09:20 (17.06.2026)
84
Ўзбекистон ва Жанубий Корея тиббиёт ҳамда фармацевтика саноатида янги ҳамкорлик даврини очди. Имзоланган муҳим келишувлар инновация ва юқори технологиялар йўлини белгилаб берди.
"V Тошкент халқаро инвестиция форуми" доирасида ўтказилган Ўзбекистон – Корея бизнес-форуми давомида инфратузилма, инвестициялар, инновациялар, саноат ва юқори технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, фармацевтика саноатини ривожлантириш, замонавий тиббий технологияларни жорий этиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича истиқболли ҳамкорлик йўналишлари кўриб чиқилди.
Тадбир доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Корея Республикасининг Korea Overseas Infrastructure & Urban Development Corporation (KIND) корпорацияси ўртасида “SMART-BIO CLUSTER” инновацион биотехнологик кластерини ташкил этиш лойиҳаси бўйича Ҳамкорлик битими тузилди.
Шунингдек, Жанубий Кореянинг "Kim & Kim" компанияси билан биофармацевтика соҳасида ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва тажриба алмашишга қаратилган Англашинув меморандуми имзоланди.
Форум доирасида ўтказилган B2B ва G2B учрашувларда фармацевтика соҳасига инвестициялар жалб қилиш, инновацион ишланмаларни жорий этиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилди.
Имзоланган келишувлар Ўзбекистонда инновацион биотехнологиялар ва фармацевтика саноатини ривожлантириш, юқори қўшилган қийматга эга ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, илмий-тадқиқот салоҳиятини ошириш ҳамда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.