Янгиликлар

not found

ЖССТ: Дунё аҳолисининг ҳар учинчиси неврологик бузилишлардан азият чекмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) хавотирли маълумотларни эълон қилди: дунё бўйлаб 3 миллиарддан ортиқ инсон неврологик бузилишлар билан яшамоқда, ҳар йили эса 11 миллиондан зиёд инсон мия фаолиятига таъсир қилувчи касалликлар туфайли вафот этмоқда. ЖССТ ҳукуматларни неврологик саломатликни сақлашга қаратилган инвестицияларни жадаллаштиришга ва тиббий хизматларга етарли даражада етишишни таъминлашдаги тўсиқларни бартараф этишга чақирмоқда. Ташкилот ҳисоботига кўра, Ер юзи аҳолисининг тахминан 40 фоизи бир ёки бир нечта неврологик бузилишлардан азият чекмоқда. Ўлим ва ногиронликка энг кўп олиб келадиган 10 та неврологик касаллик қаторига қуйидагилар киради:• инсульт,• мигрень,• Альцгеймер касаллиги ва деменциянинг бошқа турлари,• менингит,• сабаби номаълум бўлган эпилепсия. Шу билан бирга, structural (таркибий), молиявий ва ижтимоий тўсиқлар бу касалликларга қарши курашда тўсқинлик қилмоқда. ЖССТ таъкидлашича, жамиятдаги кенг тарқалган нотўғри тушунчалар ва стереотиплар кўплаб одамларни зарур тиббий ёрдам сўрашдан тийиб туради. ЖССТ таъкидлашича, кам даромадли мамлакатларда невролог шифокорлар сони ривожланган давлатларга нисбатан 80% кам. Бу эса миллионлаб инсонлар учун ўз вақтида қўйиладиган ташхис, самарали даво ва мунтазам кузатувнинг мавжуд эмаслигини англатади. Ҳозирда фақат 63 та давлатда неврологик касалликларни даволаш бўйича миллий стратегия мавжуд ва атиги 34 та давлатда ушбу соҳани махсус молиялаштириш кўзда тутилган. «Агар шошилинч чоралар кўрилмаса, неврологик касалликлар юки ортиб бораверади», — дейилади ЖССТ хабарида. Ҳисоботда мамлакатлар шошилинч равишда ушбу соҳани устувор йўналиш сифатида белгилаши, мунтазам инвестициялар киритиши, тиббий хизматлардан фойдаланиш имконини кенгайтириши, мия саломатлигини тарғиб этиши ва қарор қабул қилиш жараёнларини яхшилаш мақсадида мониторингни кучайтириши зарурлиги қатъий таъкидланган.

  • 20 Октябрь, 10:30
  • Батафсил
not found

Дорихоналарнинг “Зарур дорихона амалиёти” стандарти талаблари асосида жиҳозлаш учун йиғимлар масаласида сенатор сўрови юборилди

Мамлакатимизда аҳолини сифати, хавфсизлиги ва самарадорлиги кафолатланган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника билан таъминлаш мақсадида “Зарур дорихона амалиёти” (GPP – good pharmacy practice) стандарти ишлаб чиқилган. Унга кўра 2025 йил 1 январга қадар фармацевтика маҳсулотларини чакана сотиш билан шуғулланувчи тармоқли дорихоналар, 2026 йил 1 январга қадар эса бошқа дорихоналар сертификат олиши зарур. Сертификат Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги “Зарур амалиётлар маркази” ДУК томонидан берилади. Бунда Марказ ходимлари дорихоналар фаолиятини жойига чиқиб текширади, белгиланган талабларга жавоб берган дорихоналарга 3 йил муддатга сертификат берилади. Амалиётда эса дорихоналар ушбу сертификатни олиш учун 8,5 млн сўмгача мажбурий тўлов тўлашга мажбур бўлмоқда, ҳар 9 ойда ўтказиладиган навбатдаги инспекция текшируви учун эса қўшимча 3,2 млн сўм тўлов ундирилмоқда. Бу эса, жамоатчилик ва тадбиркорлар орасида катта норозиликка сабаб бўлмоқда. Жумладан, кўплаб дорихона эгалари буни қонун билан белгиланмаган мажбурий йиғим сифатида баҳоламоқда. Бундан ташқари, ўтказилаётган текширувларда қўйилаётган талаблар лицензия талаблари билан деярли бир хил бўлиб, ортиқча бюрократик юк ва такрорланувчи назорат чораларини келтириб чиқармоқда. Шунингдек, тадбиркорлар дорихоналарда санитария ва гигиена талабларини таъминлаш бўйича ортиқча қоғозбозлик кўпайганидан, хона ҳароратини аниқловчи термометр ускуналарини ҳар йили қиёсловдан ўтказиш бўйича ҳам қўшимча тўловлар талаб этилаётганидан ўз норозилигини билдирмоқда. Ортиқча маъмурий юк ва мажбурий йиғимлар билан боғлиқ бундай ҳолатларга ўз вақтида эътибор қаратилмаса, бу фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига ва давлат органларига бўлган ишонч даражасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Бахром Абдуллаев Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизовга сенатор сўрови юборди. Сенатор ушбу Агентлик директоридан GPP сертификати учун тўловлар қандай ҳисоб-китобларга кўра шакллантирилганлиги, ундирилган тўловлар қаерга сарфланаётгани юзасидан асослантирилган тушунтириш беришни сўраган. Шунингдек, сенатор GPP сертификати учун мажбурий тўлов ундириш буйруғи бекор қилинса, GPP сертификатини жорий қилиш бўйича келгусида қандай чоралар кўрилади ҳамда GPP сертификатини олган тадбиркорлардан ундирилган тўловлар тақдири нима бўлади, деган масалаларни ҳам қўйган.

  • 17 Октябрь, 17:00
  • Батафсил
not found

Сирдарёда дорихона ходимлари учун ўқув тренинги ташкил этилди

Куни кеча “Dori-Darmon” акциядорлик компаниясининг Сирдарё минтақавий бўлинмасидаги дорихоналар тармоғида фаолият юритаётган ходимлар учун ўқув тренинги ташкил этилди. Ушбу тадбир “Берлин-Хими” компанияси вакиллари ҳамкорлигида амалга оширилди. Таъкидлаш жоизки, бундай ўқув-тренинглар ҳафтанинг пайшанба кунлари доимий равишда ўтказиб келинмоқда. Мазкур ташаббус “Дори-Дармон” АК раҳбарияти томонидан ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш, дори воситаларини тўғри тавсия этишни таъминлаш ва аҳолига сифатли фармацевтик хизмат кўрсатиш мақсадида йўлга қўйилган. Ушбу ҳафтанинг тренингида дори воситалари ишлаб чиқаришдаги дунё миқёсидаги етакчи компаниялардан бири — «Берлин-Хими» (Berlin-Chemie) компаниясининг расмий вакиллари "Dori-Darmon" АК дорихоналар тармоғи орқали аҳолига етказиб берилаётган бир қатор дори воситалари тўғрисида батафсил маълумотлар беришди. Хусусан: L-Тироксин — қалқонсимон без гормони етишмовчилигида қўлланилади;Сиофор — қандли диабетнинг 2 типини даволаш учун, айниқса тана вазни ортиқча бўлган пациентларни даволашда фойдаланиладиган препарат;Берлитион — диабетик нейропатияда ва метаболик касалликларда асаб тизимини қўллаб-қувватловчи антиоксидант восита;Йодомарин — йод етишмовчилигини бартараф этиш ва қалқонсимон без фаолиятини нормаллаштириш учун мўлжалланган. Тренинг доирасида иштирокчилар ушбу препаратларнинг таъсир механизми, тўғри дозалаш ва уларни беморларга тавсия этишда эътибор қаратилиши керак бўлган муҳим жиҳатлар билан танишдилар. Шунингдек, амалиётда юзага келаётган муаммолар юзасидан савол-жавоблар ҳам ташкил этилди. “Берлин-Хими” вакиллари томонидан “Дори-Дармон” дорихоналаридаги фармацевтларнинг билимга чанқоқлиги ва касбий ёндашуви юқори баҳоланди. Улар ушбу тренингларнинг доимий ўтказилиши, ҳодимлар учун тажриба алмашиш ва билимларини бойитиб боришда жуда муҳим платформа эканини таъкидладилар. 100 йилдан кўпроқ вақтдан буён Берлин-Хеми инновацион тадқиқотлар олиб боради ва янги, ҳамда синалган фармацевтик маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Дунё миқёсидаги танилган, Италиянинг етакчи фармацевтик компанияси бўлган MENARINI Gruppнинг бир қисми сифатида Берлин-Хеми Германия, Шарқий Европа ва МДҲ минтақасидаги фармацевтика бозорларига ўз маҳсулотларини етказиб беради.

  • 17 Октябрь, 15:00
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech