Янгиликлар

not found

“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмига кирадиган хизматларни кўрсатиш, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий фаолиятини амалга ошириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.  Мазкур қонун лойиҳаси билан “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ва “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида қўшимча хизматлар ҳисобланадиган тиббий ёрдам турлари белгиланишини, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказилган шахслар тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини олишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Яъни, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмидан ортиқча тиббий хизматлар ва бошқа хизматлар қўшимча хизматлар бўлиб, улар пулли асосда амалга оширилиши назарда тутилмоқда. Оилавий шифокорнинг ёки тиббиёт бригадасининг йўлланмасисиз мурожаат қилган фуқароларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам ҳам қўшимча хизмат ҳисобланади. Бундан шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш мустасно. Шунингдек, соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатига олишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда. Хусусан, тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига ўзига тиббиёт соҳасида, олий ёки касбий таълим олганлик тўғрисидаги диплом берилган ва давлат рўйхатидан ўтказилган шахслар эга бўлиши белгиланмоқда. Бунда тиббиёт соҳасида олий ёки касбий таълим тўғрисидаги диплом берилганда якуний давлат аттестациясининг натижасига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилади. Мажлисда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг юқори сифатли тиббий хизмат олиш ҳуқуқларини самарали таъминлашга, соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этишга, қонунчилик ва малака талабларига мос келмайдиган шахсларнинг тиббий ҳамда фармацевтик фаолият билан шуғулланишининг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

  • 14 Январь, 09:37
  • Батафсил
not found

Дори воситалари ва тиббий жиҳозлар танқислиги шароитида уларни тезкор таъминлаш бўйича янги тартиб жорий этилди

Аҳолини ҳаётий зарур дори воситалари ва тиббий жиҳозлар билан узлуксиз таъминлаш мақсадида муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2026 йил 5 январьдаги 24-сон буйруғи билан вақтинчалик танқислиги юзага келган дори воситалари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан, мажбурий сертификатлаш шарти билан тиббиёт амалиётида қўллаш ва олиб киришга рухсат бериш тартиби тасдиқланди ҳамда Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами — 3749-сон 09.01.2026). Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 августдаги ПФ–137-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, фавқулодда ҳолатларда, глобал логистика узилишлари ёки ишлаб чиқаришдаги тўхталишлар сабаб муҳим дори воситалари ва тиббий жиҳозлар етишмовчилиги юзага келганда тиббий ёрдамнинг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган. Янги низомга кўра, республикада вақтинчалик танқислик аниқланган тақдирда дори воситалари ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш бир неча механизмлар орқали амалга оширилади. Жумладан, мавжуд захираларни тиббиёт муассасалари ўртасида қайта тақсимлаш, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказилмаган, бироқ мажбурий сертификатлашдан ўтган дори воситалари ва тиббий жиҳозларни тезкор импорт қилиш имконияти яратилади. Ҳужжатда танқисликни аниқлаш, уни баҳолаш ва бартараф этиш бўйича доимий ишчи гуруҳ фаолияти аниқ белгиланган. Мазкур гуруҳ томонидан дори воситаси ёки тиббий жиҳознинг клиник аҳамияти, аҳоли қамрови, муқобил воситаларнинг мавжудлиги, етказиб бериш муддати ва зарур минимал ҳажмлар асосида қарорлар қабул қилинади. Қабул қилинган қарорлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида очиқ эълон қилиниши тартиби жорий этилди. Шу билан бирга, низомда импорт қилинадиган дори воситалари ва тиббий жиҳозларнинг сифати устидан қатъий назорат сақланиб қолади. Улар мажбурий сертификатланади, рақамли маркировкалаш талабларига риоя этилади ҳамда нарх шаклланишида ижтимоий ҳимоя механизмлари қўлланади. Хусусан, танқислик шароитида олиб кирилган дори воситаларига белгиланган савдо устамаларидан ортиқ нарх қўллашга йўл қўйилмайди. Янги тартиб ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар, шошилинч ва интенсив тиббий ёрдам, она ва бола саломатлиги, онкология, юрак-қон томир ҳамда ҳаёт учун муҳим бўлган узлуксиз даволаш талаб этиладиган йўналишларда дори воситалари ва тиббий жиҳозлар таъминотида узилишларнинг олдини олишга хизмат қилади. Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши соғлиқни сақлаш тизимида тезкорлик, шаффофлик ва масъулиятни кучайтириб, аҳолининг зарур тиббий воситаларга бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлаш йўлидаги муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

  • 13 Январь, 15:20
  • Батафсил
not found

Дунёда антибиотикларни рецепт билан бериш қачондан бошланган?

Антибиотиклар ХХ аср тиббиётидаги энг муҳим кашфиётлардан бири ҳисобланади. Улар инфекцион касалликлардан миллионлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолди ва замонавий тиббиёт тараққиётига йўл очди. Бироқ вақт ўтиши билан антибиотикларнинг назоратсиз ва асоссиз қўлланилиши жиддий глобал муаммо — антибиотикка чидамлилик (резистентлик)ни келтириб чиқарди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти антибиотикка чидамлиликни инсоният саломатлигига таҳдид солаётган энг катта хавфлардан бири сифатида баҳолайди. Ана шу хавф антибиотикларни фақат шифокор рецепти асосида бериш амалиётини жорий этишга туртки бўлди. Бироқ бу жараён мамлакат ва минтақаларда турлича кечди. АҚШда антибиотиклар 1940-йилларда, айниқса Иккинчи жаҳон уруши даврида оммавий қўлланила бошлади. Илк йилларда уларнинг сотилиши нисбатан эркин бўлиб, қатъий назорат механизмлари ҳали шаклланмаган эди. 1951 йилда қабул қилинган Durham–Humphrey Amendment қонуни АҚШ фармацевтика тизимида бурилиш нуқтаси бўлди. Ушбу ҳужжат дори воситаларини икки тоифага ажратди: фақат рецепт билан бериладиган дорилар; рецептсиз (OTC) сотиладиган дорилар. Шу пайтдан бошлаб антибиотиклар расман рецептли дори воситалари сифатида белгиланди. Кейинги ўн йилликларда, айниқса 1960–1970-йилларда антибиотикка чидамлилик муаммоси кескинлашгани сабабли, АҚШ Озиқ-овқат ва дори-дармонлар бошқармаси (FDA) назоратни янада кучайтирди. Европа давлатларида антибиотикларни рецепт билан бериш жараёни бир вақтда ва бир хил суръатда кечмаган. 1950–1960-йилларда Буюк Британия, Германия ва Франция каби мамлакатлар антибиотикларнинг эркин сотувини чеклай бошлади. 1960–1970-йилларга келиб эса антибиотиклар деярли барча Европа мамлакатларида тўлиқ рецептли дори воситалари сифатида мустаҳкамланди. Кейинчалик Европа Иттифоқи доирасида қабул қилинган умумий фармацевтик қоидалар антибиотикларни барча аъзо давлатларда фақат рецепт билан берилишини кафолатлади. Россияда собиқ СССР вақтида антибиотиклар расмий ҳужжатларга кўра рецептли ҳисобланган. Давлатда дорилар уч тоифага бўлинган:  Рецепт билан бериладиган дорилар: антибиотиклар, гормонал препаратлар, юрак, қон босими учун дорилар.  Рецептсиз дорилар: аспирин, анальгин, валидол, йод, зеленка, витаминлар.  Қатъий ҳисобдаги дорилар: таркибида наркотик ва психотроп бўлган дори воситалари.  1991 йилдан кейин МДҲ давлатларида юз берган иқтисодий ва ҳуқуқий ўзгаришлар натижасида антибиотиклар кўп йиллар давомида  эркин сотилди. Бу эса ўз-ўзини даволаш, антибиотикларни асоссиз қўллаш ва резистентликнинг тез ўсишига олиб келди. Фақат 2010-йиллардан бошлаб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг антибиотикка чидамлиликка қарши глобал тавсиялари асосида, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва бошқа МДҲ давлатларида антибиотикларни рецепт билан бериш бўйича қонунчилик ва назорат тизимлари кучайтирила бошланди. Амалиётда эса қатъий назорат айниқса 2020-йиллардан кейин сезиларли даражада кучайди.  Қозоғистонда 2020 йил COVID-19 пандемиясидан сўнг, антибиотикларни рецептсиз сотиш қатъий тақиқланди. 2021 йилга келиб назорат кучайтирилди. Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам рецепт билан дори сотишни қатъийлаштириш тартиби босқичма-босқич ривожлантирилмоқда.  Хулоса Антибиотиклар инсоният ҳаётини сақлаб қолган улкан тиббий ютуқ бўлишига қарамай, уларни назоратсиз қўллаш хавфли оқибатларга олиб келди. Шу сабабли дунё мамлакатлари турли даврларда, турли суръатларда бўлса-да, антибиотикларни фақат рецепт билан бериш тизимига ўтди. Мутахассислар таъкидлашича, рецепт тизими антибиотикка чидамлиликка қарши курашда муҳим қадам ҳисобланади. Бироқ у самарали бўлиши учун қонунчилик билан бир қаторда жамоатчилик онги, тиббий маданият ва ишончли назорат механизмлари ҳам зарур.  

  • 9 Январь, 17:50
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech