Янгиликлар

not found

ССВ: Беларусь билан ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Соғлиқни сақлаш вазирлигида Беларусь Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Александр Ходжаев бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот аввалида сўнгги пайтларда икки давлат ўртасида тиббиёт соҳасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.  Хусусан, ўтган йилнинг ноябрь ойида юртимизда Ўзбекистон – Беларусь соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим кунлари, Минск шаҳрида эса Ўзбекистон – Беларусь тиббиёт форуми ўтказилган эди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи А. Худаяров оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш Ўзбекистон учун Беларусь билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади. Бугунги кунда ушбу мамлакатнинг “Она ва бола” РИАМнинг 4 нафар юқори малакали мутахассиси Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё вилояти филиалида фаолият юритмоқда. Мазкур йўналишда, айниқса, неонатология ва болалар реанимацияси, Беларуснинг ушбу соҳадаги бошқарув тизимининг юртимизда жорий этилишини жадаллаштириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши сифатида юртимизда ҳамширалар малакасини ошириш белгиланди. Шунингдек, кардиология, онкология, болалар онкогематологияси, травматология ва ортопедия, трансплантология, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳоли иммунизацияси, реабилитация каби қатор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди. Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқот давомида фармацевтика соҳасидаги шерикликни янада кенгайтириш, шу жумладан қон плазмаси асосида дори воситаларининг юртимизда ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш, тиббиёт муассасаларига замонавий диализаторларни етказиб бериш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Маълумот ўрнида, бугун, 7 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган II Ўзбекистон – Беларусь ҳудудлараро форуми доирасида "Спорт, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш" мавзусида панель сессияси ўтказилиши режалаштирилган.

  • 7 Февраль, 11:45
  • Батафсил
not found

Яхши дорихона амалиёти - GPP нима?

Дорихоналарни яхши дорихона амалиёти (GPP) стандартларига ўтказиш замон билан ҳамнафас бўлмоқчи бўлган корхоналар учун устувор вазифа ҳисобланади. GPP- халқаро стандарт бўлиб, унга дунёнинг барча ривожланган мамлакатларидаги дорихоналар амал қилади. GPP қоидалари дорихоналар иши учун асосий талабларни тартибга солади. Улар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан биргаликда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга, минимал ножўя таъсирлар билан максимал терапевтик самарага эришиш учун юқори сифатли ва хавфсиз дори воситаларини оқилона истеъмол қилишга қаратилган. 1991 йилда фармацевтика бозорининг чакана савдо тармоқлари ривожланган 10 та давлатнинг етакчи экспертлари йиғилишида биринчи марта “яхши дорихона амалиёти” GPP атамаси киритилди. 1993 йилда Халқаро фармацевтика федерацияси (ФИПП) томонидан GPP йўриқномаси қабул қилиниб, ЖССТ томонидан ҳар бир мамлакатнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда миллий стандартларини яратиш учун асос сифатида тасдиқланди. 2016 йилдан бошлаб мамлакатимизда GxP стандартларини фаол ишлаб чиқиш бошланди ва ўша йили биринчи стандарт тасдиқланди: O`z DSt 3127:2016. 2019 йилдан бошлаб мамлакатимиз фармацевтика тармоғида ушбу стандартларни босқичма-босқич жорий этиш бўйича амалий ишлар бошланиб, бу борада қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Яхши дорихона амалиёти стандарти фармацевтика ходимлари томонидан Республика аҳолисига кўрсатиладиган фармацевтика хизматларининг тегишли сифатини таъминлаш учун ишлаб чиқилган. Мазкур стандартнинг асосий йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:- яхши сифатли дори воситаларини ва тиббий буюмларни бериш;- дори воситаларининг таркиби ва яхши қўлланилишига тегишли ишончли ва холис маълумотларни тақдим этиш;- дори воситаларини рационал қўлланилиши ва тўғри ишлатилиши бўйича тарғибот қилиш; Яхши дорихона амалиётининг асосий талаблари қуйидагилар ҳисобланади:- инсон соғлиғини сақлаш мақсадида беморга эътиборни қаратиш;- дори воситалари рационал қўлланилиши ва яхши ишлатилиши бўйича кўмаклашиш;- касбий этикага ва маҳфийликка риоя қилиш;- сифатли фармацевтик хизматларни кўрсатиш;- деонтология, фармакотерапия ва фармакология асосларини эгаллаган малакали фармацевт кадрларнинг мавжудлиги. Дорихона томонидан GPP қоидаларининг жорий этилганлиги Зарур амалиётлар маркази томонидан "Яхши дорихона амалиёти" (GPP) O‘z DSt 3127:2016 Давлат стандарти талабларига мувофиқлик сертификати билан тасдиқланади. Эслатиб ўтамиз: Президент Фармонига мувофиқ, 2025 йил 1 январга қадар фармацевтика маҳсулотларини чакана сотиш билан шуғулланувчи тармоқли дорихоналар, 2026 йил 1 январга қадар бошқа дорихоналар Зарур дорихона амалиёти (GPP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши лозим.

  • 7 Февраль, 08:50
  • Батафсил
not found

"Х касаллиги" нима ва дунё унга қандай тайёрланмоқда?

Гарчи "Х касаллиги" кейинги пандемияга тайёргарлик кўришда кўпроқ фаразий сценарий бўлса-да, концепцияни муҳокама қилаётган мутахассислар буни жиддий қабул қилиш кераклигини айтишади. "Х касаллиги" нима? "Х касаллиги" - Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан жиддий глобал эпидемияга олиб келиши мумкин бўлган келажакдаги номаълум патогенга берилган ном. "Номаълум нарсалар бўлиши мумкин, ва нима бўлишидан қатъи назар, "агар" эмас, балки "қачон" масаласидир ", деди доктор Тедрос Аданом Гебреисус, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори, Давосда бўлиб ўтган панел муҳокамасида. Шундай қилиб, биз билмаган, лекин пайдо бўлиши мумкин бўлган касалликлар учун захирага эга бўлишимиз керак ва шунинг учун биз унга "Х касаллик" номини бердик ", деди у ва бу концепция биринчи марта 2017 йилда муҳокама қилинганини тушунтирди. 2018 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти агентлиги уни соғлиқни сақлаш учун фавқулодда вазиятга олиб келиши мумкинлиги сабабли тезлаштирилган тадқиқот ва ишланмаларни талаб қилувчи устувор касаллик сифатида рўйхатга олди. Гебреиесуснинг сўзларига кўра, COVID-19 биринчи "Х касаллиги" бўлган - яъни ушбу атама пайдо бўлган ва пандемияга сабаб бўлган биринчи номаълум патоген. Унинг сўзларига кўра, бу ғоянинг мақсади ваҳима қўзғаш эмас, балки янги касалликлар пайдо бўлиши эҳтимолига яхшироқ тайёргарлик кўришдир. Ҳиндистондаги хусусий соғлиқни сақлаш гуруҳи раисининг ўринбосари Прита Редди Давосдаги панелда Х касаллиги “илмий-фантастик фильм номига ўхшаса-да,” ҳамма бундан хабардор бўлиши кераклигини айтди, чунки “бу аниқ ва ҳозирги хавф ". Редди, ҳарбийлар урушга тайёрланаётгани каби, соғлиқни сақлаш тизимлари ҳам бунга тайёр бўлиши кераклигини тушунтирди. Мамлакатлар "Х касаллиги"га қандай тайёргарлик кўришлари керак? Тайёргарлик кучли бирламчи тиббий ёрдам ва жамоат даражасида ўқитишдан бошланиши керак. “Юқори даромадли давлатлар ҳайратда қолишди, Чунки уларнинг сўнгги ўн йилликлардаги сармоялари юқори технологияларга, учинчи даражадаги хизматладаги илғор технологияларга, ҳатто роботлаштирилган жарроҳлик соҳасига йўналтирилган, аммо бирламчи тиббий ёрдамга эмас”, деди у. ЖССТ, Жаҳон банки ва бошқа ҳамкорлар 2022-йилда паст ва ўрта даромадли мамлакатларга пайдо бўладиган патогенларга тайёргарлик кўриш учун пандемия жамғармасини ишга туширди. Ҳозирда мамлакатлар пандемияга қарши кураш учун халқаро шартнома бўйича музокаралар олиб бормоқда, унинг натижалари 2024-йил май ойида бўлиб ўтадиган 77-Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясида тақдим этилиши керак.

  • 6 Февраль, 14:30
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech