Янгиликлар

not found

Фармакалог қайси дори воситаларини бир вақтда қабул қилиш мумкин эмаслигини маълум қилди

Ҳатто одатий дори воситалари ҳам бир-бири билан ўзаро таъсирга киришиб, даволаш самарасини пасайтириши ёки ножўя таъсирларни кучайтириши мумкин.  Нотўғри танланган дори воситаларининг биргаликда қўлланилиши жиддий асоратларга — кучли уйқучанлик, қон кетиши ва ҳатто юрак фаолиятидаги бузилишларга олиб келиши мумкин. Бу ҳақда  фармаколог Александр Быков маълум қилди.  Унинг сўзларига кўра, шифокор кўрсатмасига амал қилмасдан, айниқса тўртта энг хавфли дори жуфтлигини бир вақтда қўллаш беморнинг саломатлигига жиддий таҳдид солиши мумкин.  Биринчи хавфли жуфтлик — бу аспирин ва яллиғланишга қарши дори воситалари. Аспириннинг ножўя таъсирларидан бири — ошқозон шиллиқ қаватини тирнаш хусусиятидир. Нестероид яллиғланишга қарши препаратлар масалан, ибупрофен, диклофенак, кетопрофен ҳам худди шу таъсирга эга. Улар биргаликда қабул қилинганда бу таъсир янада кучаяди ва эрозия ҳамда яралар пайдо бўлиши оқибатида ошқозондан қон кетиш хавфини кескин оширади. Айниқса, бу каби бирикмалар кексалар ҳамда гастрит ёки ошқозон яраси бўлган беморлар учун жуда хавфли ҳисобланади.  Иккинчи хавфли жуфтлик — бу аллергияга қарши дори воситалари ва шамоллашга қарши порошоклар. Фармакологнинг сўзларига кўра, бундай комбинация ланжлик ва уйқучанликка олиб келиши мумкин.  Кўплаб антигистамин (аллергияга қарши) препаратлар, айниқса биринчи авлодга мансублари гематоэнцефалик тўсиқ орқали мияга етиб боради ва марказий асаб тизими фаолиятини сусайтиради.  Шамоллашга қарши кукунлар ҳамда баъзи тинчлантирувчи воситалар бундай таъсирни янада кучайтиради. Бундай дори воситаларини биргаликда қабул қилиш — кучли сускаштлик, мувозанат бузилиши ва  мияда “туман” пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бундай комбинациядан сўнг автомашина бошқариш жуда хавфли  Учинчи хавфли жуфтлик — бу кальций препаратлари ва ич қотирувчи дори воситалари. Кальций ичак моторикасини секинлаштиради ва ич қотишини келтириб чиқариши мумкин. Ич кетишга қарши дорилар ҳам шундай таъсирга эга бўлиб, уларнинг биргаликда қўлланилиши ичак фаолиятини деярли тўхтатиб қўяди. Бу нафақат ич қотиши, балки ичак фаолияти бузилиши мумкин. Айниқса, кексалар бундай комбинацияга нисбатан эҳтиёткор бўлишлари керак, чунки ёш ўтган сари ичак моторикаси физиологик жиҳатдан секинлашади. Сўнгги хавфли жуфтлик — бу юрак гликозидлари ва пешоб хайдовчи (диуретик) препаратлари. Бу дори воситаларининг биргаликда қўлланилиши юрак фаолиятининг бузилишига олиб келиши мумкин.  Юрак гликозидлари (масалан, дигоксин) юрак етишмовчилиги ва аритмияларда унинг фаолиятини кучайтиради, бироқ уларнинг таъсири қондаги калий миқдорига бевосита боғлиқ.  Пешоб ҳайдовчи (диуретик) препаратлар — фуросемид, гидрохлортиазид каби воситалар — калийни организмдан чиқариб юбориб, гипокалиемияни келтириб чиқаради. Бундай шароитда гликозидлар токсик таъсирга эга бўлиб қолади: аритмия, блокада ва ҳатто юрак тўхтаб қолиш хавфини оширади.  Хавфни камайтиришнинг энг оддий усулларидан бири — дори воситаларини бир вақтда эмас, маълум интервал билан қабул қилишдир. Оддий қилиб айтганда, дориларни 2–4 соатлик фарқ билан қабул қилиш биринчи дори воситасининг сўрилишига имкон беради ва уларнинг ўзаро таъсирини камайтиради.  Бироқ бу усул ҳамма ҳолатда ҳам иш бермайди. Шу сабабли асосий қоида шундаки — ҳеч қандай дори воситаларини мутахассис билан маслаҳатлашмасдан биргаликда қабул қилмаслик керак, — дея таъкидлади мутахассис.

  • 10 Сентябрь, 15:20
  • Батафсил
not found

ЖССТнинг асосий дори воситалари рўйхатига саратон ва диабетга қарши дори воситалари киритилди

ЖССТ асосий дори воситалари бўйича янгиланган намунали рўйхати (EML) ва болалар учун муҳим дори воситаларининг янгиланган намунали рўйхати (EMLc) нашрларини эълон қилди.  Ушбу рўйхатга  турли хил саратон касалликларини даволаш ҳамда қандли диабет билан бирга кечадиган қўшимча касалликлар, хусусан семизликни даволаш учун мўлжалланган янги дори воситалари киритилди. Шунингдек, рўйхатларга муковисцидоз, псориаз, гемофилия ва бошқа қон касалликларини терапия қилиш учун мўлжалланган дори воситалари ҳам қўшилди. ЖССТ намунавий рўйхатларига аҳолининг соғлиғига бўлган устувор эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган дори воситалари киради. Бундай рўйхатлар 150 дан ортиқ давлатда қабул қилинган бўлиб, давлат харидлари, дори-дармон билан таъминлаш, тиббий суғурта ҳамда дори воситалари учун харажатларни қоплашни ташкил этишда меъёрий асос сифатида хизмат қилади.  «Асосий дори воситалари рўйхатларининг янги нашрлари – клиник жиҳатдан самараси исботланган ва келгусида аҳоли саломатлигига ижобий таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлган замонавий дори воситаларининг мавжудлигини ошириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади», – деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори ёрдамчиси Юкико Накатани.  БМТнинг намунали рўйхати биринчи марта 1977 йилда нашр этилган.  ЖССТнинг муҳим дори воситаларини танлаш ва улардан фойдаланиш бўйича эксперт қўмитаси рўйхатларни қайта кўриб чиқиш бўйича 59 та сўровни, шу жумладан, янги дори воситалари ёки дори воситалари синфларини киритиш бўйича 31 та таклифни кўриб чиқди. Натижада, намунавий рўйхатга (EML) 20 та, болалар учун намунавий рўйхатга (EMLc) эса 15 та янги мавзу қўшилди, шунингдек, рўйхатда мавжуд бўлган етти препарат учун янги қўллаш кўрсатмалари белгиланди. Янгиланган рўйхатларда катталар учун 523 та, болалар учун эса 374 та асосий дори воситалари мавжуд.   Саратон касаллиги дунё бўйича ўлимга олиб келувчи иккинчи асосий сабаб бўлиб, ҳар йили деярли 10 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлмоқда.  Сўнгги ўн йилликда ЖССТ турли хил онкологик касалликларни даволаш учун мўлжалланган дори воситаларини Муҳим дори воситалари рўйхатига (EML) фаол равишда киритиб келмоқда. Муҳим дори воситалари рўйхатига киритилган онкологик дори воситалари сони чекланган бўлиб, фақат беморнинг умрини камида 4–6 ойга узайтириши исботланган дориларни ўз ичига олади. Қўмита саратон касаллигини даволаш учун мўлжалланган 25 та дори воситасига оид 7 та аризани кўриб чиқди. Бу дори воситалари организмнинг иммун тизимига саратон ҳужайраларини самаралироқ аниқлаш ва йўқ қилишда ёрдам берадиган иммунотерапевтик препаратлар синфига киради. Муҳим дори воситалари рўйхатига  пембролизумаб номли препарат киритилди. У монотерапия сифатида метастатик босқичдаги бачадон бўйни саратони, колоректал саратон ва немелкоклеткали ўпка саратонини даволаш учун биринчи даражали восита ҳисобланади. Метастатик йирик бўлмаган ўпка саратонни даволаш учун рўйхатда альтернатив дори воситалари ҳам мавжуд — атезолизумаб ва цемиплимаб. Қандли диабет ва семизлик замонавий дунёда соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг долзарб муаммолардан ҳисобланади. 2022 йилда қандли диабет билан касалланганлар сони 800 миллион нафардан ошди, шуларнинг ярми етарли даражада даволанмаган. Шу билан бирга, дунё бўйлаб бир миллиарддан ортиқ одам семизликдан азият чекмоқда. Қандли диабет ва семизлик бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, улар юрак-қон томир касалликлари ва буйрак етишмовчилиги каби жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертлар қўмитаси 2-тур қандли диабетни даволашда  глюкагонга ўхшаш пептид-1 (ГПП-1) рецепторларининг агонистлари деб номланувчи дори воситалар гуруҳидан фойдаланишнинг афзалликларини исботловчи илмий далилларни таҳлил қилди. Айниқса, юрак-қон томир ёки буйрак билан боғлиқ хасталиклар мавжуд бўлган ҳолларда ушбу дори воситалари: қондаги шакар миқдорини яхшироқ назорат қилишга ёрдам беради, юрак ва буйрак асоратлари хавфини камайтиради, вазнни камайтиришга кўмаклашади. Тавсияларни қабул қилишдан олдин Қўмита жами 59 та аризани кўриб чиқди ва ҳар бир дори воситасининг самарадорлиги ҳамда хавфсизлиги бўйича мавжуд илмий далилларни таҳлил қилди. Таълим, фан, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларидаги таниқли мутахассислардан иборат эксперт комиссияси ҳар икки йилда бир марта соғлиқни сақлашнинг янги муаммоларини ҳисобга олган ҳолда, самарадорлиги юқори дори воситаларини рўйхатга киритиш чораларини кўриб боради.

  • 9 Сентябрь, 12:30
  • Батафсил
not found

Қирғизистондан катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб келган шахслар ушланди

Қирғизистондан йирик миқдордаги психотроп моддалар олиб келган шахслар қўлга олинди, дея хабар бермоқда  «Хавфсизлик» канали. Унда айтилишича, Наманган шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган, муқаддам Жиноят Кодексининг 246 ва 251-1-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир қилган шахс қирғизистонлик танишига алоқага чиқиб, катта партиядаги дори воситаларини етказиб беришини сўраган. Ўз навбатида Қирғиз Республикаси фуқароси 16 минг 755 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини айланма йўллар орқали Косонсой туманига олиб келиб, хуфия жойга қолдирган. Наманганлик шахс эса ушбу дори воситаларини Косонсой туманидан Наманган шаҳрига келтириб бериши учун ўзининг ҳамшаҳарига 500 минг сўм ваъда қилган. ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда курьер дори воситаларини хуфия жойдан олиб кетаётган вақтида ушланган. Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, буюртмачи ҳам процессуал тартибда қўлга олинган. Ҳозирда ушбу 2 нафар фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 1-қисми ва 251-1-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Шу каби яна бир ҳолат Фарғона вилоятида ҳам аниқланган. Унга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Қўқон шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган, муқаддам Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир қилган шахс ўзининг «Tracker 2» русумли автомашинасида «Фарғона–Қўқон» йўналишида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилган. Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 11 минг 200 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги фош қилинган. Терговга қадар текширув давомида, ушбу дори воситалари Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинганлиги аниқланган. Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 1-қисми ва 251-1-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.  

  • 8 Сентябрь, 17:45
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech