08:59 (16.02.2024)
1072
Тепки (эпидемияли паротит) касаллиги ўткир юқумли касаллик бўлиб, уни қўзғатувчи вируслар ҳаво томчилари орқали юқади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бош мутахассиси Хурсаной Жамалова “Дарё” мухбирига берган қисқача интервьюсида айтиб ўтди.
Болажонларимиз Миллий тақвими асосида 1 ёшда ва 6 ёшда тепкига қарши қизамиқ паротит, қизилча вакцинаси билан эмланяпти. Булар орасида эмланмаган ва бундан бош тортган болалар бор. Улар орасида тепки касаллиги рўйхатга олинмоқда.
Эпидемияли паротит ёки тепки, эркаклар бепуштлигининг сабабларидан бири ҳисобланади. Паротит асаб тизимини, қулоқ олди, жағ ости ва сўлак безларини шикастлайди. Эпидемияли паротит ошқозоности бези ва бош мия қобиқларининг яллиғланишига, камдан кам ҳолларда — менингоэнсефалитга олиб келиши мумкин. Паротит, жинсий соҳада тез-тез қайтариладиган асоратлари билан хавфлидир: ўғил болалар ва эркаклар тухумларининг яллиғланишидан азият чекадилар, қиз болалар ва аёллар эса – тухумдонлар шикастланишидан ва бу бепуштликка сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Қулоқости безларининг яллиғланиши оқибатида у шишиб кетади. Баъзилар эгиз туққан аёлларга тептириш керак деб, ирим қилиб уни даволамоқчи бўлади. Бу нотўғри, албатта, шифокорга мурожаат қилиш керак, — дейди Хурсаной Жамалова.
Мутахассиснинг қўшимча қилишича, кўплаб ота-оналар тепки вируслари организмга тушганидан кейин бу бепуштликка олиб келишини билмайди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда Миллий профилактик эмлаш календари жорий этилган. Ҳозирги вақтда ушбу календарь бўйича 1 суткаликдан 16 ёшгача бўлган болалар белгиланган муддатларда 13 турдаги вакциналар билан эмланади. Унга мувофиқ, юқумли касалликлар, жумладан, дифтерия, кўкйўтал, қоқшол, сил, вирусли гепатит B, полиомиелит, қизамиқ, қизилча, эпидемик паротит, ротавирус, пневмококк, гемофилиус инфлюенса тип B (ХИБ) инфекцияси, бачадон бўйни саратонига қарши режали вакцинация тадбирлари ўтказилади.