11:47 (31.07.2024)
686
Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари ва боғча ўқувчиларининг тўртдан бир қисмидан кўпроғида тиббий кўрик натижаларига кўра турли касалликлар аниқланган.
Бу ҳақда 30 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров маълум қилди. У болалар ва ўсмирлар орасида касалликлар профилактикаси ҳамда уларни даволаш борасидаги ишлар юзасидан маъруза қилди.
1 июль ҳолатига кўра, 5,9 миллион нафар мактаб ўқувчиларидан 5,7 млн нафари (96,5 фоиз) тиббий кўрикдан ўтказилган, улардан 1,3 млн нафарида (27,9 фоиз) турли касалликлар аниқланган. Вазир вазифасини бажарувчининг таъкидлашича, 81 фоизи даволанишдан кейин тузалиб кетган. 2 млн нафар боғча тарбияланувчисидан 1,3 млн нафари (63,5 фоизи) ҳам тиббий кўрикдан ўтказилган, уларнинг 26 фоизида касалликлар аниқланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари энг кўп учрайдиган касалликларни санаб ўтди, уларга, хусусан, 28,4 фоиз ҳолатда қон ва қон яратиш аъзолари касалликлари, масалан, анемия, қоннинг таркибий тузилмасидаги ўзгаришлар киради. Кейинги ўринларда нафас олиш, овқат ҳазм қилиш (6,9 фоиз) ва эндокрин тизими касалликлари (5,4 фоиз) туради.
Унга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 12,93 млн нафар 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар (жами аҳолининг 35 фоизи) истиқомат қилмоқда.
Бундан ташқари, болалар ва ўсмирларнинг ногиронлигига олиб келадиган касалликлар ҳам таҳлил қилинган. Биринчи ўринда асаб тизими касалликлари (27,8 фоиз), шу жумладан, периферик асаб тизими касалликлари ва болалар церебрал фалажи (СМА) туради. Иккинчи ўринда туғма аномалиялар туради: текширилганларнинг 17 фоизида туғма юрак нуқсонлари аниқланган. Учинчи ўринда эса руҳий ва хулқ-атворнинг бузилиши, ақлий заифлик (3,6 фоиз) туради.
Бундай касалликлар кўпроқ Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида учрайди.
«Бу ерда педиатрия хизматини ва ёрдамни кучайтириш керак, деган хулосага келдик», — деди Асилбек Худаяров аҳолини профилактик скрининг билан қамраб олишни кенгайтириш зарурлиги ҳақида гапираркан.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари, шунингдек, ирсий касалликлар, жумладан, орфан (кам учрайдиган) касалликлар бўйича 2024 йилнинг биринчи ярмидаги селектив скрининг натижаларини ҳам тақдим этди. Текширув хавф гуруҳидаги 1314 нафар янги туғилган чақалоқларда ўтказилган. Уларнинг 29 нафарида ирсий касаллик ривожланиш хавфи борлиги, жумладан, 8 нафарида Гоше, (марказий асаб тизимидаги ўзгаришларга олиб келадиган метаболик касаллик), 9 нафарида Помпе (бутун дунё бўйлаб мушак ва нерв ҳужайраларининг шикастланиши билан боғлиқ касаллик) борлиги аниқланган), 10 нафарида Ниманна — Пика касаллиги ва бошқалар аниқланган.
Бугунги кунда 6 минг 526 нафар кам учрайдиган ирсий касалликларга чалинган бемор бепул даволанмоқда (бюджетдан 35 млрд сўм ажратилган), деди Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи. Келгуси йилда даволаниши давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган касалликлар қаторига яна 7 та орфан касалликни киритиш режалаштирилган.
2023 йилда 2 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларда гельминтоз (гижжа касалликлари) профилактикаси бўйича 5,3 млн (83 фоиз) болада скрининг ўтказилган, уларнинг 5,1 фоизида гижжа тухумлари борлиги аниқланган. 6,2 млн болада профилактик мақсадларда дегелминтизация тадбирлар ўтказилган, деди Худаяров.
2024 йил бошидан буён 2 млн бола скринингдан ўтказилган, улардан 186,9 минг нафарида (9,3 фоиз) гижжа тухумлари борлиги аниқланган.