15:44 (22.11.2024)
375
Куз-қиш мавсуми — гриппга чалиниш ҳолатлари кўпаядиган давр. Шу боис иситма меъёрлашиб, йўтал ва бурун оқиши тўхтагач, касалликдан тўлиқ тузалдим, деб ўйлаш — янглиш хулоса.
Гриппнинг ўткир босқичидан сўнг жисмоний ва руҳий толиққан, сувсизланган ҳамда кўп қувват йўқотган организмнинг тикланиш даври бошланади. Бу вақтда танада ҳолсизлик, чарчоқ ва заифлик кузатилади.
Ҳар кимда касаллик босқичи ҳар хил кечади. Тикланиш муддати беморнинг касаллик бошланишидан аввалги иммунитети ҳолатига боғлиқ.
Вирус сурункали хасталиклар отит ва синусит, балки вирусли пневмония, менингит, юрак ишемик касалликлари, бронхиал астма ва сурункали бронхитни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Вирусларга қарши курашиш натижасида иммунитет заифлашиб, ички аъзолар фаолияти бузилиши билан изоҳланади. Шунингдек, хасталик чоғида инфекциялар туфайли асаб тизими зарарланади. Оқибатда бемор тўлиқ оёққа турганидан кейин ҳам токсинларнинг мияга таъсири узоқ давом этади.
Шу сабабли, бемор ҳолсизлик, жиззакилик, бош оғриғи, уйқу бузилиши, хотира сусайиши ва иш қобилияти пасайишидан азият чекиши мумкин.
Гриппдан тузалган беморларга жисмоний фаоллик ва стрессдан сақланиш, иммунитетни мустаҳкамлаш, тўғри овқатланиш, витамин терапияси, ичак микрофлорасини тиклашга қаратилган дори-дармон муолажаcи, массаж ва физиотерапия машқлари тавсия этилади.