Янгиликлар

not found

Янги тизим: Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказишдаги ўзгаришлар

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш жараёнларини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди. Буйруққа асосан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали давлат хизматларини кўрсатишнинг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини тўғридан-тўғри кузатиб бориш тартиби такомиллаштириб борилиши белгиланди. Имтиҳон саволлари базаси соҳадаги ўзгаришларга кўра, ҳар йили 1 сентябрга қадар мунтазам равишда янгилаб борилади. Шу билан бирга, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, олий тиббий таълим муассасалари, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, Республика ихтисослаштирилган илмий ҳамда илмий-амалий тиббиёт марказлари ва илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига қуйидаги вазифалар юклатилди: ✔️тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида фаолият юритаётган шифокор ва фармацевтларни амалдаги малака тоифасининг муддати тугашидан олти ой олдин навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтиши лозимлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиш; ✔️тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш тартиби билан таништирилиши ҳамда аттестациядан ўтиш учун ҳужжат топшириш бошлангунга қадар уларнинг малака оширишини ташкил этиш; ✔️тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтиши учун ҳужжатларини тайёрлаши ва ўз вақтида топширишига зарурий шарт-шароитлар яратиб бериш; ✔️тиббиёт ва фармацевтика ходимларини ўз вақтида аттестациядан ўтишини таъминлаш мақсадида малака тоифасига эга бўлган ва бўлмаган мутахассисларнинг доимий мониторингини юритиш; ✔️малака тоифасига эга бўлган ва бўлмаган тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимлари тўғрисидаги маълумотларнинг йиллик таҳлилий жадвалини ўрнатилган тартибда кейинги йилнинг 1 февралига қадар Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш марказига топширилишини таъминлаш. Янги тизимнинг асосий афзалликларидан бири шундаки, эндиликда тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ҳужжат топшириш ҳамда аттестациядан ўтиш учун ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб пойтахтга келишига барҳам берилди. Ҳужжат топшириш ва имтиҳондан ўтиш жараёнида инсон омили аралашувини минималлаштириш орқали коррупция хавфи ва элементлари бартараф этилди. Шунга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимнинг барча бўғинидаги муассаса раҳбарлари бу ҳақда доимий равишда тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини олиб бориши лозимлиги ҳамда барча турдаги фирибгарлик ҳолатларини олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриши белгиланди. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази ҳузуридаги малака тоифасини бериш бўйича ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари раислари ва аъзолари аттестацияларнинг ўз вақтида ҳамда белгиланган талаблар асосида адолатли ва шаффоф ўтказилишида шахсан жавобгар этиб белгиланди. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси етук ва чуқур билимга эга, халқаро майдонда рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

  • 3 Июль, 13:03
  • Батафсил
not found

Иссиқ ҳавода нима истеъмол қилиш керак?

Иссиқ ҳавода организм витаминларга бой овқатларга муҳтож. Бу ҳақда овқатланиш бўйича мутахассис Камил Вильданов маълумот берди.  "Ёзги жазирамада овқатланишнинг биринчи қоидаси рационга табиий антиоксидантларни қўшишдир, масалан, C ва Е витаминлари. Улар ҳужайраларни юқори ҳарорат туфайли юзага келадиган оксидловчи стрессдан ҳимоя қилишга ёрдам беради", деди мутахассис. Унинг сўзларига кўра, В витаминлари энергия бериш ва ўзини яхши ҳис қилишда ҳам муҳим рол ўйнайди. Мутахассис етарли миқдорда сув ичиш муҳимлигини  ҳам таъкидлади. Бу гидрацияни сақлаб қолиш учун зарур бўлган асосий элемент ҳисобланади ва иссиқ ҳавода сув истеъмолини сезиларли даражада ошириш керак. Рационга сувни ўз ичига олган маҳсулотларни киритиш муҳимдир. Улар орасида тарвуз, бодринг ва селдерей биринчи ўринда туради. Чиа уруғлари ҳам танани намлаш учун фойдалидир, шунингдек, калий ва магнийга бой кокос суви танадаги электролитлар мувозанатини сақлашга ёрдам беради. "Ўз рационингизга кам ёғли йогуртни қўшишни унутманг; у соғлом ичак микрофлорасини сақлашга ёрдам беради, жуда кўп сувни ўз ичига олади ва организм томонидан осон сўрилади", - маслаҳат берди эксперт. Ялпиз тана ҳароратини янгилайди ва пасайтиради, кинза танани детоксификация қилишга ёрдам беради. Қовоқ ва кабачка танани С витамини ва калий билан тўйдиради. “Aммо ёзнинг энг муҳим антиоксидантлари яшил ва занжабил чойидир. Кофеин мавжудлигига қарамай, яшил чойни иссиқ ҳавода ва совутилган ҳолатда исган яхши. Занжабил чойи овқат ҳазм қилишни яхшилашга ёрдам беради ва тетиклантирувчи таъсир кўрсатади», - дея хулоса қилди мутахассис.

  • 3 Июль, 12:00
  • Батафсил
not found

Австралияда янги қонунга кўра, энди электрон сигареталар дорихоналарда сотилади

Aвстралияда электрон сигаретларни сотиш бўйича янги қоидалар кучга кирди, энди уларни фақат дорихоналарда сотиб олиш мумкин. Ушбу чеклов қурилмаларнинг ёшлар орасида тарқалишини камайтириш учун киритилган. Ўтган ҳафта қабул қилинган қонунга кўра, электрон сигареталар фақат дорихоналарда сотилади ва 18 ёшдан кичиклар қурилмани сотиб олиш учун шифокор рецептини кўрсатиши керак бўлади. Қонун 3 ойдан кейин кучга кириши кутилмоқда. Бироқ, октябрь ойига қадар 18 ёшдан ошган шахсларга ҳам электрон сигарет сотиб олиш учун рецепт керак бўлади. Ўтган йилги маълумотларга кўра, 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшларнинг тахминан 22 фоизи камида бир марта электрон сигарет истеъмол қилган. Дорихоналарда сотишдан ташқари, қонун никотин концентрациясини чеклашни назарда тутади ҳамда фақат ялпиз, ментол ва тамаки лаззатларига рухсат берилади.

  • 3 Июль, 09:00
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech