11:57 (30.01.2024)
1091
Қандли диабетнинг қатор хавфли асоратлари бор. Масалан, узоқ муддат қонда глюкоза даражаси юқори бўлиши бора-бора кўриш қобилияти пасайиши ва ҳатто бутунлай йўқолишига олиб келиши мумкин. Бу патология тиббиётда диабетик ретинопатия деб номланади.
Аммо кеч босқичда намоён бўладиган мазкур асоратлар аслида анча аввал, яширин аломатлар билан бошланади. Шу боис қандли диабет билан оғриган беморларга тез-тез офтальмолог кўригидан ўтиб туриш тавсия этилади.
Россиялик олимлар бу жараённи янада осонлаштириш чорасини топди. Улар яратган нейротармоқ кўз фотосуратлари орқали диабет оқибатида юзага келадиган тўр парда патологиясини аниқлаш имконини беради.
Инновацион ишланма математик модель асосида ишлайди. Яъни махсус дастур сунъий интеллект ёрдамида диабетик ретинопатияга эрта босқичда, 88,7 фоиз аниқликда ташхис қўяди. Бунинг учун нейротармоққа бемор кўзлари суратлари жойлаштирилиши кифоя.
Олимлар яратган янги модель фотосуратларни ўта юқори тезликда таҳлил қилиб, тўр пардаги қон кетиши, липидлар тўпланиши, томирлар ўсиши ва улар деворларининг ингичкалаши каби белгиларга кўра, хасталикни аниқлаб беради.