Янгиликлар

not found

Ижтимоий дорихона очишда кимлар хусусий шерик бўла олади?

Ижтимоий дорихона Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан, жумладан давлат-хусусий шериклик шартларига кўра, «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва "Ижтимоий дорихона фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида"ги Низомга  мувофиқ ташкил этилади. Хусусий шерик — фаолиятининг асосий мақсади аҳолини дори воситалари билан таъминлаш ҳисобланган, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг чакана ва улгуржи реализациясини амалга ошириш учун тегишли лицензияга, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган, давлат-хусусий шериклик тўғрисида шартнома тузган юридик шахс ҳисобланади. Ижтимоий дорихоналар фаолиятини ташкил этишда қўйидаги асосий талаблар қўйилади: ➖ дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи, чакана реализациясини амалга ошириш, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва бериш учун лицензиянинг мавжудлиги; ➖Аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатига кирувчи (кейинги ўринларда Рўйхат деб аталади) дори воситалари ва тиббий буюмлар билан чекланган нархлардан ошмайдиган нархларда, дорихона ассортиментидаги дори воситалари ва тиббий буюмлар билан тўлиқ ҳажмда таъминлаш; ➖ давлат-хусусий шериклик ҳамкорлиги шартлари асосида чекланган савдо устамаларини қўллаш йўли билан Рўйхатга кирмайдиган, дорихона ассортиментидаги дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш; ➖дори воситалари билан шахсларнинг айрим тоифаларини имтиёзли асосда таъминлаш; ➖ дори воситалари ва тиббий буюмлар билан ижтимоий дорихоналарнинг туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари қошидаги оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида жойлашган филиал тармоқлари орқали таъминлаш; ➖ махсус ихтисослаштирилган автотранспорт воситалари орқали қишлоқ врачлик пунктлари мавжуд бўлмаган тоғли, етиб бориш қийин ҳудудлардаги аҳолига дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб беришни таъминлаш; Шунингдек, дорихона ассортиментидаги рўйхатга киритилган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг узлуксиз реализациясини амалга ошириш мақсадида уларнинг икки ойлик заҳираси мавжуд бўлиши лозим.

  • 2 Апрель, 08:43
  • Батафсил
not found

Дори воситаларини ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Андижон шаҳрида фаолият юритувчи “K-B.” МЧЖга қарашли дорихонада мувофиқлик сертификати бўлмаган 87 турдаги ҳамда давлат рўйхатидан ўтмаган 66 турдаги умумий баҳоси 310 млн сўмлик 19 350 дона дори воситаларини сотиш учун сақлаб келинганлиги аниқланиб, ушбу дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган. Департаментнинг Наманган вилоят бошқарма томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “G.Ph.” МЧЖнинг Наманган шаҳридаги дорихонаси мудири Г.Х. фуқаро А.С.га 40 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини шифокор рецептисиз 645 минг сўмга сотган вақтида ушланиб, ушбу дорихонадан сотиш учун сақлаб қўйилган 4 турдаги жами 204 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган. Шу каби, Департаментнинг Норин туман бўлим томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “B.S.” МЧЖ дорихонаси сотувчиси Г.А. фуқаро М.Х.га 63 дона “Габатен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини шифокор рецептисиз 252 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

  • 1 Апрель, 15:25
  • Батафсил
not found

Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари тўғрисидаги хабардорлик даражаси оширилади

Сенатнинг эллик биринчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди. Мамлакатимизда фармацевтика ва кимё саноатини халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда ривожлантириш ҳамда унга илғор илмий-техника ютуқларини ва инновацияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Дори воситаларини ишлаб чиқарувчиларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида мазкур Қонун билан “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунга дори моддаларини (субстанцияларни) давлат рўйхатидан ўтказиш тартибининг бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда. Шу билан бирга “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунларига дори воситаларини рецепт билан ёки рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартибини тасдиқлаш ваколатини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юкловчи, шунингдек рецептсиз ёки шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари тўғрисидаги ахборотни уларнинг тиббиётда қўлланилишига доир йўриқномаларда ҳамда Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат реестрида кўрсатиш талабини жорий этувчи ўзгартиришлар киритилмоқда. Бундан ташқари, импорт ўрнини босувчи кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш мақсадида “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонунга юридик шахсларга IV рўйхат доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган айрим прекурсорларни тегишли лицензияларга асосан ишлаб чиқариш ва тайёрлаш ҳуқуқини берувчи ўзгартириш киритилмоқда. Сенаторларнинг таъкидлашича, Қонун аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари тўғрисидаги хабардорлик даражасини оширишга, шунингдек инвесторларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратишга ҳамда кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилади. Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

  • 1 Апрель, 13:03
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech