан олдинги синовларда ва кенг қўлланилиши самарадорлик ҳамда хавфсизликни тасдиқлашни талаб қилади.

  • 4 Ноябрь, 16:00
  • Батафсил
not found

1 январдан 2,6 минг турдаги рецептли дориларнинг нархи тушиши кутилмоқда

Президентга фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери саноат ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар, сифат ва хавфсизликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимот қилинди. Тақдимотда қайд қилинишича, тармоқ корхоналари томонидан қиймати 5 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди, 172 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди ҳамда 286 миллион доллар инвестиция, шундан 257 миллион доллар хорижий сармоялар ўзлаштирилди. Сифат ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида дори воситаларини ишлаб чиқарувчи 61 та корхонада GMP, 486 та дистрибьюторлар омборида GDP ҳамда 9450 та дорихонада GPP стандарти жорий қилинди. Тақдимот давомида импорт қилинаётган дориларнинг референт нархларини шакллантиришда турли манипуляцияларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ва таклифлар бўйича ахборот берилди. Ҳозир 7,6 мингта импорт дори воситасидан 4,9 мингтаси референт мамлакатларнинг нарх реестрида мавжуд эмас. Таклиф этилаётган чора-тадбирларга кўра, 2026 йил 1 январдан 2,6 минг турдаги рецептли дориларнинг нархи ўртача 40-50 фоизга тушиши кутилмоқда. Тақдимот давомида фармацевтика маҳсулотларининг давлат харидларини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида ҳам ахборот берилди. Шифохоналарда сифатсиз маҳсулотлар хариди ва коррупсион омилларни бартараф қилиш мақсадида энди барча давлат харидлари “farma.xarid.uz” махсус электрон тизим орқали амалга оширилади. Мазкур электрон тизим ишга туширилганидан сўнг давлат харидларида фақат ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва маҳсулот хавфсизлиги бўйича барча зарур сертификатларга (GMP, ISO:13485 GDP) эга иштирокчилар қатнаша олади. Давлат харидлари ҳажмлари ҳамда тегишли сертификатларга эга ишлаб чиқарувчилар ва дистрибьюторлар реестрлари жамоатчилик учун очиқ бўлади. Давлат харидлари жараёнида маҳсулотларнинг нархи белгиланган референт нархларидан юқори бўлмаслиги ушбу тизимда автоматик тарзда текширилади. Давлат харидлари жараёнида маҳсулотларнинг нархи белгиланган референт нархларидан юқори бўлмаслигини ушбу тизимда автоматик тарзда текширилади. Давлатимиз раҳбари 2026 йил 1 январга қадар ушбу тизим доирасида давлат тиббиёт муассасаларида дори воситалари ва тиббий жиҳозлар эҳтиёжларини шакллантириш ҳамда қолдиқларни самарали бошқариш бўйича махсус платформани ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди. Президентимизга, шунингдек, аҳолини сифатли, хавфсиз ва самарадор дори воситалари билан таъминлаш мақсадида дори воситалари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг янги тартиби тақдимот қилинди. Унга кўра, дори воситаларини технологиялар трансфери орқали ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Хорижий фармацевтика компаниялари томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг қувватларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш ва тезлаштирилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш имкони яратилади. Янги турдаги, биотиббий ҳужайра маҳсулотлар қаторига кирган, шикастланган тўқималарни даволаш, аъзоларнинг қисмларини ўстириш, организмнинг функционал имкониятларини тиклаш учун қўлланиладиган дори воситаларини тиббиёт амалиётига татбиқ қилиш имконияти яратилади. “Дженерик” дори воситаларининг клиник синовларини ўтказиш ва натижаларини баҳолаш халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилади ҳамда уларни рўйхатдан ўтказиш муддатлари қисқартирилади. Эндиликда хавфсизлик классификацияси бўйича 1-синфга мансуб тиббий жиҳозлар лаборатория синовларидан (стерил, ўлчов воситали ва инвазив тиббий жиҳозлар бундан мустасно) ва клиник тадқиқотлардан ўтказилмайди. Президентимиз билдирилган таклифларни маъқуллаб, 2025 йил якуни бўйича 166 миллион долларлик 32 та инвестиция лойиҳасини тўлиқ ишга тушириб, 1500 та янги иш ўринларини яратиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини янада ошириш, рецептли дориларнинг нархларини тушириш бўйича аниқ кўрсатмалар берди. 

  • 4 Ноябрь, 10:00
  • Батафсил
not found

6 ойда 3,7 мингта ҳолатда тадбиркорларга асоссиз жарималар қўлланилган

Ўзбекистонда тадбиркорларга асоссиз жарималар қўллангани учун жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда. Бунга бундай амалиёт кўп учраши ва бу учун жазо йўқлиги сабаб қилиб келтирилмоқда.  Бизнес омбудсман томонидан тадбиркорлик субъектига нисбатан асоссиз равишда жарималар қўллаган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси жамоатчилик учун эълон қилинди. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 241−11-моддаси билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан асоссиз равишда молиявий жарималар қўллаш, агар бундай ҳолат суд томонидан қонунга хилоф деб топилса базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бизнес омбудсманнинг маълум қилишича, 2024 йил давомида тадбиркорлик субъектлари томонидан асоссиз равишда қўлланган молиявий жарималар бўйича судларга жами 6370 та шикоят аризаси келиб тушган. Уларнинг 5280 таси биринчи инстанция судлари томонидан тўлиқ қаноатлантирилиб, натижада қарийб 1,4 трлн сўм миқдордаги молиявий жарималар бекор қилинган. 2025 йилнинг биринчи ярмида эса судларга 4738 та шикоят келиб тушган бўлиб, уларнинг 3755 таси қаноатлантирилган ва натижада қарийб 3,1 трлн сўм миқдордаги жарималар бекор қилинган. «Юқорида келтирилган маълумотларга кўра, тадбиркорлик субъектларига нисбатан назорат қилувчи органлар томонидан асоссиз равишда молиявий жарималар қўлланиши ҳолатлари амалиётда кўп учрамоқда ва ушбу жарималарни нотўғри қўллаганлик юзасидан қонунчиликда маъмурий жавобгарлик белгиланмаган», — дейди қонун лойиҳаси муаллифлари. Қайд этилишича, маъмурий жавобгарликнинг мавжуд эмаслиги ўз навбатида, назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан асоссиз ва ҳеч бир сабабларсиз молиявий жарималарни қўллашга сабаб бўлмоқда ва уларнинг масъулиятини инкор этмоқда. «Судлар томонидан кўриб чиқилган шикоятларнинг асосий қисми тадбиркорлик субъектлари фойдасига ҳал этилгани ва триллионлаб сўм миқдордаги жарималар бекор қилинганлиги, мазкур муаммонинг долзарблиги ҳамда тизимли ечим зарурлигини тақозо этмоқда», — дейилади лойиҳа ҳужжатида. Қонун лойиҳаси муҳокамаси 9 ноябргача давом этади.

  • 3 Ноябрь, 16:10
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech