18:05 (15.08.2024)
603
Бу саволга Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори маслаҳатчиси Муҳаббат Ибрагимова жавоб берди:
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган, "Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида"ги низомнинг 10-бандига мувофиқ, дори воситалари ва тиббий буюмларни дорихоналардан ташқарида сотиш тақиқланган. Ва бу борада қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Жумладан:
♦ Агар дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилинган дори воситаси таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлмаса, бу ҳолат бўйича (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165¹-моддасига мувофиқ) — мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроллари ва ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
♦ Шунингдек, дорихоналар ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилинган дори воситалари таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлса, ҳамда шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса (Жиноят кодексининг 186³-моддасига мувофиқ), — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Маълумот ўрнида, Кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 818-сон қарори билан тасдиқланган бўлиб, унда 78 турдаги кучли таъсир қилувчи модда жумладан, 4 турдаги “Залеплон”, “Прегабалин”, “Тропикамид”, “Циклопентолат” дори воситалари ўрин эгаллаган.
Шу ўринда юртимиздаги барча дорихона ходимларидан ўз фаолиятларини амалга оширишда дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартибига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламан.