Янгиликлар

not found

10 ойда 2 тн 761 кг наркотик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилган

Бугун Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Наркотик ва ўқотар қуролларни назорат қилиш Агентлиги, ССВ, ДХХ, Божхона қўмитаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси мутасаддилари иштирокида ""Гиёҳвандликка қарши кураш: республикадаги вазият, кўрилаётган чоралар ва янги стратегиялар" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қайд этилишича, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда наркожиноятлар сони 2 бараварга, ноқонуний муомаладан олинган наркотиклар мусодараси 67 фоизга ошган бўлса, синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси 80 бараварга кескин кўпайган. 2024 йилда ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй-ҳаракатлари натижасида 5 та яширин нарколабораториялар фаолиятига чек қўйилган бўлса, жорий йилнинг 10 ойида ушбу кўрсаткич 12 тани ташкил этган. Жорий йилнинг 10 ойида республикада 12 848 та наркожиноят аниқланиб, 2 тн 761 кг наркотик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилган ҳамда истеъмолга чиқиб кетишининг олди олинган. Мазкур таҳдидларни бартараф этиш ҳамда “Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури” ижросини таъминлаш мақсадида гиёҳвандликни олдини олиш ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Матбуот анжуманида режада белгиланган муҳим йўналишлар юзасидан давлат идоралари ва масъул ташкилотларнинг вазифалари баён этилди. Ушбу режа хавф гуруҳидаги ўсмирларни барвақт аниқлаш чораларини кучайтириш, таълим муассасалари ва оилаларда профилактикани мустаҳкамлаш, тарғибот-ташвиқот ишларини такомиллаштириш, гиёҳванд моддалар тарқатишнинг янги усуллари ва схемаларини, шунингдек гиёҳвандлик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашда идоралараро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга йўналтирилган.  Унда барқарор профилактика медиамуҳитини яратиш, таҳдидларни аниқлаш бўйича рақамли технологияларни ривожлантириш, маҳалла, ННТ ва фуқаролик жамиятининг иштирокини кенгайтириш, шунингдек уюшган гуруҳлар ва гиёҳвандлик бизнесининг “қуйи бўғини” фаолиятини қатъий ва мақсадли тарзда чеклаш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

  • 1 Декабрь, 15:48
  • Батафсил
not found

Ўзбекистонда электрон сигареталар тақиқланди

Ўзбекистонда электрон сигареталарни ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Жорий йил 27 ноябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган. Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистонда муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотлари, никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари, шу жумладан электрон сигареталарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ўтказиш, ишлаб чиқариш, Ўзбекистонга олиб кириш ёки ундан олиб чиқиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 500 бараваригача (123,6 миллион сўмдан 206 миллион сўмгача) миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бунда ушбу ҳаракатларни содир этган шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилган ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни топширган тақдирда жавобгарликдан озод қилинади. Бундан ташқари, “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунда электрон сигареталар ва улар учун суюқликларнинг айланишига доир тақиқ белгиланди. Аввалроқ электрон сигареталар юрак-қон томир тизимига зарар етказиши ҳақида маълумот бергандик. 

  • 1 Декабрь, 13:00
  • Батафсил
not found

Давлат хизматлари СИ асосида ишлайди! Аҳолига йилига 23 млрд сўм тежалади

Президент Шавкат Мирзиёев бугунги "Бюрократияни бартараф этиш" форумида давлат бошқарувини замон талабларига мослаштириш, ортиқча маъмурий тўсиқларни қисқартириш ва фуқаролар ҳамда бизнес учун қулай давлат хизматлари эко-тизимини яратиш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди: ✔️ Давлат хизматлари сони 444 тадан 1 040 тагача оширилди, 2030 йилгача бу кўрсаткич 1,5 мингтага етказилади. ✔️110 дан ортиқ ҳужжат ва маълумот талаб қилиш тўлиқ бекор қилинади. ✔️100 дан ортиқ хизматлар муддатлари 50 фоизгача қисқартирилади. ✔️Давлат хизматлари портали, "Лисензия" тизими ва колл-марказлар сунъий интеллект асосида ишлашга ўтказилади. ✔️Электрон ҳужжат айланмаси ҳисобига аҳолининг йилига 23 миллиард сўм маблағи тежалади. ✔️Лисензиялаш, қурилиш ва коммунал тармоқларга уланиш соҳасида 300 дан ортиқ хизмат соддалаштирилади. ✔️4 та коммунал тармоққа (электр, газ, сув, канализация) ягона ариза орқали уланиш имконияти яратилади. ✔️"Қоғозсиз ҳукумат" тизимига тўлиқ ўтиш мақсадида мавжуд 40 миллион ҳужжатдан 25 миллиони рақамлаштирилади. ✔️Проактив ва композит хизматлар сони 400 тага етказилади. ✔️Бюрократияни бартараф этишга оид энг илғор таклиф киритган фаол фуқаролар ва идоралар 3 миллион долларлик мукофот жамғармаси ҳисобидан рағбатлантирилади. 2023–2030 йилларда Ўзбекистон қоғозбозликдан холи, тезкор, қулай, инсон манфаатларига асосланган рақамли давлатга айланади. Фуқаро, тадбиркор ва давлат ўртасидаги барча жараёнлар минимал вақт, минимал ҳужжат ва максимал шаффофлик билан амалга ошади.

  • 28 Ноябрь, 15:00
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech