17:55 (24.04.2024)
1179
Европада глобал исиш фонида инсон танасига зарарли таъсир кўрсатадиган ғайритабиий иссиқлик даврлари тез-тез учраб туради. Бу ҳақда Европанинг Copernicus Ерни сунъий йўлдоши мониторинги хизмати ва Бутунжаҳон метеорология ташкилоти (WМО) хабар берди.
Copernicus ва WМО ўз ҳисоботида ўтган йили қитъани қамраб олган экстремал об-ҳаво шароитларини қайд этди. Июл ойида Жанубий Европанинг 41 фоизида ҳаддан ташқари иссиқлик кузатилган. Бу рекорд даражадаги энг юқори кўрсаткичдир. Ҳаддан ташқари иссиқлик очиқ ҳавода ишлайдиган одамлар, қариялар, юрак хасталиги ва диабетга чалинганлар учун алоҳида хавф туғдиради.
Ўтган йилнинг июл ойида Италиянинг айрим ҳудудларида ўлим даражаси ўртача статистик кўрсаткичдан 7 фоизга ошган. Aтроф муҳитнинг инсон организмига таъсири ҳарорат, намлик ва тананинг реакцияси каби омилларнинг комбинацияси билан белгиланади.
2023-йилда Испания, Франция, Италия ва Грециянинг айрим ҳудудларида ҳарорат 46 даражадан юқори бўлган иссиқлик тўлқини камида ўн кун давом этди. Бундай даврларда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатишнинг олдини олишга қаратилган тезкор чораларни кўришни талаб қилинади.
Ҳисоботга кўра, европаликлар орасида ҳаддан ташқари иссиқлик таъсиридан вафот этганлар сони тахминан 30 фоизга ошган.
Ўтган ой Европа Иттифоқининг атроф-муҳит агентлиги ҳукуматларни иқлим ўзгаришига мослашишга тайёргарлик кўришга ва очиқ ҳавода ишлайдиган одамларни ҳаддан ташқари иссиқликдан ҳимоя қилиш қоидаларини жорий этишга чақирди.