17:10 (31.05.2023)

2138

Жорий йилнинг 1-чорак якунлари муҳокама қилинди

Бугун "Дори-Дармон" акциядорлик компаниясининг "ZOOM" платформаси орқали видеоконфренцалоқа шаклида навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Кун тартибида:

- Компания тизимидаги акциядордик ва масъулияти чекланган жамиятларда 2023 йил 1-чораги якуни бўйича тасдиқланган бизнес режа кўрсаткичлари юзасидан  амалга оширилган ишлар;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорида белгиланган топшириқлар юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ва бошқа бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан компаниянинг молия директори в.в.б. И.Абдусаломов жорий йилнинг биринчи чорагида эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар ҳақида ахборот берди. Қайд этилганидек, 2023 йилнинг биринчи чораги давомида компания ва тизимдаги жамиятларнинг умумий  товар айланмаси 181,2 млрд.сўмни, шундан улгуржи товар айланмаси 127,5 млрд. сўмни,  чакана товар айланмаси 53,7 млрд.сўмни ташкил этди.

Тизимдаги акциядорлик ва масъулияти чекланган жамиятларнинг товар айланмаси бизнес режа кўрсаткичларига нисбатан  бажарилиши танқидий руҳда муҳокама қилинди. Иш ва савдо сифатини ошириш, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди. 

Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан компаниянинг тижорат директори Н.Ҳусанов ахборот берди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26-октабрдаги  «Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан “Fair Tech” ягона ахборот тизими ишга туширилганлиги қайд этилди.

2023 йил 1 майдан ишга тушган “Fair Tech” тизими орқали ортиқча ундирилган пул истеъмолчиларга қайтариб берилади. Яъни истеъмолчилар томонидан дорихоналарда харид қилинган дори воситалари ва тиббий буюм харид чекларнинг QR-коди «Солиқ» мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда белгиланган устамалардан ортиқча маблағ олинганлиги аниқланса, автоматик равишда Рақобат қўмитасига ариза юборилади. Дорихонага нисбатан савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарима жазоси қўлланади, ортиқча ундирилган пул дорихонадан истеъмолчи фойдасига ундирилади.

Шунингдек, мазкур қарор билан 2023 йил 1 июлдан бошлаб референт нархлари қайд этилмаган ёки қайд этилган нархдан юқори бўлган дори воситаларини сертификатлаштириш тақиқланиши белгиланган. Йиғилишда дори воситаларини референт нархини белгилашда  Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимидаги дори воситаларининг чакана референт нархлари билан  солиштириш кераклиги, референт нархини белгилаш амалиёти ҳақида ҳам фикр алмашилди. 

 Ҳайъат йиғилишида компания тизимидаги жамиятларда  GDP — Зарур дистрибюторлик амалиёти сертификатини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар, омборхоналарни  GDP талабларига мослаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди, зарур маслаҳатлар, кўрсатмалар берилди.

Бугунги кунда "Дори-Дармон" АК, «Фарғона Дори-Дармон», “Тошкент вилоят Дори-Дармон", "Самарқанд Дори-Дармон" акциядорлик жамиятлари, "Қорақалпоқ Дари-Дармак" масъулияти чекланган жамияти GDP сертификатини қўлга киритган. Яқин ойларда «Наманган Дори-Дармон»АЖ, «Навоий Дори-Дармон» АЖ, «Бухоро Дори-Дармон» МЧЖ, «Қашқадарё Дори-Дармон» МЧЖ ҳамда «Ўзбекистон Дори таъминоти» МЧЖ ҳам GDP сертификатини олиши кутилмоқда.

Йиғилишда компания фаолиятига оид бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech