Янгиликлар

not found

Силни бир зумда аниқлаш усули топилди

Олимлар сил касаллигини аниқлашда янги, таҳлилсиз усулни таклиф қилдилар. Ушбу методда балғамдан фойдаланмасдан, бемор нафасидаги заррачаларда Mycobacterium tuberculosis (туберкулёз қўзғатувчиси) бактериясининг ДНКси махсус TB Hotspot detectOR (THOR) қурилмаси ёрдамида аниқланди. Тадқиқот Open Forum Infectious Diseases журналида эълон қилинди. Ушбу метод балғам таҳлилида ижобий натижа қайд этилган беморларнинг 47 фоизида, юқори бактериал юкламага эга бўлганларда эса 57 фоизида силни аниқлай олди. Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, ушбу ёндашув суюқ анализ топшириш имконига эга бўлмаган беморларни ҳам шифохона шароитида тезкор текшириш имконини яратади. Шунингдек, олимлар тиббий хоналар ҳавосидан олинган намуналарнинг 30 фоизида ҳам сил таёқчаси ДНКси аниқланганини қайд этдилар. Бу эса методнинг юқори сезгирлигини тасдиқлаши билан бирга, инфекциянинг ёпиқ жойларда қай даражада осон юқиши мумкинлигини ҳам кўрсатади.

  • 13 Октябрь, 13:00
  • Батафсил
not found

Ўзбекистон Республикаси Ядро тиббиёти марказини ташкил этиш лойиҳасига старт берилди

Душанбе шаҳрида ўтаётган “Марказий Осиё – Россия” ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммитлари доирасида Ўзбекистонда атомдан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича йирик лойиҳаларни бошлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.  Хусусан, ушбу тадбир асносида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида Ўзбекистон Республикаси Ядро тиббиёти марказини ташкил этиш лойиҳасига ҳам старт берилди. Марказ қурилишига рамзий тамал тоши қўйилди.  Унда Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров, С.Березин номидаги тиббиёт институти бошқарув раиси Аркадий Столпнер, соҳа мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Ядро тиббиёти маркази фақат клиника эмас, балки мамлакат тиббиётини янги босқичга олиб чиқадиган илмий, амалий ва ижтимоий аҳамиятга эга йирик ташаббусдир. У инсон ҳаётини сақлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва миллий тиббиёт салоҳиятини оширишда ҳал қилувчи ўрин тутади. Марказ С.Березин номидаги тиббиёт институти (МИБС) иштирокида инвестиция киритиш форматида барпо этилади. Объектнинг умумий майдони 12 минг квадрат метрни ташкил этади. Бу ҳудудда муҳандислик, геологик, экологик ва бошқа лойиҳаолди тадқиқотлар амалга оширилди. Марказда диагностика ва радиожарроҳликдан тортиб, саратоннинг энг мураккаб шаклларини даволаш учун протон терапиясини жорий этиш режалаштирилган. Биринчи босқичда позитрон-эмиссион томография (ПЭТ/КТ), циклотрон мажмуаси ва радиофармпрепаратлар лабораторияси билан жиҳозланган ядро диагностика маркази ташкил этилади. Кейинги босқичларда радионуклид терапияси йўлга қўйилиб, изотоп тадқиқотлари кўлами кенгайтирилади. Маълумки, бу турдаги ташхис ва даволаш хизматлари чет элда жуда қиммат туради. Ядро тиббиёти маркази фаолият бошлагач, фуқароларимиз замонавий хизматларни ўз юртимизда қулай шароитда олиш имкониятига эга бўлади. Марказ фаолияти натижасида йилига 8 минг нафар беморда касалликни илк босқичдаёқ аниқлаш имкони бўлади. Бу эса тўлиқ шифо топиш эҳтимолини бир неча баробар оширади. Шу билан бирга, лойиҳа мамлакатда тиббий туризмни ривожлантиришга ҳам замин яратади. Лойиҳа доирасида ядровий технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий ташхис ва даволаш усуллари жорий этилади. Онкология ва радиология соҳасида кадрлар салоҳияти, инфратузилма ва илмий база янада ривожланади. Бу орқали мамлакат тиббиётида янги босқич бошланади. Инсон саломатлигини муҳофаза қилишда аниқлик, самарадорлик ва замонавий ёндашув устувор аҳамият касб этади.

  • 10 Октябрь, 17:20
  • Батафсил
not found

Европа Иттифоқида дори воситаларининг сурункали танқислиги қайд этилди

2023 ва 2024 йилларда инсон соғлиги учун муҳим бўлган дори воситалари етказиб берилишида кузатилган муаммолар Европа Иттифоқи мамлакатлари учун жиддий хавотир уйғотмоқда. Европа ҳисоб палатасининг (ECA) янги ҳисоботига кўра, дори воситаларининг "сурункали" танқислиги сўнгги икки йилда энг юқори даражага етган. 2022 йилдан 2024 йил октябригача ЕИда инсон соғлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган 136 номдаги дори воситасининг етишмовчилиги кузатилган. Ушбу рўйхатга инфекцияларни даволашда кенг қўлланиладиган антибиотиклар ҳам киритилган. 2023 ва 2024 йилларда дори воситалари танқислиги бўйича мутлақ рекорд қайд этилган — мос равишда 48 ва 46 ҳолат. 2024 йил бошидан октябрь охиригача ЕИга аъзо 27 мамлакатдан камида 21 таси шошилинч аҳамиятга эга дори воситаларининг етишмовчилиги ҳақида расмий равишда хабар берган. Энг кўп танқислик ҳолатлари Бельгия, Испания ва Францияда кузатилган. 2024 йил январь ойида эса Европа иқтисодий ҳудудининг 19 давлати "қишки" антибиотиклар танқислигига дуч келган. 11 та давлатда бундай етишмовчилик шошилинч ва жиддий даражада деб баҳоланган. Муаммо сабаблари ва оқибатлари Дори воситаларининг етишмовчилигига бир қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Жумладан, талабнинг ошиб бориши, ишлаб чиқаришдаги кечикишлар, ишлаб чиқариш қувватлари билан боғлиқ муаммолар ва энергия харажатларининг ортиши танқисликнинг асосий сабаблари сифатида кўрсатилган. "Миллий харид жараёнларида барқарорлик учун кам миқдорда рағбат берилгани нархларга бўлган босимни кучайтирмоқда", — дейилади ҳисоботда. Европада ишлаб чиқариш харажатлари Осиёга нисбатан 20–40 фоизга юқори экани қайд этилган. IQVIA таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, бу ҳолат ЕИнинг фаол фармацевтик моддалар бўйича Осиёга 70 фоизга ва дори воситаларидаги асосий биокимёвий моддалар (прекурсорлар) бўйича 79 фоизга боғлиқ бўлиб қолишига олиб келган. Бу эса нафақат беморларга салбий таъсир кўрсатмоқда, балки миллий соғлиқни сақлаш тизимлари учун катта иқтисодий юкни келтириб чиқармоқда. Мутахассислар фикри "Дори воситаларининг танқислиги — бутун Европа Иттифоқи бўйлаб доимий муаммо бўлиб қолмоқда ва у ҳанузгача иттифоқ учун сурункали бош оғриғи саналади. Бундай ҳолатлар тобора кўпайиб, янада жиддий тус олмоқда. 2023 ва 2024 йилларда кузатилган танқислик даражалари тарихдаги энг юқори нуқтага етди", — деди Европа ҳисоб палатаси ҳисоботини журналистларга тақдим этар экан, Клаус-Хайнер Лене.

  • 10 Октябрь, 14:30
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech