Янгиликлар

not found

Депутатлар электрон сигареталарни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 7 январь куни бўлиб ўтган мажлисда Ўзбекистонда электрон сигареталар муомаласини тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Тақиқ учун асос Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров электрон сигаретанинг зарари ҳақида маъруза қилди. Унинг сўзларига кўра, электрон сигареталарда никотиндан ташқари 80 га яқин канцероген, заҳарли кимёвий бирикмалар ва оғир металлар мавжуд бўлиб, улар инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга жиддий салбий таъсир кўрсатади. Хусусан, никотинга қарамлик кучайиб, болалар ва ўсмирларда мия шаклланиши бузилишига, интеллектнинг пасайишига, қобилият ва кўникмаларнинг ёмонлашишига, тажовузкорликнинг ривожланишига, астма, бронхит, пневмония, марказий асаб тизими, буйрак ва жигар фаолиятининг бузилишига, инсульт, инфаркт ва бошқа касалликларнинг ривожланишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Соғлиқни сақлаш вазири ДНК тузилмасининг шикастланиши, аёлларда репродуктив қобилиятнинг пасайиши, шунингдек, ҳомиладорликда туғма касалликлар ва болалар ўлими билан боғлиқ мутаген таъсирга эътибор қаратди. «Асосий савол туғилади: ахир одамлар оддий сигареталарни ҳам чекишади, бу кенг тарқалган усул. Статистика билан ўртоқлашаман. Нима учун биз таркибида никотин ва сунъий хушбўй моддалар бўлган электрон сигареталарни тақиқлаш ташаббуси билан чиқяпмиз? Кузатишларга қараганда, оддий сигареталарни катта ёшдаги одамлар чекади. Ўзбекистон бозорига жозибадор таъсирга эга хушбўй сигаретa ишлаб чиқарувчилар кириб келганидан сўнг ёшлар, айниқса, ўқувчилар ва афсуски, қизлар ўртасида таҳдид пайдо бўлди ва уларни истеъмол қилиш кескин ошди», — деди Асилбек Худаяров. 2023 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатларни электрон сигареталар тарқалишини назорат қилиш учун «тезкор чоралар» кўришга, шу жумладан хушбўй вейпларни тақиқлашга чақирган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 37 мамлакатда, жумладан Аргентина, Бразилия, Шимолий Корея, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Норвегия, Сингапур, Туркия, Туркманистонда электрон сигареталар муомаласи тақиқланган. Қозоғистонда ҳам электрон сигареталар муомаласини тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Буюк Британия 1 июндан бошлаб бир марталик вейпларни сотишни тақиқлайди. Асилбек Худаяров бу соҳада зудлик билан зарур чоралар кўрилмаса, маҳсулотни истеъмол қиладиган ёшлар катта бўлгандан кейин оддий сигареталардан уч баробар кўп чекишни бошлаши мумкинлигини айтди. Лойиҳага тузатишлар Ҳозирда «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддасига асосан чекилмайдиган тамаки маҳсулотларини, шу жумладан, таркибида никотин мавжуд бўлган чекилмайдиган маҳсулотларни, таркибида маҳсулотнинг жозибадорлигини оширишга қаратилган моддалар ёки никотинга қарамликни оширадиган қўшимчалар мавжуд бўлган никотинли ва никотинсиз суюқликларни, никотинли ва никотинсиз суюқликлари бўлган тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини, шунингдек электрон сигареталарни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (шу жумладан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали олиб кириш) ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиш тақиқланади. Қонун лойиҳаси билан никотин етказиш қурилмалари (вейплар), шу жумладан, электрон сигареталар ва улар учун суюқликлар муомаласини, хусусан, уларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқишни тақиқлаш таклиф этилмоқда. Ҳужжат билан ушбу соҳадаги жавобгарлик ҳам белгиланмоқда. Хусусан, Жиноят кодексининг 186−1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) моддаларини тамакини иситиш тизими билан тўлдириш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари ва никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари, шу жумладан, электрон сигареталарни ноқонуний муомалага киритганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни жорий этиш таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, ҳуқуқбузар ўз айбига ихтиёрий равишда иқрор бўлиб, ҳуқуқ-тартибот органларини хабардор қилган тақдирда, уни жавобгарликдан озод қилиш таклиф қилинмоқда. Соғлиқни сақлаш вазири 6 январь куни партиялар фракциялари билан ўтказилган учрашувда лойиҳа фаол муҳокама қилингани ва қонунни иккинчи ўқишга қадар маромига етказиш учун асос бўладиган турли тузатишлар таклиф қилинганини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, гап икки турдаги электрон сигареталарни тақиқлаш ҳақида кетмоқда: «Биз кичик тадқиқот ўтказдик. Ходимларимиз бир нечта [электрон сигареталар] намуналарини сотиб олишди, биз уларни таққосладик. Электрон сигарета истеъмолчиларининг аксарияти „ўзини ҳурмат қилади“ ва қимматроқ тамаки маҳсулотларини чекиш учун электрон тизимларни сотиб олиш имкониятига эга. Биринчи босқичда биз уларни тақиқламаймиз, чекламаймиз. Бу ерда гап таркибида маълум миқдорда никотин ёки шубҳали кимёвий моддалар бўлган хушбўйлаштирилган сигареталар, яъни ёшлар орасида кенг тарқалган сунъий электрон сигареталар ҳақида кетмоқда», — деди у. Соғлиқни сақлаш вазирлиги таҳлилларига кўра, ўсмирлар ва ёшлар электрон сигареталарни катталарга нисбатан 3 баробар кўп истеъмол қилади. 18−29 ёшдаги аҳоли орасида тамаки иситиш тизимларидан фойдаланиш даражаси 30−69 ёшдагиларга нисбатан 2,5 баравар юқори.

  • 8 Январь, 15:00
  • Батафсил
not found

2024-йилнинг асосий илмий ютуқлари номланди

Science журнали муҳаррирлари 2024-йилда илмий ҳамжамиятдаги асосий ютуқлар рўйхатини эълон қилишди. Журналга кўра, йилнинг асосий кашфиёти ОИВга қарши «Ленакапавир» препарати бўлди. Янги механизмга эга бўлган инъекцион препарат инфекцияни олдини олишнинг юқори самарадорлигини намойиш этди. Муаллифларнинг сўзларига кўра, улар Ленакапавирни нафақат юқори самарадорлиги туфайли йилнинг ютуғи сифатида танладилар: "муваффақият ОИВ капсид оқсилининг тузилиш ва функциясини янгича тушунишдан келиб чиқди". Йилнинг илмий ютуқлари рўйхатига шунингдек, аутоиммун касалликларига қарши CAR-T ҳужайра терапияси, Жеймс Уэбб телескопи ёрдамида биринчи галактикаларнинг пайдо бўлиш механизмларини очиб бериш, РНК асосидаги пестицид спрейи, сув ўтлари ҳужайраларида маълум бўлган биринчи азот бириктирувчи органелланинг тавсифи киритилган. Science мутахассислари шунингдек, магнитланишнинг янги турини, Хитойдан 1,6 миллиард йил бўлган микроскопик сувўтларга ўхшаш фотоалбомларнинг топилишини ва қитъаларнинг шаклланиши билан боғлиқ бўлган мантия тўлқинлари назариясининг кашф қилинишини ҳам таъкидлаб ўтишган. 

  • 8 Январь, 11:53
  • Батафсил
not found

Кунига 9 соатдан кўп ухлаш инсультга сабаб бўлиши мумкин — тадқиқот

Исландиялик мутахассислар ўтказган тадқиқотга кўра, бир кеча-кундузда тўққиз соатдан ортиқ ухлайдиган одамларда инсультга чалиниш эҳтимоли 85 фоизга юқори бўлиши мумкин. Тадқиқот натижалари Neurology журналида чоп этилди. Тадқиқот Nordic Health Research деб номланган йирик лойиҳа маълумотларига асосланган. Унда оғир хасталиги йўқ, ўртача ёши 62 ёш бўлган 32 минг киши этди. Тадқиқотчилар иштирокчиларни олти йил давомида кузатиб, уларнинг уйқу режими ва касаллик тарихи ҳақида маълумот тўплашди. Натижалар кунига тўққиз соатдан ортиқ ухлайдиган (иштирокчиларнинг 24 фоизи) ёки кундузи 90 дақиқадан кўпроқ дам оладиган (иштирокчиларнинг 8 фоизи) одамларда инсульт хавфи 7-8 соат ухлайдиган одамларга нисбатан 85 фоиз юқори эканини кўрсатди. Олимларнинг таъкидлашича, ҳаддан ташқари кўп ухлаш қон-томир касалликлари ривожланиши хавфини оширади. Тунги уйқу давомийлиги тавсия этилган меъёрдан ошиб кетган иштирокчиларда инсульт хавфи 23 фоизга ортган. Узоқ муддатли кундузги уйқу ҳам хавфли бўлиб чиқди: тадқиқотда бир ярим соатдан ортиқ дам олиш қон-томир касалликлари эҳтимолини 25 фоизга оширган. 

  • 8 Январь, 08:48
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech