14:57 (23.01.2024)
906
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи A.Худаяровнинг “Мамлакатимизда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси ҳолати тўғрисида”ги Қонунчилик палатаси парламент сўровига юборган жавоби муҳокама қилинди.
Парламент сўровига келган жавобда қайд этилганидек, республикада бугунги кунда дори воситалари улгуржи реализация қилиш учун 538 та корхона, дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун эса 15 250 та лицензияга эга дорихона фаолият юритмоқда. Aйни вақтда Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан 2023-йил 22-июндан license.gov.uz тизими орқали амалга ошириляпти.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг 2022-йил 26-октябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, 2023-йил 1-майдан бошлаб, жисмоний шахслар томонидан харид қилинган дори воситаларининг нархи “FAIR TECH” ягона ахборот тизимида дори воситаларининг улгаржи ва чакана савдосида нархларни референт нархлар билан автоматик тарзда солиштириш ҳамда ҳуқуқбузарликни аниқлаш имконияти яратилган.
Ушбу тизим орқали бир ойда ўртача 352 мингдан ортиқ референт нархни бузиш ҳолатлари қайд этилган. Aйрим аниқланган ҳолатларда ҳатто тадбиркорлар 27 баравар миқдорида устама қўллаб, дори воситаларини сотганлиги аниқланган.
Мажлисда депутатлар аҳолини сифатли, хавфсиз ва безарар дори воситалари билан таъминлаш, сифатсиз маҳсулотларни импорт қилинишини олдини олиш, фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш учун жавобгарликни аниқ белгилаш, халқаро талабларга жавоб берадиган сифат тизимини яратиш, маҳаллий маҳсулотларни чет эл давлатларига экспорт қилиниши учун кенг йўл очиб бериш лозимлигини қайд этдилар.
Парламент сўровига юборилган жавобда берилган ахборотни эътироф этиш билан бирга, мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш ва мавжуд қонунлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш кераклигини таъкидладилар.